Ватанни билмоқчи бўлсанг – достон эшит, Ватанни севмоқчи бўлсанг – достон эшит!

128

Болалик чоғларимизда   дўконлардан достон китобларни олиб куйлаб юрганларимизни кўп эслайман. Достонларда халқ тарихи бор. Биз қандай миллат бўлганмиз – мана шу достонлар айтади. “Тоҳир ва Зуҳра”ни олинг, булар аслида кимларнинг фарзандлари эди, уларнинг ғойибона бир-бирларини севиб қолишлари, ўз муҳаббатлари учун жонфидоликлари, севги ва муҳаббати учун нималарга тайёр бўлишлари…

Ёки ”Гўрўғли” достонини нимага одамлар севиб тинглаган? Буни сўз билан тарифлаш қийин. Бизлар достонларни ёшлигимизда жон қулоғимиз билан тинглардик ва уларнинг руҳи билан тарбия олардик ҳам. Болаларнинг жасур, ўз сўзида мард бўлиб улғайишида достонлар катта ўрин тутган. Бу бизнинг болалигимиздаги рост гап.

 Хоразм, Қорақалпоғистон, Туркманистон томонларда бахшичилик ҳақиқий ашулачиликка баробар, унда авж пардалар мавжуд, у миллий қўшиқчиликнинг асл илдизларига боғланиб,  уйғунлашиб кетганини кўрамиз.

Менинг болалигим, менда асли санъатга меҳр пайдо бўлишида бахшичилик асосий омил бўлган.   Отам раҳматлик мендаги болаларча ҳавасни кўриб ўша пайтда Хоразмда анчайин кенг урф бўлган бахшиларга, айниқса Бола бахши йўлида бахши бўлишимни истаган эдилар.  Аслида менинг устозим Комилжон Отаниёзов ҳам Бола бахшининг достонларини айтиб улғайган, у  қандай бетакрор, улуғ санъаткор бўлиб етишган бўлса, бунда айнан Бола бахши ва достончилик, бахшичиликнинг жуда катта ҳиссаси бор. Ўзим ҳам жуда кўплаб бахшичилик йўлларида қўшиқлар яратдим. Бу йўлда куйлар эканман, муболағасиз айтаман, томиримда қон жўш уради, ўзимни бир қадар юксакликда сезаман. 

Юртимизда давлат раҳбарининг бахшичиликка эътибори бу жуда ҳам чуқур маънога эга. Бу миллат тарихидаги бебаҳо меросга бўлган чуқур эҳтиром деб биламан.

Бахшичиликда миллатимизнинг оғир кечмиши, ундан мардонавор ўтишга куч топа олган, бирлик ва ҳамжиҳатликдаги оталаримизнинг мардлик ва жасурлиги мужассам топган. Бахшиларимизга бииир яхшилаб қулоқ тутинг: Улар нима ҳақида куйлаяпти? Улар ҳой, болаларим, иниларим, бизлар жуда улуғ авлоднинг ворисларимиз, ота-боболаримиз жуда ориятли бўлган, Ватан учун ўлимга тик боролган, мард сўзидан қайтмаган, довюракликда дунёга номи кетган одамлар бўлган дея жар солади.

Биз муҳтарам Президентнинг қалбидаги ўтли ниятга қулоқ тутайлик, ёшларимиз бахшичиликнинг моҳиятига етсин, биз унутилиб кетаёзган бу улуғ меросни асраб қолайлик, бу ҳамма халқда ҳам бор бўлмаган санъат демоқдалар.

Бахшичилик Эронда, Туркияда, Озарбайжонда ҳам бор. Бир йили Туркиянинг Копадокия вилоятига бориб уларнинг шундай бир фестивалида қатнашиб, уларга ҳавас қилган эдим. Юрагимда бир армон ҳам пайдо бўлган эди ўшанда, нега биз хорижга чиқсак фольклор деб “Лазги” билан “Андижон полкаси”ни айтиб қайтиб келаверамиз деган. Ахир шундай достонларимиз ҳам борку, ахир. Президентнинг бу ташаббуси бизнинг санъатимизнинг яна бир бетакрор  йўналиши ҳам олам аро кенг ёйилишига туртки бўлиши шубҳасиз.  Ўшанда “Гўрўғли” достонидан бир ашула айтсам қардошларимиз ҳайрат билан тинглашган эди. Аслида санъат бу элларни, халқларни бирлаштирадиган, яқинлаштирадиган катта робита деб ўйлайман. Халқаро фестивалга ташриф буюрадиган меҳмонларимиз биздаги бахшичиликнинг гўзал намуналаридан баҳраманд бўлишар экан, бу биз учун катта бахт, деб ўйлайман.

Мени фахрлантирган нарса Юрт раҳбари халқимизга хос бўлган бу санъатнинг довруғини барча элларга, дунё миқёсида тарғиб қилишга бел боғлаганлари бўлди. Дарҳақиқат, биз бу санъатимиз билан бутун дунёга биз яхшилик истовчи, яхши ниятли, эзгуликка чорловчи халқмиз, демоқдамиз. Назаримда, бу ният барчамизни, айниқса биз санъаткорларни якдилликка, ватанпарварликка чорлаётгандек.

Ортиқ Отажонов,

Ўзбекистон, Туркманистон,

Қорақалпоғистон халқ артисти

***

Элимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 72 ёшида вафот этди.

Хонанданинг «Умр ўтар», «Лазги», «Дилбар», «Юришларинг» каби кўплаб дилбар қўшиқлари халқ кўнглидан жой олган. Ҳофиз ҳаёти унинг ўлмас тароналарида давом этади.

“Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти жамоаси санъаткорнинг оила аъзолари, яқинларига ҳамдардлик билдиради.


Бошқа хабарлар