Исроф – кулфат дояси

34

Ҳеч эътибор берганмисиз? Етмиш-саксон ёшдаги нуронийлар нон ушоғини пешонасига суради. Боиси, болалигида шу ушоққа зор бўлган. Янги либос туҳфа қилсангиз, тинмай дуо қилади. Илло, ёшлигида йиртиқ-ямоқ кийимда юрган. Кошонага кирар экан, шукрона айтади. Зеро, лойсувоқ уйда, намат устида вояга етган.

Бугун аксариятимизнинг музлаткичимиз ноз-неъматга тўла. Дастурхонимиз тўкин. Либосимизга озгина доғ тегса, чиқиндига ташлаймиз. Ўтган йили кийганимизни бу йил эгнимизга илгимиз келмайди. Хонадонимиздаги мебеллар-у жиҳозларни ҳам ҳар йили алмаштиргимиз келади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида бу неъматларни тежаб, исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган. «Исроф» сўзи арабча бўлиб, унинг маъноси «ҳар бир ишда ҳаддан ошиш» маъносида келади. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони Каримда исрофнинг нақадар ёмон иллат экани ҳақида ўнлаб оятлар бор.
Аллоҳ таоло айтади: «Еб-­ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз!». Дастурхонимизни турли ноз-неъматлар билан безаётган чоғимизда маҳалламизда, кўчамизда, юртимизнинг қайсидир бурчагида қайсидир бева-бечора, етим-есир қаттиқ нон кавшаб ўтирган бўлиши мумкинлигини ўйлаймизми? Ортиб қолган таомни чиқиндига ташлаётганимизда унинг меҳнат ва машаққат эвазига келганини ҳис қиламизми?
Донишмандларнинг айтишича, исрофгарчилик инсон ҳаётига кулфат олиб келади. Уни қашшоқ ва бахтсиз этади. Халқимиз орзу-ҳавасли халқ. Аммо орзу-ҳавас деганда нимагадир фақат тўкин дастурхон-у, дабдабани тушунадиган бўлиб қолганмиз. Болаларимизни билимли қилиш, яқинларимизни бахтли кўриш, атрофдагиларга яхшилик улашиш ҳам орзу-ҳавас, аслида.
Ислом дини инсонларни жамиятдаги барча қатламларга бирдай муносабатда бўлиш, қариндош-уруғлар, ҳаётда қийналиб қолган фақир ва мискинлар, ўзи юртида бой киши бўлса ҳам сафарда иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолга тушиб қолган йўлчиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишни, эҳсон ва садақалар беришни буюради. Бу ҳақларни адо этиш эса Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ўзига У зот томонидан ато қилинган неъматларнинг шукрини адо этиш омили ҳамдир. Аммо бу ишларда исрофга бориш мутлақо ярамайди, чунки исрофгарчилик жамиятларда, хонадонда танглик ва етишмовчиликларни келтириб чиқаради.
Исрофнинг чегараси катта: кимдир маросимларни тежамсиз ўтказади, кимдир электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатади, яна биров вақтни, умрни бефойда ўтказади, меҳнат қилиш ўрнига фойдасиз ишлар билан шуғулланади, соғликнинг ­қадрига етмайди, оиладагилар меҳрини суиистеъмол қилади, жамоада ўзига топширилган вазифани лозим даражада бажармайди, жамиятга фойда келтириш ҳақида ўйламайди, фарзандига тўғри тарбия бермайди. Буларнинг барчаси исроф, аслида.
Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи айтади: Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ.
Улуғлар сўзидан ҳар биримиз ибрат олишимиз лозим. Бизга ато этилган ҳар лаҳзанинг, ҳар неъматнинг қадрига етайлик. Уни яхшилик йўлида сарфлайлик.

Ўктам ҚУРБОНИЁЗОВ,
Амударё туманидаги
«Нўғой эшон» жомеъ масжиди
имом хатиби

Бошқа хабарлар