Уни ҳаёт шарбати дейдилар…

87

Чой фақат чанқовбосди ичимлик эмас, айни вақтда шифобахш хусусиятларга ҳам эга. Жумладан, у кишига яхши кайфият бағишлайди, тетиклаштиради, асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади, бош мия пўстлоғини қўзғатиб, қон томирларини кенгайтиради.

Чой турли хасталикларни даволашда ҳам ишлатилади. Қулоқ, бурун, томоқ ва кўз оғриганда чойдан фойдаланиш мумкин. Кўз шамоллаганда аччиқ дамланган илиқ чойда чайиш фойдали, шунингдек, чой бош оғриғини қолдирувчи, қувватни оширувчи, фикрни теранлаштирувчи хусусиятларга эга. Бир қатор хасталиклар, масалан, қон оқиши, лавша, нифрит, атероскелероз, хафақон, ичбуруғ, кўкйўтал, бод, беланги, стенокардия, сариқ касаллиги билан оғриган беморларга маълум даражада чой даво ҳисобланади. Булардан ташқари, полиомиелит, меъда яраси, ўн икки бармоқли ичак жароҳати, жигар, буйрак ва бошқа касалликларни даволашда ижобий таъсир кўрсатади. Организмда туз йиғилиши, нафас йўлларининг шамоллаши, рентген нурларидан зарарланиши, офтоб уриши каби касалликларни даволашда чойнинг аҳамияти жуда каттадир. Чойнинг таркибидаги шифобахш моддалар қон томирлари фаолиятини яхшилайди, унинг мўртлашувининг олдини олади, эластиклигини оширади. Чой аъзоларимиз фаолиятининг бир меъёрида ишлашини таъминлаб туради: овқат ҳазмини яхшилайди ва юқумли касалликларга нисбатан қаршиликни кучайтиради, жинсий безларни жонлантиради. Чой юрак-қон томир тизимининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Чой, бундан ташқари, озиқлик хусусиятига ҳам эга экан. Ўтган асрда шифокорлар чой ичимлигини тўйимлилиги жиҳатидан гўшт қайнатилган шўрвага тенглаштирган. Тўғри, чой овқатнинг ўрнини тўла боса олмайди, аммо у кишига маълум даражада қувват беради.
Чой дамлаш технологиясига аҳамият бериш керак. Чой дамланган идиш бошқа нарсаларга ишлатилмагани маъқул. Чойнакка чой дамлашдан олдин у қайноқ сув билан чайилади, кейин қуруқ чой солиб, устига қайноқ сув қуйилади. Дамланган чойни қизиб турган плита устига қўйиш ярамайди. Чой яхши дам еб, иссиқ ҳолда сақланиши учун устига сочиқ ёки махсус қалпоқча қўйиш лозим. Шунда чой хўшбўйлиги, ранги ва тиниқлигини сақлаб қолади. Чой дамлаш учун совуқ сув ишлатмаган маъқул. Уларда мавжуд бўлган кальций, магний тузлари дамламанинг сифатини бузади.
Қуруқ чой ўзга ҳидларни ўзига сингдириб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун у оғзи зич ёпиладиган чинни, шиша ёки сирланган идишларда қуёшнинг тиғиз бўлган нуридан холи бўлган жойда сақланиши лозим. Ўзга ҳидли кимёвий модда (нафталин, совун, атир-упа ва бошқа)лар чойга яқин қўйилмаслиги зарур. Чойни фақат водопровод шохобчаларидан, тиндирилган сувлардан олиб дамлаш керак. Чунки ариқ, жилға, сой сувлари маълум даражада кимёвий унсурлар (нитратлар, нитритлар) ва бошқа моддалар билан ифлосланган бўлиши мумкин.
Содиқ МЎМИНОВ

Бошқа хабарлар