Йиғлаётган «табассум»

17

Навбатдаги ўқув йили якунланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Агар шароит ва имконият бўлса, таътилда кўпчилик ўқувчилар оромгоҳларда яйраб дам олишади.

Жиззах вилоятида 12 та стационар болалар оромгоҳи бўлиб, жорий йилда 9 таси фаолият кўрсатади. Қолган 3 та оромгоҳни қайта қуриш режалаштирилган.
Фориш туманида 4 та оромгоҳ жойлашган. Биз мавсумга кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан танишиш жараёнида ҳудуд жуда хунук манзаранинг гувоҳи бўлдик.
Фориш туманидаги «Дўстлик пахта тозалаш» акциядорлик жамиятига (ижара шартномаси асосида) қарашли бўлган «Табассум» болалар оромгоҳидаги аҳволни тасвирлашга тил ожиз. 25 майгача тайёр ҳолатга келтирилиб, 1 июндан болалар қабул қилиниши керак бўлган мазкур масканда умуман иш бошланмаган. Эътиборсиз, қаровсиз, ачинарли аҳволдаги оромгоҳнинг «чиройли» ҳолатига «маймунлар йиғлайди». Атрофи тўлиқ ўралмаган, тўсинлар «осмонга қараб» ётибди. Ётоқхона биноларининг «томи кетган», яъни шиферлар синган, кўчган, учган… Йўлакчалар таъмирталаб.
Юз ўринга мўлжалланган бу оромгоҳнинг ошхона, ичимлик ва оқова сув тармоқлари капитал таъмирга муҳтож. Душ, омборхона, маънавият-маърифат хонаси ва бош­­қа хоналарнинг аянчли ҳолатини кўриб, «мабодо, бу ерларда болалар «уруш-уруш» ўйнамаганми?» деган хаёлга борасиз. Тиббиёт хонасининг аҳволи ҳақида гапириш ортиқча…
Биз оромгоҳга борганимизда қоровул Юсуф Маҳмуров, хўжалик мудири Матлуба Одиловани учратдик. Уларнинг бир-бири билан баланд овозда гап талашишидан бу ердаги муҳит соғлом эмаслигини фаҳмлаш мумкин. Сансоларлик оқибатида ҳеч жойга қўл текизилмаган, битта чўп ҳам олиб қўйилмаган. Қоровул ва мудирнинг айтишича, шу кунгача масъуллар оромгоҳга 1-2 марта келиб-кетишган. Аммо ҳеч қандай натижа йўқ, ҳеч бир иш бошланмаган.
Тумандаги «Матлуботчи», «Жилғача» оромгоҳларида мавсумга тайёргарлик ишлари авжида. Бизни газчиларга қарашли «Зангори олов» оромгоҳида амалга оширилаётган катта ҳаж­мдаги ишлар қувонтирди. Демак, бу ишни уддалаш мумкин. Бунинг учун эса хоҳиш-истак, интилиш ва ҳаракат керак, холос. Буни фақат «Табассум» оромгоҳига ­масъуллар («Дўстлик» пахта тозалаш корхонаси, «Жиззах минтақавий пахта терминали» МЧЖ) умуман ҳис қилишмаяпти чоғи. Агар ҳис қилишганда эди, оромгоҳ ўз номига муносиб бўлармиди?.. Мана сизга «масъулиятли» масъулларнинг келажакка ғамхўрлиги…
Дарвоқе, Фориш туманидаги оромгоҳлар Каттабоғдон қишлоғи ҳудудида жойлашган. Оромгоҳларга олиб борувчи 6-7 километр йўл ҳам ниҳоятда таъмирталаб. Бу ҳақда ҳам мутасаддилар ўйлаб кўришса бўларди..

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар