Етакчилар саёх,ати

149

Касаба уюшма қўмитаси ­раисининг фаолияти «Бўзчи белбоққа ёлчимас» мақолини эсга туширади. Чунки у ҳам бир йилда ўттиз нафар ходимига йўлланма тарқатади-ю, ўзи сиҳатгоҳга боришга вақт тополмайди. Турли шаҳарларга саёҳат уюштириб, ўнлаб, юзлаб ходимларнинг қувончига сабаб бўлади-ю, ўзи эса…

Гоҳо ўйлаб қоласан, касабақўм етакчиларининг яхши дам олиши, кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришига ким масъул? Уларни ҳам биров саёҳатга олиб бориб, зарур шарт-шароитларини яратиб берадими?
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ходимлар, фахрийлар, эҳтиёжманд фуқаролар қаторида касаба уюшма фаолларининг тарихий шаҳарларимизга саёҳатлари уюштирилаётгани шу маънода аҳамиятли бўлди.
Не бахтки, Қашқадарё вилоятининг бир гуруҳ касаба уюшма етакчилари сафида каминага ҳам Хоразм вилоятига саёҳат қилиш насиб этди. Йўл-йўлакай Бухорода Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини ҳам зиёрат қилдик.
Узоқ чўл-у саҳроларда соатлаб йўл юрганимиз боис, Урганчнинг жамолини кўришга жуда интиқ бўлганимиз рост. Дарҳақиқат, кўришга арзийдиган шаҳар экан. Гўзал, озода. Тарихий ва замонавий бинолар уйғунлиги.
Урганчда Президентимиз ташаббуси остида маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қад кўтарган Ниёзмуҳаммад Охунд мақбараси ва масжиди бизда катта таассурот қолдирди.
Султон Жалолиддин Мангуберди мажмуасига борар эканмиз, Косон тумани 24-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Рамазонбек Бекназаров «Мендирман ўша» қўшиғини маромига етказиб куйлади. Бир автобус саёҳатчининг хаёли мард ва жасур Мангубердига кетди. Мажмуа­­ни зиёрат қилиб, Авесто майдони томон одимладик…
Саёҳатимизнинг иккинчи куни қадимий Хивадаги Ичан ва Дишан қалъани кездик. Очиқ осмон остидаги музей шаҳарни томоша қилиш учун, рости, бир кун камлик қилар экан. Хива хонлиги саройи, масжидлари, мажлис-машварат ўтказадиган, аҳолини қабул қиладиган майдонлари, пул зарб қилиш хонаси, Хоразм халқининг миллий урф-­одатларини ўзида мужассам этган либос ва тақинчоқлар, ёзда иссиқдан, қишда совуқдан ҳимоя қиладиган чўгирмалар бизни ҳайратга солди. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси зиёратидан ўзгача руҳий қувват олдик.
Ҳамроҳларимиз – Ғузор туманидаги 4-ўрта мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси Муродулла Пўлатов, шаҳрисабзлик Акрам Исломов, Косон тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раи­­си Шоймурод Эргашев ўзаро суҳбатда ажойиб ва сермазмун саёҳат учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдиришди.
Албатта, тўртта касабақўм раи­­си йиғилиб қолса, жамоа шартномасидан, меҳнат муҳофазасидан гурунг кетади. Раислар саёҳат давомида бир-бири билан яқиндан танишишди ҳам. Фикр алмашув, тажриба алмашув, юракдан диллашув барчани бирлаштирди.
Шунинг учунми, саёҳатдан қайтар эканмиз, автобусда қизғин суҳбат давом этар, кайфиятлар кўтаринки эди…

Акмал Абдиев,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар