МАКТАБ ТЎЛА МУАММО, АММО… (+ВИДЕО)

111

Бугуннинг гапи

Халқ
таълими вазирлиги бу жараённи қандай баҳоламоқда?

Яна бир ўқув йили якунланмоқда. Эришилган натижалар, қилинган ва қилинмаган ишларни сарҳисоб этиш даври келди. Қайта-қайта чоп этилаётганига қарамай имло хатолари, янглиш ва эскирган маълумотларга тўла дарсликлар, умумтаълим мактабларида эътиборсиз қолаётган ҳимояга муҳтож давлат тили, ўқитувчилар ишини яна-да кўпайтирган электрон журналлар, самара бермаётган ислоҳотлар, йўқолмаётган мактаб йиғимлари… Бу ва бошқа масалалар Миллий матбуот марказида ўтказилган “2018-2019 ўқув йили якунлари ва истиқболдаги устувор вазифалар” мавзусидаги матбуот анжуманида кўтарилди.

Ахборот хатида вазирлик, қўмита ва бошқармалар раҳбарлари
иштирок этиши расман маълум қилингани учун журналистлар анжуманда Халқ
таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда ўринбосарлари билан мулоқот қилиш мақсадида
келган, ўртага қўйиладиган масалалар ва бериладиган саволлар ҳам уларнинг
ваколати доирасига мўлжалланган эди. Шу боис вазир ва ўринбосарларининг хизмат
сафари режадагидан чўзилиб кетгани хабари барча ОАВ вакиллари тарвузини қўлтиғидан
туширди. Чунки ҳар бир журналист давлатнинг эртасини ҳал қиладиган тизим — халқ
таълими ва ундаги муаммоларнинг жиддий эканини яхши англайди. Шу боис кейинги
пайтларда шунчаки ҳисобот учун ўтказилаётган анжуманлардан фарқли ўлароқ бунга
кўпчилик келган, астойдил тайёрланган эди.

Вазир ва
ўринбосарлари ўрнига келган иштирокчилар Эркин Муродов, Сарвар Саъдуллаев,
Муроджон Карабаевлар экани айтилди. Вазирликнинг ОАВ билан ишлаш шўъбаси мудири
Анвар Умаров истаган маълумотни интернетдан зумда топиш олиш имкони борлиги
учун уларнинг лавозимлари, бажарадиган ишларига тўхталиб, вақт сарфлаб
ўтирмади. Чиндан ҳам “googlе” қидирув хизмати Эркин Муродовнинг умумий ўрта
таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, Сарвар
Саъдуллаевнинг мактаблар истиқболли моделлари ва давлат-хусусий шерикчилик бошқармаси
бошлиғи, Муроджон Карабаевнинг эса мактабдан ташқари таълим, спорт ва туризмни
ташкил этиш бошқармаси бошлиғи эканини аниқлаб берди. Тушунарсиз кайфият аралаш бироз умид билан матбуот анжумани бошланди.
Неча бор кўтарилса ҳам ечимини ҳеч топмаётган муаммолар яна ўртага чиқди.

Мажбурий
“йиғди-йиғди”лар муаммоси

Дастлаб мактаблардаги пул йиғимлари ҳақида сўз
юритилди. Мутахассислар ҳар қандай шаклдаги йиғим Халқ таълими вазирлиги
томонидан тақиқланган қонунбузарлик эканини таъкидлади.

– Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун кузатув
кенгашлари ташкил этилган, – деди Эркин Муродов. – Кенгашнинг асосий
вазифаларидан бири ноқонуний пул йиғимларининг олдини олишдир.
Синфхоналарни таъмирлаш ёки ўқув йили якунида бошқа мақсадларда ўқувчилардан
пул йиғиш асоссиз. Қайсидир мактабда бундай ҳолат аниқланса, қонун
доирасида тегишли чора кўрилади. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда
ота-оналардан ҳам амалий ёрдам кутиб қоламиз.

Имтиёзлар барчага баробар бўлиши керакмасми?

Давлат
тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган таълим тизимидаги муаммолар санаб ўтилди. Инглиз тили ўқитувчиларига
устама белгиланган. Ҳамма жойда бўлмаса-да, дарслар махсус жиҳозланган лингофон
хоналарида ўтилади. Аммо давлат тилига бўлган муносабат ҳаминқадар. Ўзбек тили
ва она тили ўқитувчиларига ҳеч қандай имтиёзлар йўқ. Уларнинг махсус жиҳозли
хоналарда дарс ўтиши мутлақо кўзда тутилмаган. Бу кетишда болаларнинг онгида
“давлат тилини билиш шарт эмас” деган тушунча пайдо бўлиши мумкин ахир. 21
октябрдан сал олдин, ўша куни ва ундан кейинги ҳафтадагина эсланиб, амалда
менсимай ёндашилгани боис жамиятимизда инглиз ва рус тилларининг мавқеи баланд.
Бири муваффақият гарови, иккинчиси маданият белгиси ҳисоблана бошлади.

Мазкур
масала юзасидан Халқ таълими вазирлигининг позициясини вазирлик бошқарма бошлиғи
Эркин Муродов қуйидагича изоҳлади:

– Таълим ўзга тилларда олиб бориладиган мактабларда
давлат тилига етарли соат ажратилган. Бир ҳафтада икки марта бўлади. Албатта,
ўзбек тилига эътибор қаратилишини ёқлаймиз, шу фан ўқитувчиларига устама ҳақ
тўлаш таклифини кўриб чиқамиз.

Дарҳақиқат, бу масала жиддий ўрганилиши, муаммога
ечим топилиши шарт. Зотан, таълимнинг бошқа тилда (инглиз тили) олиб
борилишининг салбий натижасини яқинда кўрдик. Жамиятимизда давлат тилига бўлган
бу муносабатни кўрганлар рус тилига расмийлик мақомини бериш керак, деган
таклифни билдиришга ҳадди сиғди. Давлат тили тўғрисида қонун қабул қилинганига
30 бўлганига қарамай, бизнинг энг заиф тарафимиз эканича қолмоқда.

Дарсликлар муаммоси: камчиликлар қачон бартараф
этилади?

Анжуманда
дарсликка доир муаммолар бир неча бор кўтарилди. Умумтаълим мактабларидаги
дарсликларни ким назорат қилиши, фанга аллақачон янги тушунчалар, илмий
атамалар кириб келган бўлса-да, эскирган маълумотларнинг ўзгартиришсиз қайта-қайта
чоп этилаётгани, ўқувчилар дарсликда имло хатолари ва нотўғри маълумотларни ўқиётгани
қанчалар тўғри экани ва етишмаётган дарсликлар каби муаммолар сабаблари нимада?

– Бунинг
сабаби ўқувчилар рўйхати қайта шакллантирилмаслиги ва дарсликлар маълум муддат
давомида яроқсиз ҳолга келиб қолишидир, – деди
Эркин Муродов.
– Дарсликлардаги камчиликлар ва хатоларни тўғрилаш,
келажакда уларга йўл қўймаслик учун вазирлик сайтида танлов эълон қилдик. Ўқувчилар,
ўқитувчилар, умуман, истаган одам дарсликдаги хато ва камчиликларни кўрсатиши
мумкин. Шу асосда хатолар тузатилади. Энди илгариги каби ҳаммасига фақат
вазирлик ёки муаллиф айбдор бўлмайди. Ҳар бир камчиликнинг ўз эгаси топилиб,
уларга чора кўрилади. Нашриёт, вазирлик, муаллиф – ҳар бир томоннинг масъулияти
ва жавобгарлиги аниқ белгилаб қўйилди.

Миллиардлаб
сўмга тушаётган бу китоблар вазирлик рухсати билангина чоп этилади. Шу боис
масъулиятнинг асосий қисми вазирлик зиммасида! Келажакка хиёнат бўлган, болалар
олдида жиноят ҳисобланган бундай дарсликлар нашриётдан чиқиб, то ўқувчи қўлига
етиб келгунига қадар вазирликнинг қатъий назоратида бўлиши шарт. Шу ҳолдагина
вазият ўзгариши ва ўнгланиши мумкин.

Электрон журналга назар

Анжуман
давомида қоғозбозлик камаймаётгани, ўқувчилар билим ва савиясини оширишга ҳамон
эътибор камлиги, таълим сифати ўрнига ўқитувчилар бўйнига қўшимча юк тушишда
давом этаётгани айтилди. Масалан, илгари фақат синф журналини тўлдириши керак
бўлган ўқитувчилар энди ҳар бир давомат ва баҳоларни электрон базага ҳам
киритишмоқда. Битта юмуш ҳам қоғозда, ҳам электрон шаклда қилинмоқда. Бу қанчалик
мантиқли?

Бунга
жавобан вазирлик мутахассислари лойиҳанинг Тошкент шаҳрида эксперимент шаклида
ўтказилаётганини билдиришди. Қўлга киритиладиган натижа ижобий бўлса, тизим бутун
республика бўйлаб жорий этилар экан.

Албатта,
қоғозбозликка қарши кураш нуқтаи назаридан лойиҳа керакли ва жозибали. Аммо
электр муаммо бўлган қишлоқ ҳудудларида бунинг амалга ошиши нореал. Агар чироқ
бўлса ҳам, интернет тезлиги паст ва замонавий компьютерлар етарли эмас.

Вазирлик
мутахассислари истиқболда оптик толали интернет йўлга йўлга қўйилишини билдиришди.

Ислоҳотлар ростдан ҳам мактаб
учунми?

Матбуот
анжуманида халқ таълими тизимига доир ислоҳотлар вазирлик миқёсида ёки қоғозларда
қолиб кетаётгани, ўқитувчи маошининг ошганини ҳисобга олмаса, чекка ҳудудларга
ўзгаришлар етиб бормаётгани кескин танқид қилинди. Шунча сарф-харажатлар,
кўрилган чоралар, олиб борилган ислоҳотларга қарамай, мактабларда ҳамон
номутахассис ўқитувчилар дарс бермоқда, ҳамон таълим сифати паст, ҳамон ўқувчилар,
баъзан эса ўқитувчилар савияси юзни қизартиради, ҳамон билимга чанқоқ ёшлар яхши
дарсга муҳтож.

Бунга
жавобан вазирлик мутахасислари ислоҳотларнинг бирдан ва кутилган натижани бера
олмаслиги, бу муайян вақт талаб қилиши, бутун республика миқёсидаги мактабларни
қамраб олиш ва назорат қилиш чоралари кўрилаётганини билдирди.

Мутахассислар,
шунингдек, ўқувчиларнинг ёзги таътилда мажбурий равишда тўгаракларга жалб қилинаётгани
навбатдаги мавзу бўлди. Баъзи мактабларда талаб этилаётган ойлик тўлов ҳам,
тўгаракларга иштирок этиш ҳам ихтиёрий экани, бу ишлайдиган ота-оналар учун
аслида яхши имконлиги, пойтахтдаги 65 та мактабда бепул тўгараклар ташкил этилаётгани
айтиб ўтилди.

* * *

Анжуман саволларга бой бўлди. Уларнинг барчасига қониқарли
жавоб берилди, дея олмаймиз. Нимадир айтилмай қолиб кетгандай, муҳим муаммолар
тилга олинмагандай туюлаверди. Балки вазирнинг беш ўринбосаридан ҳеч бўлмаганда
биттаси келиб қатнашса, бошқача бўлармиди? Аслида матбуот анжуманларида раҳбарият
қатнашмаслиги янгилик эмас. Аммо бу – БОЛАЛАРни ўқитиш тизимига доир бўлгани, жиддий
ёндашувни талаб қилгани учун вазирлик раҳбарияти масъулиятни сезишига умид қилгандик.
Бундан ташқари матбуот анжумани ҳар чоракда атиги бир марта ўтказилади. Жуда
бўлмаса, анжуман вақтини вазир ёки ўринбосарларидан келиб чиқиб, белгилаш керак
эди. Уларга анжуман жараёни тўлиқ етиб бориши шубҳасиз. Аммо мақсад билвосита
гаплашиш эмас, халқ таълими тизимини ҳал қилувчилар билан гаплашиш, муаммони
уларга кўрсатиш ва биргаликда ечим топиш эди.

Халқ таълими тизими мамлакат келажагини ҳал қилади.
Эртага қандай жамиятда кимлар билан яшашимиз айнан шу вазирлик ва у қилаётган
ёки қилмаётган ишларга тўғридан-тўғри боғлиқ. Албатта, шаҳодатнома, аттестат ва сертификатнинг янги намунаси тасдиқлангани, бу ҳужжатларни
беришда электрон тизим жорий қилингани яхши хабар. Бу ўқувчиларга катта қулайлик.
Аммо инсоннинг қулай яшашдан ҳам кўра тўғри яшагани муҳимроқ. Одамийлик фазилатлари
айнан шундан келиб чиқиб белгиланади.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

“Ishonch” мухбири

Матбуот анжуманининг видео кўриниши

Бошқа хабарлар