МАТОНАТ, ЖАСОРАТ, ФИДОЙИЛИК

148


Ёшлар иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ҳақида нималарни билишади? Уларни танишадими? Тан олиш керак, бу саволнинг жавоби ҳар доим ҳам кутилганидай бўлавермайди. Ёшлар тугул, катталарнинг ҳам кўпчилиги маҳаллангиздан иккинчи жаҳон урушига борган инсонларни биласизми деган саволга тўлиқ жавоб қайтара олишмайди. Ваҳоланки, уруш қатнашчилари сафи тобора камаймоқда. Бугунги кунда Хоразм вилоятида 36 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари истиқомат қилади. Ўтган йили шу кунларда улар сафи икки карра кўп эди. Бу бизни ҳушёр торттириб, тирик қаҳрамонлар билан кўпроқ мулоқот қилишга ундайди.

Синовларда тобланган инсон

Янгиариқлик Олимбой Рўзметов бугун Хоразмда истиқомат қилаётган уруш кўрган икки муаллимнинг бири. Матонат, чидам, бардош билан ҳаёт қийинчиликларини мардоновор енгиб келаётган отахон асрни қаритиш ҳаракатида. Отахоннинг юзидаги ажинлар машаққатларнинг излари. Қалб зиёси билан қоронғу кунларни ёруғга дўндирган Олим отанинг нафақат сўзлари, босиб ўтган йўллари биз учун ибрат.

Ҳаёт уни аввал бошдан аяб ўтирмади. Бургутни чўққидан улоқтиргандай синов майдонига отиб юборди. Бир ярим ёшга тўлиб, ҳали она меҳрини ҳис қилмай, кўкрак сутига тўймай туриб етим қолди.

– Бу кўргиликлар етмагандай беш ёшимда отам ҳам қазо қилди, – дейди Олимбой ота. – Менинг тақдирим амаким Рўзи бобо қўлида қолди. Эсимни таниб танимай амаким ҳам бу ёруғ оламни тарк этди. Бутун ёшлигим бировларнинг эшигида кечди. Тўққиз ёшга кирганимда мактабга бордим. Мактаб аталмиш бинода на ўқишга, на ёзишга имконият бор, иситилмаган, ёритилмаган тор хона. Ерда ўтирган холда ўқитувчимиз берган эски китоб варақларидаги ёзувлар ораларига оқ жўхори куясига сув қўшиб ишланган сиёҳ билан ёзиб ўрганардик.

  Ўқитувчи кадрлар етишмаслиги сабабли савод чиқариши билан қишлоқ мактабларида ўқувчиларга сабоқ бера бошлаган Олимбой иккинчи жаҳон урушиниг биринчи кунларидан армия сафига чақирилди. Саратов шаҳрида қисқа муддат тайёргарликдан ўтгандан кейин артиллерия бўлинмаси сафига жангга кирди. 1942 йилнинг июлида жангларнинг бирида яраланиб, госпиталга тушди. Соғлиғи тиклагандан кейин ўқчи полк таркибида Новгород, Псков, Иваново, Смоленский шаҳарлари, ўнлаб қишлоқ ва аҳоли пунктлари учун бўлган аёвсиз жангларда иштирок этди. Ушбу хизматлари учун “Қизил юлдуз “ ордени билан тақдирланди.

 Латвия, Литва, Эстонияни озод қилиш жангларида қатнашди. Душманни чегарадан улоқтириб ташлаб, Польша, Чехословакия, Болгария тупроғида жанг қилди. 5-Армия таркибида ушбу ҳал қилувчи қақшатқич жангда иштирок қилди.

– 1945 йил 9 май куни уруш тамом бўлганлиги ҳақида хабар қилинганда қувончимиз чексиз эди. Уруш тугагандан кейин ҳам яна бир йил хизмат қилишимга тўғри келди. 1946 йилда ватанимга қайтдим, – дейди Олимбой ота.

  Олимбой ота Рўзметов урушдан қайтгач ўзининг қишлоғида ёшларга таълим, тарбия беришдек шарафли касб билан фаолиятини давом қилдирган.

 Олимбой ота ҳозирда 98 ёшини қаршилаётган пиру-бадавлат, тетик ва бақувват отахон.

Жобберган отанинг ҳикоялари

– Қариганимда бунчалик эъзоз кўраман деб ўйламагандим, – дейди урганчлик Жобберган ота Қаландаров. – Ҳар куни меҳмон. Табриклаб келаётганларнинг изи узилмаяпти.

– Улар сизни чарчатиб қўйишмаяптими?

– Нега чарчарканман, мазза қилиб гурунглашяпман. Мана, Президентимизнинг табригини олдим. Дипломатимга авайлаб жойлаб қўйгандим. Ҳар куни камида ўн марта очиб оляпман. Меҳмонларга ўқиб беряпман.

 Жобберган Қаландаров 1921 йилда бадавлат хонадонда туғилганди. Беш ёшларида бўлса керак, отасини қулоқ қилишиб, Тўрткўлга кўчиб кетишди. Болалиги турли ҳудудларда сарсон-саргардонликда кечди. 40-йилларда Урганчга қайтишди. Энди ҳаловатда яшаймиз деганида уруш нидоси янгради.

1942 йил сентябрда урушга кетдим. 1-Украина фронтида хизмат қилдим. Белоруссияда, Латвия, Литвада жанг қилдик. Қанча дўстларим жангоҳларда қолиб кетди. Неча кун қор, лой кечардик. Ётиб ухлаш тугул ўтиришга шароит бўлмаган. Бу азоблар қачондир тугашини тасаввур ҳам қилолмасдик.

Жобберган ота қайси жангда қандай жасорат кўрсатгани, кўксини безаб турган медалларни қайси жангда олганлигини аниқ хотирлаб, уларнинг тарихини сўзлаб беради.

Урушдан сўнг Жобберган Хоразм давлат педагогика институти (ҳозирги УрДУ)ни тамомлади. Янгибозор, Урганч туманларидаги мактабларда ишлади.

Жобберган Қаландаров Урганчнинг пир-у бадавлат отахонларидан. Беш фарзанд, 20 дан ортиқ невара, 30 дан ортиқ чеваралар қуршовида, шогирдлари ардоғида. У барчани тинчликнинг, дориломон кунларнинг қадрига етишга чорлайди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова, вилоят халқ таълими бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси Илҳом Ҳаитов ҳамроҳлигида иккинчи жаҳон уруши фахрийлари бўлган муаллимлар хонадонида бўлиб, улар суҳбатини, дуоларини олиб, касаба уюшмаларининг совғаларини етказдилар.

Зеро, тинчлик учун жон олиб жон берган бу инсонларга ҳар қанча эҳтиром кўрсатилса кам. Улар фаолият кўрсатган мактабларда уруш фахрийлари бурчаклари ташкил қилиш, ёшларга боболар жасорати ҳақида сўзлаб бериш, қаҳрамонлар ҳақида иншолар танловлари уюштириш, бугун орамизни тарк этган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ёд олиб хотира турнирлари, танловлар уюштириш орқали улар руҳини шод қилиш бугуннинг долзарб вазифаларидандир. Ёшлигини жангоҳларда ўтказган бу инсонларнинг ҳар бири афсонавий қаҳрамондир.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар