ТОҒ ОДАМИ

168

(Ҳикоя)

— Ота, энди қишлоққа кўчсак ҳам бўлар.

— Кўчиш қочмас. Бор, молларга қараб кел. Отларни камардан яқинроққа олиб келиб боғла.

— Қўйинг, ота, шу ишингиз менга ёқмаяпти. Негадир юрагим ғаш.

— Ақл ўргатма. Айтганимни қил.

— Ҳамма қишлоққа эниб кетганига ҳафтадан ошяпди. Биз ҳали тоғда…

— Сенга нима дедим. Бор! Милтиғингни олвол. Жондор бўлиши мумкин.

 — Бир нима деса бақириб берасиз. Эрта-индин қор тушиб қолса, ундан ёмони йўқ. Ҳавонинг авзойини қаранг.

— Сўз берганман, устидан чиқмасам, ким деган одам бўламан, ўғлим. Қуруқ қўл билан қишлоққа… Э, бор-э, ишингни қил. Сен буни тушунармидинг…

— Бунақада совуққа қолиб, саргардон бўлишимиз қолувди, — Сардор ён тарафдаги ёғоч қозиққа осиғлиқ турган милтиқни юлқиб олиб, жаҳл билан чиқиб кетди.

— Шу тилсиз маҳлуқ билан қасдлашиб нима топаркан…

Юзи қуёшда қорайган, елкалари кенг, гавдаси бесўнақай бўлса-да эпчил, пешонасини рўмол билан чандиб, устидан қишин-ёзин телпак кийиб юрадиган Қодир чўпон фонус хира ёритиб турган, тўрт девордан иборат томчасидан ташқарилади. Қўй-қўзилари тошдан тикланган ҳойҳотдек қўрага қамалган, яқинда туғилган қўзичоқлардан бири энасини излаб марайди. Қўйлар ҳам нотинч — бир офатнинг бошланишини сезгандай дам-бадам ҳуркиб, уюм бўлиб турар, атрофга жовдираган кўзлари тун қоронғусида ёнарди.

Зим-зиё тун. Ёнингдаги одамни кўриб бўлмайди. Милт этган юлдуз йўқ, изғирин совуқ бошланган. Шамол қибладан.

 “Бир бало ёғади. Ишқилиб қор тушиб қолмасин-да. Шундан сўнг молларни қишлоққа олиб тушишнинг азобини кўравер… Нима бўлгандаям охири бахайр бўлсин”.

Чўпон бидирлаганча елкасини эшик гардишига қўйиб, кўзларини қоронғуликка тикди. Қулоғига орқа тарафдаги булоқ сувининг шилдираши чалинди. Эсини танибдики, шу қўра, шу булоқ унга қадрдон. Ёшлигидан отасининг ортидан қолмай юрар, мол боқишга, овчиликка қизиқарди. Кўклам чиққандан отаси молларини ҳайдаб, шу қўрага кўчиб келарди. Ўзлари яшайдиган қишлоқ бундан ўн беш чиқиримча қуйида эди. Бу жойларга фақат яйлов дардида чўпонлар кўчиб келар, қишга яқин яна уйларига қайтишарди. Дам олиш кунлари акаларига йиғлаб туриб олар, натижада, улар уни бу ерларга олиб келишга мажбур бўларди. Бундай пайтда қувончи ичига сиғмас, отасининг ортидан қолмай баланд қояларга чиқишга қизиқарди. Уйдан туриб, бу қояларга тикилганча хаёл сурарди. Осмонни шу қоялар тутиб турган бўлса керак… Лекин бу қояларга ҳам чиқди. Узоқ-узоқлардаги бундан-да баланд қояларга кўзи тушиб, ўйга толарди. «Осмоннинг ҳақиқий устуни ўшалар бўлса керак…”.

Аста-секин улғайди. Ҳамма нарсага ақли ета бошлади. Ҳа, болалик қизиқ давр экан. Дунёдаги ҳамма нарса кўзига сирли туюларди. Тагига етишга ҳаракат қилар, отасини турфа саволлар билан кўмиб ташларди.

— Бу тоғлар қаердан пайдо бўлган?

— Худонинг каромати, болам.

— Худо ким?

— Миржалол раисдан фарқли, ҳаммани бошқарадиган одам.

  Қандай бошқаради?

— Ҳали ёшсан, болам. Катта бўлсанг, тушуниб оласан.

Ўшанда ёш бола бўлганига афсус қилиб кетар, отасига зимдан ҳавас қилар, бу тоғларнинг сир-синоатини тушунади, деб ўйларди. Тезроқ вояга етишни, ҳамма нарсага ақли етишини истарди. Шу истакда улғайди…

Мактабда ҳам аъло баҳога ўқир, устозлари, тенгқурлари ўртасида ҳурмати ҳам шунга яраша эди. Лекин бир сафар математика ўқитувчиси билан… Ўшанда ҳам ғурури устун келиб, ўқишни бутунлай ташлаб, чорвага берилганди.

Эслайди, олтинчида ўқирмиди… Шу йили мактабга янги келган ёш ўқитувчи доскада мисол еча туриб, жавобини чиқаролмай шошиб қолади. Сал аввал ечиб бўлган Қодир, устоз, у йўл биланмас, манави йўл билан ечилади, деб дафтарини кўрсатади.

— Сендан сўрамадим қандай ечилишини, — ўқитувчиси терслик билан жавоб бериб, бошқа мисолга ўтиб кетади.

— Сизнинг қўлингизда ўқигандан кўра, мол боққаним бўлсин, — дея у дарсдан чиқиб кетади.

Икки акаси ўқиб, ҳозирда шаҳарда нуфузли олийгоҳларда дарс беради. Отаси унинг ҳам ўқиб, катта одам бўлишини истаган, лекин ўша воқеадан сўнг “ўқиган шундай бўлса, ўқимаганим бўлсин” деган жавобни олгач индамай қўйганди.

Икки ҳафтача бурун тоғда қўнғир бўри пайдо бўлганди. Кимнингдир дайди ўқига дучор бўлган шекилли, бир қулоғи осилиб қолган. Шунинг учунми, чиноқ бўри деган ном олган. Баъзилар бугун бу дарада кўрса, эртаси тўрт беш чақирим наридаги дарада бошқа биров учратганини айтади. Одамлар билан ғашиққан шекилли, қўйларини тезтез қийратиб кета бошлади. Айниқса, Ғози чўпоннинг гапи ҳаммани қўрқитиб қўйди. Тоғдан эшакда бир ўзи келаётганда олдидан чиқиб, ташланибди. Ҳалиям қўлидаги милтиғи ўқланган экан. Шартта тўғрилаб, отибди. Не тасодиф, ўқ отилмай қолган, бўри зумда ғойиб бўлган. Чиноқ бўри ҳақидаги миш-мишлар болалаб, ҳамма қўрқувга тушди. Тезда қиш тушаётганини баҳона қилиб, қишлоққа эниб кета бошлашди. Икки кун бурун Қодир чўпон ҳам қолган уч-тўрт ҳомсоялари билан қайтишга тайёргарлик кўра бошлаганда, кечаси чиноқ бўри ҳовлисидаги отаридан бир неча совлиқни бўғизлаб, бирини олиб кетганди. Дарҳол қолган чўпон-чўлиқлар йиғилгач, у жаҳл устида — бўрини тутиб, терисини шилиб, уйимнинг остонасига обориб тўшамагунча қишлоққа кўчмайман, — деб сўз бериб қўйган.

Тоғ одами мард келади.

Бир гапни айтдими — қайтиш йўқ!

Сўзидан қайтган — ўзлигидан қайтган билан тенг!

Кун бўйи уни излаб тоғма-тоғ изғиди. Бўри макон тутиши мумкин бўлган ҳамма адирни текшириб чиқди. Баъзи жойлардаги бўрининг панжа изларидан бўлак ҳеч нарсани учратмади.

Тоғни тоғлик яхши билади. Қайда ўнгир бор қайда жарлик! Лекин бўри қавми ундан-да яхши билади. Хавфни олдиндан сезиб, бошқа жойдан макон топишга улгуради.

Ташқарига милтиллаб тушиб турган фонус ёруғида нимадир жимирлади. Хаёли бўлинди. Эшик рахига тиралиб турган кафти ҳўлланганини ҳис этди.  Сергакланиб, атрофга аланглади. Бир ҳолатда туриб қолганини кўриб, “хаёл қурсин” дея ғўдранди. Кафтини очиб, қўлини ташқарига тутди. Кафти тезда ҳўлланиб қолди. Эътибор бериб қаради. Жимирлаб нимадир ёғарди. Ёмғир. Синчиклаб кузатди. Йўқ, ёмғир эмас. Қор… Қор зумда тезлашиб, шивалаб ёға бошлади. Бадани жунжикиб кетди. Энди қандай қилиб қишлоққа эниб олади…

— Сардор, — бақириб юборди. Тун сукунати ичра баланд қоялар узра овози акс-садо берди.

«Сардо-о-ор…»

Бўғиқ товушини шамолнинг увиллаши ютиб юборди…

Изғирин совуқ авжига чиқди. Очиқ эшикдан қор учиб кириб, остонани ҳўллаб ташлади. Қодир чўпон эшик тутқичидан ушлаб ёпиб, орқаси билан суянди. Совуқ юз-кўзини аёвсиз чимчилар, борган сари азои-баданини зирқиратарди. Шундагина бир оз ўзига келиб, эгнига разм солди. Юпун кийимдалигини англади. Ичкари кирди. Пахталигини шошиб кийиб, отасидан мерос чакмонни эгнига илди…

Тошқўрадан бошини чиқариб, мўралади. Қўйлар қатор тизилиб, бурчак-бурчакка тиқилиб олган, эчкилар совуқ ўтганидан аччиқ марарди. Нима қилиш керак. Боши қотганидан жойида туриб қолди. Моллар қирилиб кетмаса, гўргайди. Ишқилиб қор эртароқ тугасин-да.

Лекин ўчакишгандай қор баттар авж қилар, атрофдаги бодомларнинг шохларини силкитиб ўйнаётган изғирин ғув-ғув деган овоз чиқарарди. Эчкилар инграгандай марай бошлади. Қўйлар ҳам жўр бўлиб қўяр, шамол ерга тушган қорни ҳам тинч қўймай супириб, бурчак-бурчакка — қўйларнинг устига ёпириб ташларди.

Руҳи тушиб томчасига қайтди. Нима бўлса бўлди, дегандай қўлини асабий силкиб қўйди. Чакмонни ечиб, устига ёпди-да кўрпачага чўзилди. Совуқ борган сари авж қилиб, туйнуклардан изиллаб кирар, юз-кўзини чимчилаб ўтарди. Телпагининг қулоқчинини тушириб, бостириб кийди. Қизариб кетган қулоқлари бир оз илигандай бўлди. Кафтини кафтига ишқаб, куфлай бошлади. Музлаб қолган қўлларига қон югурди. Ўзини чалғитиш мақсадида яна болалик хаёлларига берилди. Совуқданми, дардли хотира таъсириданми кўзларидан ёш юмалаб, кафтига тушди…

Ўшанда катта опаси ўғилларига суннат тўй қилаётганди. Айни мактабдан кетган вақтлари. Уч ойдан ортиқ вақт ҳам ўтган. Ёзнинг ўрталари. Ота-бола тоғдан қизил биясининг яқингинада бирга тўлган боласи — саман қашқа тойчоқни ушлаб келиш учун, шошилинч йўлга тушишди. Унинг биринчи бор юксакликка кўтарилиши эди. Қанчалар орзу қиларди-я бу тоққа чиқишни. Ўнқир-чўнқир сўқмоқ йўллардан баландга кўтариларкан, бақиргиси, югуриб ўйнагиси келарди. Қани унинг чўққига чиқаётганини дўстлари — Зариф, Нодир бир кўришса… Шу пайтда ундан-да бахтиёр одам йўқ эди. Лекин отаси қўлидан маҳкам ушлаб олган, ўзидан ажратмасди. У эса бу кенгликларга сиғмай, қийқирмоқчи бўларди…

Тўсатдан оёқ остидан какликлар галаси кўтарилар, у ортидан ҳавас билан тикилиб қоларди. Отаси милтиқ бўлса-да отмасди. У ҳайрон бўлиб сўраганда ҳозир курк вақти, отиш увол, дея жавоб олганди. Ота-бола Бешбармоқота чўққиларига кўтарилганда қуёш ҳам Ғарб томон оққан, кун чошгоҳдан ўтаётганди. Иккиси бир оз нафас ростлашди. Тоғнинг орқа тарафида ҳам қишлоқлар ястаниб ётганини кўриб, унинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Демак, бу жойларда ҳам бизга ўхшаган одамлар яшарканда…

— Бу қишлоқда тожиклар яшайди, — деганди отаси ўшанда. — Анави туман —  Айдаркўл. Узоқдан туман бўлиб кўринади. Анави эса ғор…

Бундай гўзалликка маҳлиё бўлиб тикиларкан, кўзларидан ғайрат жилваланарди. Тарвақайлаб кетган арчалар, турфа шаклдаги баланд қоялар, ҳар хил гиёҳ ўтлар… Бешбармоқота ҳам узоқдан кичкина кўринаркан. Отаси бир ўтни юлиб, буни қишлоққа борганингда Козим бованга обориб бер. Бодига даво, деди. Қоронғу тушгунча излашди. Отлардан дарак йўқ. Отаси негадир ғамгин эди. Унинг ҳайрон қараганини кўриб: “Одамларга неварамга той атаб қўйганман деганман. Тўй куни етаклаб бормасанг ҳисоб эмас. Тополмасак ким деган одам бўламан, ўғлим” деганди отаси. Сўзнинг қудратига ўшанда лол қолганди. Отасидек зўр одамни ҳам мунғайтириб қўйди-я. Охири умидсиз қайтишаётганда узоқда отлар галасига кўзлари тушди…

Кафти билан юзини силади. Юзи ҳўлланиб, музлашга ҳам улгурибди. Ёстиқ ҳам нам, муздек. Шундагина кўзларидан шошқатор ёш оқаётганини илғади. Сергакланиб, атрофга қаради. Фонус ҳамон хира ёритиб турарди…

Яқингинада бўри увлади. Чўпон сергак тортди. Осиғлиқ турган милтиғини қўлига олиб, ташқарига отилди. Қўранинг орқасига шошилди. У жойда зовур бор эди. Ҳар эҳтимолга қарши деб шу зовурни қазиб қўйганди. Мабода бирорта йиртқичнинг  отарга оралаш ҳавфи бўлса, шу зовурга тушиб пойларди. Баъзан ҳавфдан бехабар йиртқич, ўққа дучор бўларди…

 Бу совуқда жондор, албатта, отарга оралайди деб ўйлади у. Бугун уни отиб аламимдан чиқмасам, одам эмасман. Унинг касофатига қорга қолиб ўтирибман. Отарни ҳам қийнаб қўйдим. Сўзимнинг устидан чиқар пайт келди.

Бўри яна увлади. Бу сафар шундоқ қўранинг биқинидан эшитилгандай бўлди. Демак, яқин келиб қолди. Бугун жаназанг ўқилади, шивирлаб қўйди у зовурга йиртқич сезиб қолмасдан тезроқ тушиб олишни ўйлаб қадамини тезлатаркан, пичирлади: “Келавер! Келавер! Ажалинг етди!”…

…Сардор қир ортидаги отларни ечиб, тошқўранинг ёнига боғлаганда, уйда ҳамон фонус хира нур сочиб турарди. Секин яқин келди. Ичкарида ҳеч ким йўқдай сокинлик ҳукм сурарди. Энди кирмоқчи эди, отасининг қисқа йўталгани эшитилиб, жимиб қолди. Ухлаб қолибди, ўйлади у. Кун бўйи тоғма-тоғ юриб чарчаган. Кирсам уйғониб кетиши мумкин. Қор ёққанидан ич-этини тирнаб, базўр кўзи илинган бўлса керак. Дарди ичида отам бечоранинг! Дам олгани маъқул.

Сардор қўра томон одимлади. Қўйлар бир-бирининг пинжига тиқилиб, эчкилар уларнинг остига кириб кетган, кўзлари жавдираб, марарди. Жаҳлдан кўзлари қинидан чиққудай бўлди. Қўллари қалтираб кетди. Шу вақт бўрининг увлаган овозини эшитди-ю… Ўзича гапиринди:

 — Бугунги изғиринда жондор изғийди. Отиб, бошига етмагунча отамни бу жойдан қимирлатиб бўлмайди.

 Боя гап қайтариб ранжитганига ичдан пушаймон эди. “Отамни уйғотиб ўтирмайман. Жондорнинг терисини шилиб, кутилмаган совға қиламан!” Милтиқни маҳкам чангаллаб, тошқўра панасида кута бошлади. Жондор яқингинада увлади. Қоронғуликка ўрганган кўзлар ўттиз қадамча наридан қора кўланканинг яқинлашаётганини илғади. У тезлик билан қўра деворига пусиб келарди. “Айёр маҳлуқ, шумлигинг бошингга етади энди”. Шивирлаб, эҳтиёткорлик билан милтиқни тўғрилади.  Тезроқ отмаса қўлдан чиқариб қўйиши мумкин. Ишқилиб мўлжалдан адашмасин. Биргина шу жондорни ўлдирса, отасини елкасидаги юкдан озод қилади… Тепкини қандай босганини билмай қолди.

—А-а-аҳ, — бўри инсонлар каби овоз чиқариб қулади. Сардор шошиб қолди. Тош деворга осилди-ю нариги тарафга гурсиллаб ағдарилиб тушди. Қаддини ростлаб чопди. Типирчилаб ётган қорага етиб бориб, инграб юборди.

 Қодир чўпон осмонга тикилганча ётар, чопонининг қонталаш бўлган ўнг енги титилган, лаблари “Ҳайрият, ҳайрият, асради” деб тинмай пичирларди.

— Ота-а-а!!!

Сардор ҳўнграб йиғлаб юборди…

Бу вақтда бўрининг увлаган овози тобора узоқлашиб борар, совуқ анча пасайиб, қор тўхтаганди. Паға-паға булутларга қоп-қора қўрқинчли тус бериб, ой ҳам кўринди. Узоқ-ёвуқ юлдузлар ҳам кўзга ташлана бошлади. Шамол парчалаб юборган булутлар орасидан чарақлаб бир юлдуз кўзга ташланди. У милт-милт этди-ю, бирдан  ойдан-да ёруғроқ нур таратиб туриб қолди…

Салим АБДУРАҲМОН

Бошқа хабарлар