РЎЗАДОРЛАР УЧУН МУҲИМ ЭСЛАТМАЛАР

85

Рўзанинг фарзлари

Рамазон ойи давомида рўза тутиш ақлли, балоғатга етган, узри бўлмаган мусулмон эркак ва аёлларга фарздир. Аллоҳ таолога холис ибодат қилиш ниятида тонг отганидан қуёш ботгунича емай, ичмай ва жинсий яқинлик қилмай туриш рўзадир.

Рўзанинг фарзлари учта: 1) ният қилиш; 2) тонг отганидан то қуёш ботгунича емаслик ва ичмаслик; 3) тонг отганидан қуёш ботгунича жимо қилишдан тийилиш.


Рўзани бузадиган ҳоллар

Барча ибодатлар каби Рамазон рўзаси ҳам бузилмасдан адо этилса, қабул бўлади. Шу боис рўзага тааллуқли масалаларни билиб олиш керак.

Қуйидаги ҳолатларда рўза бузилади ва бир кунига бир кун тутиб бериш лозим:

– рўзадор хато қилиб, оғзини очиб қўйса (қуёш ботмаганида ботди деб ўйлаб, бирор нарса еса, тонг отганида отмабди деб ўйлаб, саҳарлик қилса, оғиз чайганида ичига сув кетса ва ҳоказо);

– рўза тутганини унутиб, бирор нарса еб ё ичгач, рўзадорлиги эсига тушганидан сўнг еб-ичишни давом эттирса;

– ҳуқна (клизма) қилдирса;

– бурнига бирор нарса томизса;

– тутунни ичига тортиб, ютса;

– одатда ейилмайдиган нарсаларни ютса;

– томоғига ёмғир томчиси ё қор учқуни кирса;

– бировнинг мажбурлаши билан еса ё ичса;

– қасддан қусса ё қусуғини қайтарса;

– ўпганида ё қучоқлаганида маний чиқса;

– тиши орасидан чиққан қон кўп бўлса ва ичига кетса;

– тишлари орасида қолган нўхатдек ва ундан катта овқатни ютса, рўза бузилади.


Рўзани бузмайдиган ҳоллар

Қуйидаги ҳолларда рўза бузилмайди:

– рўзадор эканини унутиб еб-ичиш;

– сурма суриш;

– ҳижома, яъни қон олдириш;

– томоққа тутун, чанг, пашша ва қулоққа сув кириши;

– оғизга келган балғамни, тупукни ютиш;

– тишлар орасидаги саҳарликдан қолган нўхатдан кичик нарсани ютиш (агар бундай нарса кўп ва йиғилганда нўхатдан катта бўлса, рўза бузилади).


Рўзани қасддан бузишнинг каффорати

Бир қул озод қилиш, қул тополмаса, олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, унга ярамаса, олтмиш камбағални тўйдириш рўзани қасддан бузишнинг каффоратидир.

Қуйидаги ҳолларда бир кунига бир кун рўза тутиш ва каффорат лозим бўлади:

– Рамазон рўзасини тутган киши қасддан бирор нарса еса, ичса;

– жинсий алоқа қилса;

– қон олдириш, аёлини ушлаш каби рўзани бузмайдиган ишларни қилиб, рўзам бузилди деб, яна еса ё ичса.


Рўзадор учун макруҳ амаллар

– узрсиз бирор нарсани татиб кўриш;

– сақич чайнаш;

– қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар;

– қасд ила тупугини оғзида тўплаш ва уни ютиш;

– рўзадорнинг заифлашувига олиб борадиган қон олдириш каби ишларни қилиш.


Рўзани тутмасликка  узрли ҳоллар

Мусофирлик. Мусофир сафари давомида қийналса-қийналмаса, Рамазон рўзасини тутмаслиги мумкин. Лекин сафари давомида қийинчилик бўлмаса, рўза тутиши фазилатдир. Рамазон рўзасини ният қилгач, сафарга чиққан киши рўзасини очмаслиги зарур. Агар мусофир юртига кундузи қайтиб келадиган ё борган жойида муқим бўладиган бўлса, ўша куни рўза тутиши керак. Агар ўша куни рўза тутмаса, қуёш ботгунича емай-ичмай туриши вожибдир.

Касаллик. Касал киши дардининг зўрайишидан ё чўзилишидан қўрқса, Рамазон рўзасини тутмаса бўлади. Рўза тутган бўлса, дарди кучайгач, рўзасини очиб юборса, унга каффорат лозим бўлмайди. Агар касал кундузи соғайиб қолса, ўша куни ифтор вақтигача емай-ичмай туриши лозим.

Ҳомиладорлик ва эмизикли бўлиш. Ҳомилали ва эмизикли аёл рўза тутса, ўзи ё боласи қийналса, Рамазон рўзасини тутмаслиги мумкин.

Ҳайз ва нифос. Ҳайз ва нифос ҳолатида бўлган аёллар рўза тутишлари мумкин эмас. Рўзадор аёл ҳайз кўриб қолса ё кўзи ёриб, нифос қонини кўрса, рўзасини очади. Ҳайз ё нифос қонидан тонг отганидан кейин тоза бўлган аёл ўша куни рўза тутмайди, лекин ифтор вақтигача емай-ичмай туриши вожибдир.

Мусофир муқим бўлгач, касал тузалгач, ҳомиладор ва эмизикли аёл зарар хавфи йўқолгач, аёл ҳайз ё нифосдан тоза бўлгач, Рамазон рўзасидан тутмаган кунларининг қазосини тутиб беришлари лозим.

«Раҳмат ойи Рамазон» китобидан

Манба: mahalladosh.uz

Бошқа хабарлар