МУҚАДДАС АЁЛ

45


Ошиқларинг пойингта гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди,
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Аввал: «Кел-эй, қучоғимга тўл, балқ», дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс «халқ», дедилар,
Ичолмагач юз ўгириб, шўр, талх, дедилар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл, — деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим, — деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов отдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврага бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жавдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

БИЛМАСЛАР

Кўрдим, қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч пари – пайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.

Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари,
Боғларининг ширинзабон қушлари,
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.

Отлари-я, қорабайир отлари
“Гижинглайди”, деб ўйласам, додлади,
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади,
Шунқорлари кетиб борар, билмаслар.

Кузатиб бу дунёнинг ўру қирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини,
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.

Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда,
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.

ДАЪВАТ

Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,
Ёзганда кўксимга тиг уриб ёздим.
Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,
Қаламни қонимга ботириб ёздим.

Қон асли ёруглик. Ёруғлан, тиз чўк,
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса — Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!


ДЕМАККИ, СЕН ШОИРСАН

Нафақат…
Ўтсанг ёзиб,
Куз янглиғ сўлиб, озиб,
Бозиллаган чўғ босиб,
Қўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.

Олтинми
Ё олмосда,
Тиғда юролсанг, рост-да,
Итқитса, оёқ остда,
Тўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.

Нафақат
Кўтарса халқ,
Кўксингдан итарса халқ,
Пешонанг намакоб, талх,
Шўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.

Нафақат
Зар, зўрларни,
Узсанг тўсин, тўрларни,
Чайқалтирсанг гўрларни,
Гўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, сен шоирсан.

ОНА ЭЛИМ

Она элим дўстингга дўсту
Душманингга хавфу хатарман,
Жилғалардай чулдираб ўсдим,
Илдизингдан келган хабарман.

Ёнган они ё сўнган они
Кетган борми меҳрингга қониб,
Тонготарда сен деб уйғониб,
Кунботарда сен деб ботарман.

Болам дединг ҳар коримда ҳам,
Қувончиму озоримда ҳам.
Бир кун… бир кун мозоримда ҳам
Сени суйиб ўйлаб ётарман.

Сув сўрасам сен узатдинг бол,
Бир ғунчанг ҳам кетмасин увол.
Билмагин деб тоабад завол
Боғларингга бўйлаб ётарман.

Камон, ўқли бўлгин, бўлма кам,
Гўдакларинг кўрмасин деб ғам,
Ёнимдаги шерикларга ҳам
Пичир-пичир сўйлаб ётарман.

ОТАСИДАН ЎЗГАНИНИ БИЛДИРМАС

Дардин четга чиқаради қайси шер,
Она арслон озганини билдирмас.
Нодон “Тақдирни ўзим яратдим”, дер,
Қодир Худо ёзганини билдирмас.

Сиртдан боқсанг кўнгил овланаверар,
Шаҳд олдинга ташлар довланаверар,
Товус зийнатланар, товланаверар,
Патларининг тўзганини билдирмас.

Есир нонни қандай етказади-ю,
Гўдагига қандай тутқазади-ю,
Есир тунни қандай ўтказади-ю,
Етим қандай ўсганини билдирмас.

Шарқ боласи, майли ёвқур ё дайди,
“Ботир бўлсанг аввал мени енг, — дейди, —
Аввал ошиқ бўлган менман, мен!”, дейди,
Аввал қиз кўз сузганини билдирмас.

Шарқ боласи
Яссавийнинг боласи.
Дунёларни титратса ҳам ноласи,
Ундан фақат камсуқумлик оласиз,
Отасидан ўзганини билдирмас.

ВАТАН ЖИМ ТУРАДИ

Ватан жим туради, аммо у ҳақда
Тоғдан тушиб келган тош сўз айтади.
Бир садолар келар жим-жим куртакдан,
Осмондан келган қуёш сўз айтади.

Ватан жим туради, байроғи ёниб
Бошидаги туғи айтади сўзни.
Мозийлардан келиб — чир-чир айланиб,
Момомнинг урчуғи айтади сўзни.

Ватан жим туради. Саболарининг
Найларга қўшилиб бўзлари кўпдир.
Саратон. Даштдаги боболаримнинг
Пастак чайлаларин сўзлари кўпдир.

Ватан жим туради…

ЎЗБЕКНИНГ

Узун тунлар ойларданам уялган,
Аёллари толса севилиб толган.
Қора кўзи бор юракка ишқ солган,
Тоғлардаги жайронидир Ўзбекнинг.

Ойбарчини — бор Барчиндир, эртакмас,
Алпомишдан туғ олмаган эркакмас.
Дўст юкига елка тутиб, тоғи паст,
Ҳама олам ҳайронидир Ўзбекнинг.

Уйларида ғичирлайди ҳамон синч,
Нодираси мозорида ётсин тинч.
Ҳар боласи то сўнгги дам — юкингич,
У бир Каъба — вайронидир Ўзбекнинг.

Билмам Аллоҳ гул берганми, хас берган,
Не бўлса ҳам дилин сархуш, маст берган.
Нодирага каниз бўлиб сас берган
Ҳалимаси, бийронидир Ўзбекнинг.

Ерда бундай гўзал ер йўқ, ой йўқ деб
Кўнглим бир ойдинлик юқтириб турар.
“Ётмоққа бундан-да иссиқ жой йўқ ” деб,
Онамнинг мозори уқтириб турар.

ИНЖУЛАР

Тикланишнинг асосин ғам-ҳасрат беради,
Ўзига осон. У берса қат-қат беради.
Гар юкинсанг Нажмиддини Куброга юкин,
Байроқ деб жон бермоқ дарсин ҳазрат беради.

* * *

Кетган кетаверар қатор олдида,
Бор созлар чекингай бир тор олдида.
Дунёнинг бор аттор, савдогарлари
Ҳеч ким… Фаридиддин Аттор олдида.

* * *

Кўкармоқ не, билмасдим бу зумгача,
Кўклаб кетди майса қиёғимгача.
Боштин-оёқ суйиб разм солди ёр,
Гуллаб кетди боштин-оёғимгача.

* * *

Гарчанд ер юзининг қора-оқимиз,
Гарчанд ганж, гувала томи, тоқимиз.
Гўзал дунёларга бошлар йўл асли
Сизнинг билан маним иттифоқимиз.

* * *

Кетган кетгай қолганларни яролаб,
О, буюк ишқ, бор инкорни қилур даф.
Қиз қабрида қизғалдоқ очилармиш,
Йигит ўтса қабрларни оралаб.

* * *

Ўйламанг, бозорда ҳумо ё сор йўқ,
Олибсотарларда ҳар не бор, ор йўқ.
Ўмариб кетарди агар бўлганда,
Яхшики, иймонни сотар бозор йўқ.

* * *

Ҳозирлан, бир шиддат, шаҳд келаётир,
Йўлда сенмас. Кўк дарахт келаётир.
Ватан деб аталмиш қадргоҳларда,
Байроқдай ҳилпирар вақт келаётир!

***

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган.

Ўзбекистон халқ шоири (1992). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Хўрлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (Сайланма, 1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996), «Сайланма» (2000), «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган. Т.Миннуллиннинг «Алла» пьесаси шоиранинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек миллий драма театри саҳнасида кўйилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).

Шоира 2018 йил 17 август куни Тошкент шаҳрида вафот этган.

Бошқа хабарлар