Қуёшга қиёсдир неъматлар ичра

171

Она сутининг афзалликлари хусусида нималарни биламиз?

Фарзанд – улуғ неъмат. Ота-онанинг эзгу орзу­си, қувончи, бахти. Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом бўлиб ўсиб улғайишини истайди. Чақалоқ дунёга келиши билан она кўк­си­га ётқизилади. Кичкинтой кўз очибоқ она сутидан баҳ­раманд бўлади. Хўш, она сутининг афзалликлари нимада? У қандай хусусиятлари билан авлод баркамоллигини таъминлашга хизмат қилади?

Она сутининг аҳамияти хусусида физиолог олим, биология фанлари доктори Шониёз ҚУРБОНОВ билан суҳбатлашдик:
– Она сути болани соғлом ва бақувват ривож­ланиши учун энг муҳим озуқадир, – дейди суҳбатдошимиз. – Унинг таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар мукаммалдир, она сути суюқ, енгил ҳазм бўлувчи ва етарли калорияга эга, турли микроблардан холи, пишириш ва иситиш талаб қилмайдиган тайёр озуқадир.
– Буюк тиб олими Абу Али Ибн Сино она сутини қуёш нурларига қиёс қилган. Ер юзидаги барча тирик мавжудот билан ўсимликлар дунёси учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, ўсаётган бола учун она сути шунчалик зарур ҳисобланади. Бу унинг таркиби билан боғлиқ бўлса керак, албатта?
– Она сути ўз таркиби, шифобахшлиги, экологик тозалиги жиҳатдан бошқа моддалар билан алмаштириб бўлмайдиган даражадаги ноёб озуқадир. Она сути таркибида ёш организмнинг ўсиб улғайиши учун зарур, осон ҳазм бўладиган озиқ моддалар (оқсиллар, ёғлар, карбон сувлар) биологик фаол моддалар, ферментлар ва минерал моддалар мавжуд. Сут таркибидаги оқсиллар, ёғлар жуда тез ҳазм бўлади. Шунингдек, сутдаги карбон сувлар энергия манбаи ҳисоб­ланади ва боланинг ичак микрофлорасини яхшилайди. Шунинг учун она сутидан баҳраманд бўлган бола организми яхши ўсади, жисмоний ва ақлий жиҳатдан баркамол бўлиб етишади.
– Она сутининг витаминларга бой ва осон ҳазм бўлишига қарамай, эмизикли болаларнинг касалликларга чалиниш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунинг сабаби нимада?
– Она сутида турли вируслар ва микробларга қарши курашадиган моддалар мавжуд. Айниқса, оғиз сутига тўйинган бола организми яхши ривожланади. Ташқи таъсирларга чидамли бўлади. Она сутидаги лизоцим моддаси боланинг организмидаги микробларни ўлдириб, фойдали ­микробларни ҳимоя қилади. Бундан ташқари, она сутида турли касалликлардан муҳофаза қилиб турадиган моддалар анчагина. Шунга қарамай, бола баъзан ҳароратнинг кўтарилиши, оч қолиш, тўйиб овқатланмаслик, онанинг овқатланиш режимига риоя қилмаслиги ва бошқа сабаб­лар натижасида касалликка чалиниши мумкин. Баъзан сутдаги шакар молекулалари ҳазм бўлмай қолади-ю натижада боланинг ичи кетиб, ёш организм ўсишдан тўхтайди ва озиб кетади. Бундай нохушликларнинг олдини олиш учун она овқатланиш режимига жиддий риоя қилиши ва болани ҳам вақтида эмизиши зарур.
– Болаларда учрайдиган баъзи хасталик­ларни она ҳомиладорлиги даври билан боғлайдилар…
– Она ҳомиладорлик пайтида истеъмол қиладиган овқатда сурункали ҳолда оқсил тақчиллиги кузатилса, улардан туғилган болаларнинг ошқозон-ичак тизимида ҳам асосий озиқ моддалар, жумладан, сутнинг ҳазм бўлиши заифлашади. Шунинг учун она ҳомиладорлик вақтида овқатланишга ва бошқа тартибларга амал қилиши, асабийлашмаслиги шарт.
– Сигир сути аёл сути ўрнини боса олмайди, дейишади. Шу ҳақида ҳам тўхталсангиз?
– Аёл сути оқсилларининг таркиби жиҳатидан сигир сутидан фарқ қилади. Аёл сутида оқсиллар (альбумин билан глобулин) кўпроқ бўлади. Агар аёл сутида альбумин билан глобулин умумий оқсил миқдорининг 69,7 фоизини ташкил этса, сигир сутида 22 фоизни ташкил этади. Аёл сути таркибида липаза ферменти сигир сутиникидан 15-20 баробар фаолроқдир. Минерал моддалар ва ­микроэлементларнинг миқдорида ҳам фарқ бор. Аёл сутида темир миқдори сигир сутидагидан 2-3 баробар, шакар миқдори эса 2 баробар кўп. Шунинг учун аёл сути болалар организмида тезроқ ҳазм бўлади.
Она сутидаги кислоталар озиқ моддаларни сингдиришда ва бола организмини касаллик­ларга қаршилигини кучайтиришда муҳимдир.
– Ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам бўладики, баъзи оналарнинг сути етишмайди. Натижада бола сунъий овқатлантирилади. Улар она сутининг ўрнини боса оладими? 
– Бугунги замонавий технологиялар асрида ҳам ҳали она сутининг ўрнини боса оладиган болалар қоришмаси яратилганича йўқ. Кўп йиллик кузатиш­лар натижасида шу нарса аниқ бўлдики, она сутини эмган болаларнинг ақлий фаолияти сунъий озиқлантирилган болаларникига нисбатан юқори бўлади. Маълум сабабларга кўра болани сунъий овқатлантиришга тўғри келса, энг аввало, болалар қоришмасининг йўриқномасига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Демак, она сути табиат инъом этган беқиёс, мўъжизакор неъмат ҳисобланади. Шундай экан, бу ноёб озуқадан гўдакларимиз баҳраманд бўлиб ўсишсин.

Суҳбатдош:
Содиқ МЎМИНОВ

Бошқа хабарлар