Ҳисобот эмас, самара керак ана шунда ҳар бир оила тадбиркор бўлади

164

Бундан салкам бир йил олдин, аниқроғи, 2018 йил 7 июнда Президент қарори билан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури қабул қилинган эди. Жорий йил 7 мартда давлатимиз раҳбари бу борадаги яна бир муҳим ҳужжат – «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.
Мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш.
Дастур ишга яроқли ҳар бир инсоннинг банд­лигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шуниси ҳам борки, «Мен ишсизман», «ишламоқчиман, иш йўқ» дегувчиларнинг бари ҳам бекорчи эмас. Улар орасида ёлланма меҳнат билан шуғулланаётганлар, савдо-сотиқ қилаётганлар, турли хизматлар кўрсатаётганлар қанча. Дастурнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, ҳар қандай фаолиятга қонуний тус беришдир.

Касаба уюшмаси нега аралашди?

Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини кучайтиришга, мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури амалга тўлиқ татбиқ этилса, бугун бизни қийнаб келаётган қатор муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади.

Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини кучайтиришга, мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури амалга тўлиқ татбиқ этилса, бугун бизни қийнаб келаётган қатор муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади.

Дастур ижроси жойларда тўлиқ таъминланмаётганлиги касаба уюшмаларини масалани жойига чиқиб ўрганишга, таҳлил қилишга ҳамда ўз таклиф ва тавсияларини беришга ундади. Масаланинг яна бир жиҳати борки, давлат дастури асосида янги иш ўринлари яратилади. Ташкил қилинаётган тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмасига жалб қилиш орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бевосита тизим вазифаси саналади.
– Ҳеч бир дастур ижросини фақат давлат идоралари иштирокида таъминлаб бўлмайди, – дей­ди Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Даврон Аллақулиев. – Кўзланган мақсадга эришиш учун кенг жамоатчилик иштироки зарур. Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда Гурлан туманидаги «Янги боғ» маҳалласи ҳудудида «Ҳар бир оила тадбиркор» дас­тури ижросини таъминлашга кўмаклашишга бел боғладик.

Ҳақиқий аҳвол қандай?

Касаба уюшмалари ишни «Янги боғ»даги 540 та хонадонга кириб, улардаги ижтимоий-иқтисодий шароитлар, аҳолининг яшаш тарзи, қизиқиш­лари, тадбиркорликка хоҳиш-иштиёқини ўрганишдан бошлади.
Маълум бўлишича, маҳаллада 3300 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳужжатларда меҳнатга лаёқатли, иш билан банд бўлмаган аҳоли сони 46, иш билан таъминланмаган коллеж битирувчилари сони 50 та деб кўрсатилган. Ёлланма ишларга жалб қилинган фуқаролар ишсизлар рўйхатига киритилмаган, уларнинг аниқ сони ҳам юритилмаган, фаолиятига қонуний тус бериш чоралари кўрилмаган. Юздан зиёд фуқаролар хорижда меҳнат миграциясини амалга оширмоқда.
82 нафар киши тадбиркорлик билан банд. Ҳудудда хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилмаган. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳудуддаги бўш майдонда болалар учун майсазор ташкил қилиш юзасидан юқори ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилганлигига қарамасдан, масала эътибордан четда қолмоқда.
Сирасини айтганда, дастур ижроси қониқарсиз аҳволда эди…

Фикр ўзгармас экан…

Аҳоли билан мулоқот таҳлиллари шуни кўрсатдики, «Ҳар бир оила тадбиркор» дастурининг мазмун-моҳиятидан одамлар тўла хабардор эмас. Тўғри, банк вакиллари хонадонларда бўлиб, «Кредит олишни истайсизми?» қабилида сўровнома ўтказган. Аммо бу таклифлар рад этилган. Сабаби, кўпчилик кредитни нима мақсадда олишни, маблағни нимага ишлатишни билмайди, уни қайтаролмасликдан қўрқади… Эҳтиёжманд сифатида рўйхатда турадиганларда эса «Кредит олсам, моддий ёрдамдан қуруқ қоламан» деган ўй бор…
Бирлашма ходимлари мутахассисларни, омадли тадбиркорларни жалб қилиб, аҳоли ўртасида бизнеснинг олтин қоидалари ҳақида мулоқотлар ташкил қилди. Давлат дастурининг аҳамияти, тадбиркорлик афзалликлари тарғиботини бошлади. Айрим хонадонларга, керак бўлса, бир неча марта ташриф буюришга тўғри келди. Кам фоизли кредитлар, «кафил» можароси ҳал қилингани, оиланинг иқтисодий фаровонлигини оширишдаги аҳамияти ва бошқа афзалликлар ҳақида маълумотлар берилди. Тикувчилик билан шуғулланиш истагидаги қизлар бирлашма қошидаги «Касаба текс» корхонасида бепул ўқитилиши маълум қилинди.
Кредит олиш истагини билдирганлар рўйхати шакллантирилиб, тижорат банкига жараённинг навбатдаги босқичини давом эттириш учун тақдим этилди. Ёлланма ишга жалб қилинганлар, томорқасида банд бўлганларга фаолиятга қонуний тус беришнинг афзалликлари тушунтирилди.

Ечим ёнимизда, аммо…

Касаба уюшмалари томонидан олиб борилган тарғибот ишлари тезда ўз самарасини бера бошлади. Дастлаб ҳудудда нон ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.
Аслида, «Иззатжон Назаров» оилавий корхонаси ўтган йили ташкил қилинган, «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури асосида оиланинг икки аъзоси имтиёзли кредит ҳам олганди. Бироқ корхона учун жой топишда, зарур технологияларни олишда муаммоларга дуч келинди. Ваҳоланки, маҳалла қўмитаси жойлашган бинонинг шундоқ ёнбошида бир неча хона неча йиллардан бери фойдаланилмасдан ётар, кўримсиз аҳволга келиб қолганди. Тадбиркорлар оиласига ушбу қаровсиз бино таклиф қилинди. Қисқа фурсатда таъмирлаш ишлари бажарилиб, зарур жиҳозлар ўрнатилди. Оила соҳиблари ижара пули қимматлигидан бироз норози бўлсалар-да, фаолият бошлашганидан хурсанд. Иш юришиб кетса, ижара пулини ҳам қайтаришда қийналишмас, балки ўз биноларига эга бўлишар, кредитни қайтаришга маблағ тополмай ўтиришганидан яхши-ку.
Нон ишлаб чиқариш цехининг ишга туширилиши натижасида оила аъзоларидан ташқари, маҳалладаги саккиз нафар ишсиз аёлнинг банд­лиги таъминланди, яна икки қиз шогирдликка жалб қилинди.
– Беғараз ёрдам учун касаба уюшмаларидан миннатдормиз, – дейди тадбиркор. – Ходимларимиз ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда ҳам ушбу ташкилот кўмагига таянамиз.

Моли борнинг ҳоли бор

Энажон она Тўлиева пенсияда. Оёғини узатиб ўтирса ҳам бўлади. Аммо фарзандларининг тайинли иши йўқ. Ёлланма ишчининг топгани ёғвон шўрвадан ортмайди. Иш дегани ҳар куни топилиб турса хўп-хўп, баъзида кунлаб бекор қолиб кетишади. Бу ёқда набиралар катта бўлишяпти.
Касаба уюшма вакиллари онахонга «Ҳар бир оила тадбиркор» дастурининг аҳамиятини тушунтиришганди, «Мен ҳам қорамол оламан» деган фикрга келди. Кредитни ҳам ўз номига тўғрилашга қарор қилди. Маҳалла қўмитаси кафил бўлди. Аммо… қорамолни қаердан олиш ҳақида тайинли маълумотга эга бўлмаган онахон яна касаба уюшма вакилларига юзланди. Аслида, туманда бир нечта таъминотчи корхоналар рўйхати шакллантирилган, қорамол, қўй-қўзи, парранда олиш истагидагилар бемалол уларга мурожаат қилиши, нархини келишиши, ўзига ёққан жониворни танлаб олиши мумкин. Шунчаки, айрим ходимлар ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашиши оқибатида аҳолига тўлиқ маълумот берилмаяпти.
Онахонга «Гурлан агро комплекс» таъминотчи корхонаси тавсия қилинди.
– Ота-боболаримиз айтарди: моли борнинг ҳоли бор, деб, – дейди онахон. – Мана келинимга иш, набираларимга сут-қатиқ бўлди. Ўзим шунча пул йиғиб, бозордан бундай қорамол ололмаган бўлардим.

Муаммони тан олсангиз…

Қисқа вақт ичида 20 дан зиёд оилага 413 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Маҳаллада чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик йўлга қўйилди. 40 га яқин фуқаронинг бандлиги таъминланди. 10 дан зиёд норасмий секторда банд фуқаролар фаолиятига қонуний тус берилди. Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан яна қандай чоралар кўриш бўйи­­ча маҳалла фуқаролар йиғинига зарур тавсия ва таклифлар берилди.
– Касаба уюшмаларининг кўмаги билан олиб борилган тарғибот тадбирлари, йўл харитаси ишлаб чиқилиб, аниқ тадбирлар белгилангани натижасида маҳалламизда тадбиркорлар сони ошди, – дейди маҳалла раиси Даврон Вапаев. – Биз яна бир нарсани, муммони ҳал қилиш учун, аввало, уни тан олиш ва келтириб чиқараётган омилларни аниқлаб, бартараф қилиш кераклигини тушуниб етдик.

Халқона дастур

Бир маҳалла кесимида жараёнларни таҳлил қилиш орқали, давлат дастури ижросида йўл қўйи­лган камчиликларнинг сабаблари ойдинлашди. Энг асосийси, кўпчилик ҳалигача ислоҳотлар моҳиятини англаб етмаяпти. Шу сабаб амалий натижадан кўра ҳисобот учун қоғоз тўлдиришни афзал билувчилар ҳам йўқ эмас.
«Ҳар бир оила тадбиркор» – маблағи йўқ инсон ҳам тадбиркор бўлишини таъминловчи, иқтисодий ночорликдан олиб чиқувчи, оилани фаровонликка ундовчи, баландпарвозликдан холи халқона дастур. Ундан тўғри фойдаланмаслик уволдир.

Муҳаббат Тўрабоева,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар