МИБчилар ҳаддидан ошмоқдами?

160


Уларнинг дўқ-пўписаси сабаб бир инсон жонига қасд қилди

Мамлакатимизда Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганлиги нур устига нур бўлди. Аммо ҳар тўкисда бир айб, деганларидек бу соҳада ҳам қаламга олгулик баъзи бир муаммолар юзага келганлиги айни ҳақиқат. МИБнинг нохолис, айрим нўноқ ходимлари томонидан йўл қўйилаётган баъзи камчиликлар ушбу муассасага нисбатан омма онгида нотўғри тасаввурларнинг шаклланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Сурхондарё вилоятидаги вазият бу фикримизни тасдиқлайди.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

Аҳоли нега МИБдан норози?

ёхуд Ангор туманидаги маҳалла раисларининг арз-додини ким эшитади?

Юртимизда ижтимой-иқтисодий ишларнинг бориши, аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан секторлар фаолияти йўлга қўйилганлигидан хабарингиз бор. Шубҳасиз, бу ташаббус халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан қарши олингани рост. Тан олиш керак, сектор аъзоларининг аҳоли билан бевосита мулоқоти туфайли йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган 4-ишчи гуруҳига апрель ойида Ангор туманидаги 4-сектор фаолиятини ўрганиш вазифаси юклатилган эди. Ушбу жараёнда баъзи бир мурожаатлар бўлди. Жумладан, “Навбаҳор”, “Наврўз” ҳамда “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг қилган мурожаатлари бўйича калаванинг учини топишимиз бироз қийин кечди. Негаки, маҳалла раислари Ангор туман мажбурий ижро бюроси устидан шикоят қилишган эди. Ахир, ўзларини бошқа корхона ва ташкилотлардан бир поғона юқори санаб, ишингиз тушиб эшигига борсангиз, ҳатто ичкарига қўймайдиган, биров чиқиб дардингизни тингласа-ку, хўп-хўп, бўлмаса, соатлаб кутишга мажбурлайдиган, қарздор бўлсангиз дамба-дам тергайдиган, агар ҳақдор бўлсангиз, йиллар мобайнида қарзингизни ундириб бермай, судрайдиган муассаса эмасми? Сўзим бироз муболағадек туюлар, аммо эшитаётганларимиз, кўрганларимиз ҳар қалай шундан далолат бермоқда. Аммо адл ишонч билан шуни ҳам айтиш мукинки, МИБ ташкил этилгач, коммунал соҳада йиллаб ундирилмай ётган қарзлар ундирилди. Албатта, бу масаланинг ижобий томони. Иккинчи томондан олиб қарайдиган бўлсак, МИБ нинг  зиммасига коммунал тўловлардан ташқари, ижрога йўналтирилган суд қарорлари асосидаги қарздорликларни ҳам ундириш юклатилган. Сўзимнинг аввалида айтганим, ижрога йўналтирилган, фуқаролар ўртасидаги қарздорликларнинг йиллар давомида муассасанинг “айрим ходим”лари томонидан уқувсизликми ёки бизга номаълум бошқа сабаблар туфайлими, ундирилмай келаётган қарзлар хусусида мақоламиз давомида мисоллар келтирамиз.

2017 йил март ойида Ангор туманидаги “Навбаҳор” МФЙ нинг собиқ раиси бетоблиги боис ишни топширгач, тегишли мутасадди ташкилотларнинг тавсияси билан бу вазифага Илҳом Қўнғиротов тайинланади. Тўғрисини айтиш керак, И. Қўнғиротовга раҳбарлик кўп ташвиш ва маломатлар келтирди десак, ҳечам ёлғон бўлмайди. Сабаби, 2017 йил январда туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан “Навбаҳор” МФЙ нинг электр энергиясидан таъминот шартномасисиз, электр ҳисоблагичсиз фойдаланиб келинганлиги аниқланган. 2017 йил 14 март куни вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарорига асосан, 1 миллион 72 минг 565 сўм миқдорида жаримага тортилган. Табиийки, бу зарарни туман ҳокимлиги тўлаб берган. Кейинчалик бундай ҳолат давом этмаслиги учун янги раис И. Қўнғиротов 31.03.2017 йилда туман (собиқ) ҳокими Б. Ибатовга 16-сонли  “Билдириш хати” билан мурожаат қилган. Шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ангор туман бўлинмаси раиси номидан 12.04.2017 йилда туман электр тармоқлари  корхонаси раҳбари Ғ. Жўраев ҳамда ҳокимнинг биринчи ўринбосари Ж. Чориевларга ушбу ҳолат юзасидан амалий ёрдам сўраб хат берилган. Аммо орадан бир йил ўтса-да, муаммо ҳал бўлмасдан муаммолигича қолиб кетаверган. Кўриб турганингиздек, муаммо кўпчиликники, жаримани эса маҳалла раиси тўлаган (Бу ерда кейинги жарима назарда тутилмоқда). Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, ушбу тизимдаги англашилмовчиликлар раисларнинг чўнтаги зиёнига ишлайверган.

“Навбаҳор” МФЙ раиси И. Қўнғиротов биз билан бўлган суҳбатда ҳокимликка 5 маротаба мурожаат қилганлиги, аммо ҳар сафар мурожаатлари эътиборсиз қолиб кетаверганлигини таъкидлайди. Туман ҳокими (собиқ) эса И. Қўнғиротовнинг қонуний ҳаракатлари – хатларига қуруққина сўзлар тизмасини йўллаб қўйиш билан чекланиб қолаверган.  Ўзингиз ўйланг, маҳалла раиси ҳокимликдан маош олса, маҳалла идораси унинг шахсий мулки ҳисобланмаса, ҳисоб рақами ҳам йўқ, коммунал тўловлар ҳокимиятнинг зиммасида бўлса, нега маҳалла раиси жавобгар бўлиши керак, деган бир мантиқий савол одамни қийнайверади. Ёки аввалдан давом этиб келаётган ушбу муаммолардан раҳбариятнинг хабари йўқмиди?..

Наҳотки мутасаддилар адоват қилишган бўлса?..

2018 йил 23 март куни “Навбаҳор” МФЙга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ангор туман бўлинмаси томонидан электр ҳисоблагич берилган, (эътибор қилинг, орадан роппа-роса бир йил ўтгач) аммо давлат стандартидан ўтмаганлиги, сертификати йўқлиги боис, И. Қўнғиротов уни ўрнатиб бўлмаслигини айтган. Аммо то 7 май санасига қадар қайсидир сабабларга кўра, сертификатлар атайдан берилмаган. Ариза муаллифи ушбу масалада шахсий манфаатдорлик ҳамда адоват бўлганлигини таъкидлайди.

2018 йил 5 апрель куни мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлимидан А. Мирзақулов, И. Сафарқулов ва яна бир ходим ҳамда туман ТЭТК бошлиғи Ғ. Жўраевлар келиб, текширув ўтказишган ва электр ҳисоблагич ўрнатиш учун 3 кун муҳлат белгилашган. Бу яхши, аммо орадан бир кун ўтиб, 6 апрелда МИБ ходимлари келиб маҳаллани электр тармоғидан узиб кетишган. Айнан ушбу ҳолат жарима тўлашга сабаб сифатида кўрилган. Шу ўринда мантиқий савол пайдо бўлади, нега текширишга туман электр тармоқларидан ушбу ҳудудга бириктирилган махсус ходим эмас, айнан, бошлиқнинг ўзи келган?

-Бизга нисбатан қўлланилган ушбу жарималарни очиқчасига адоват туфайли бўлган деб ўйлайман. Сабаби, жамғарманинг собиқ бўлинма раиси билан муносабатларимиз яхши эмасди. Бунинг устига, МИБ ходимлари фуқароларнинг номига келадиган талабномаларни тарқатишни очиқчасига бизга юклаб қўйишарди. Ушбу масалада МИБ билан ўртамизда пайдо бўлган келишмовчилик бизга панд берди. Биз, шунчаки, МИБ ходимларига хизматкор сифатида эмас, шартнома ва ҳуқуқий меъёрлар асосида ишлашни таклиф қилдик, улар эса буни ўзлари учун ҳақорат ўрнида қабул қилишди. Ўшанда бир пайтнинг ўзида фақат биргина бизга эмас, 17 та маҳаллага электр ҳисоблагичлар ўрнатилган эди. Қолган 14 та маҳаллада ҳам биз қатори электр ҳисоблагичлар ўрнатилган. Фақат “Навбаҳор”, “Наврўз” ва “Ўзбекистон” маҳаллалари раисларига жарима қўлланилганлиги сизда шубҳа уйғотмаяптими?- дейди И. Қўнғиротов.

Жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида “Давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратади, қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатларни амалга оширишда уларга кўмаклашади”, 11-моддасида “Коммунал тўловлар ундирилишини таъминлаш, иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланиш бўйича тадбирлар ўтказишда, тегишли ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, уйлар ва ҳовлиларни намунали сақлашга доир ишларни ихтиёрийлик асосида ташкил этишда шартнома асосида кўмаклашади” (эътибор қилинг, қонунда текин хизмат қилади дейилмаяпти), 26-моддасида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари коммунал хизматлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланади”, 27-моддасида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асоси ўз маблағларидан, маҳаллий бюджетлар маблағларидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топади”, деб аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Аммо бугунги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, вилоят миқёсида барча МФЙлар ва МИБ ўртасида ҳамкорликни асословчи ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат бўлмиш – шартнома мавжуд эмас. МФЙ ходимлари инсонпарварлик тамойиллари нуқтаи назаридан МИБ нинг талабномаларини тарқатишади, яъни уларга кўмаклашади.

Ҳокимлик нега томошабин бўлиб турди?

Ўйлаб кўрсангиз, МФЙ лар зиммасига жуда катта вазифалар юклатилган. Уларнинг иш вақти чекланмаган. Эрта саҳардан тун қоронғусигача ҳокимлик тарафидан бериладиган топшириқлар, йиғилишлардан ортиб, маҳалла фуқароларининг муаммолари билан шуғулланишга ҳам вақт топиш зарур. Шанба ва якшанба кунлари ҳам идорадан бери келмай, ўзининг шахсий масаласи учун ҳам фурсат топа олмайдиган маҳалла оқсоқоли ҳамда унинг ёрдамчиларини айтинг-чи, ким ҳимоя қилади?! Юқорида тилга олганимиздек, нега 2017 йил 14 мартдаги жаримани тўлашни ҳокимият ўз зиммасига олгану, кейинги жаримани суд қарори асосида 3 миллион 86 минг 100 сўмни раис тўлаган?..

Туман ҳокими (собиқ) томонидан И. Қўнғиротовга йўлланган жавоб хатларини ўқиб энсангиз қотади. Аслида эса мавжуд қонунчилик бўйича маҳалла фуқаролар йиғинининг барча коммунал тўловлари ҳокимлик томонидан амалга оширилади.

МИБ “дахлсиз” ташкилотми?

Вилоят ҳокимлигининг жамоатчилик назорати 4-гуруҳ раҳбари ва аъзолари “Навбаҳор” МФЙ ҳудудидаги МИБ билан боғлиқ ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида 16 апрель куни мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими бошлиғи билан боғланиб, мутахассис жалб қилиши сўралганда, “Керак бўлса, ўзингиз келиб ўрганасиз”, дея қўполлик қилади. Мавжуд ҳолатни ўрганиш учун туман МИБ га бордик, аммо улар турли важларни баҳона қилиб, маълумот беришни пайсалга солишди. Ташрифимизнинг иккинчи куни эса ниҳоят “Ёзма мурожаат билан чиқишингиз лозим!” деган жавобни олдик. Шундан сўнг, 17 апрель куни мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими бошлиғи С. Қурбоновга хат билан мурожаат қилдик. Аммо ёзма жавоб ололмадик, рад этилди. Ниҳоят, мажбурий ижро бюроси вилоят бўлими бошлиғи номига Депутатлик сўрови йўллашга мажбур бўлдик. МИБ Ангор туман бўлими бошлиғи С. Қурбоновнинг имзоси билан жавоб хати олдик. Жавоб хатидан парча келтирамиз: “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси, 3-қисмида “Судларнинг раисларига, прокурорларга, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас”, деб кўрсатилган, дейилади жавоб хатида. Қонун матнига эътибор берсангиз, унда, айнан, “Судларнинг раисларига, прокурорларга, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига”, дейилмоқда. Шунингдек, иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқлилиги ҳақида айтилмоқда. Наҳотки, Ангор туман МИБ мутасаддилари юқоридаги ҳолатлар билан ижрога йўналтирилган, ҳатто жарималар ҳам ундирилган, суд материалига жарима қўллашга сабабчи бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённоманинг фарқига боришмаса? Оммавий ахборот воситасига, депутатлик сўровига чап бериш мақсадида мавжуд ҳужжатлардан нусха беришдан бўйин товлаш учун иш юритувидаги, тергов жараёнлари каби ҳолатлар сабаб қилиб кўрсатилса. МИБ жавоб хатида келтирган важлар билан қонун талаблари ўзаро мос келмаётганлигини матндан ҳам англаб турибсиз. Ўзларининг адолатпарвар эканлигига астойдил ишонишар экан, унда нега МИБ раҳбарияти жавобгарликка сабаб бўлган ҳужжатлардан нусха беришни исташмади?

Ҳар бир жарима ортида инсон омили, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари, мажбуриятлари турганлигини англаш шунчалик мушкулми? Бунинг устига таъминот шартномалари маҳалла раислари билан эмас, туман ҳокимлиги ўртасида тузилиши керак эмасми? Бундай ҳолатда жарималарни маҳалла раислари эмас, шартномага дахлдор муассаса тўлаши керак эмасми? Туман МИБ мутасаддилари ҳатто халқ депутатлари Ангор туман Кенгашининг “Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси”нинг  қарори асосидаги мурожаатига нисбатан ҳам ҳисобот беришни ўзлари учун лозим кўришмаган.

Асл ҳолат қандай бўлган?

Ангор туман ҳокимлиги ҳисобхонасидан олинган жадвал ва тўлов топшириқномаларда коммунал хизматлар учун барча маҳаллалар кесимида амалга оширилган тўловлар акс этган. Яъни электр ҳисоблагич уланмаган маҳаллалар учун ҳам белгиланган меъёрлар асосида маблағ йил давомида тўлаб келинган.

“Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Марзия Менглиевага нисбатан 28.02.2018 йилда газ тармоғидан ноқонуний фойдаланганлик учун 352 745 сўм жарима тўлатилган. Ўша пайтда “Ўзбекистон” ва “Наврўз” маҳаллалари ҳамда профилактика инспекторлари СВОЖЖДЛККД Ангор туман бўлимига қарашли бинода ижарада туришган. МИБ нинг далолатномасида 2 та “нуқта” дейилган. Аслида эса газ тармоғидан бошқалар ҳам фойдаланишган. Аммо негадир жарима фақат “Ўзбекистон” МФЙ раисига нисбатан қўлланилган. Гарчи, кейинчалик газ тармоғига қайта уланмаган бўлса-да, маҳалла раисидан 1 722 400 сўм жарима ва “қайта улов” учун деб яна 1 722 400 сўм жарима белгиланган. Шунингдек, “Наврўз” МФЙ раиси Абдуназр Зоировга нисбатан 2018 йил 6 апрелда  1 515 176 сўм зарар, 1 722 400 сўм жарима ва шунча миқдорда қайта улов қўлланилган.

– Ушбу бинода 2 та маҳалла ва 2 та профилактика инспектори хонаси жойлашган. Электр ҳисоблагич аввалдан бўлган. МИБ ходимлари қисқа муддатли текширув ўтказиб узиб кетишди, орадан 10 кундан кейин ўзлари келиб қайта улаб, пломбалаб кетишди. Барчага маълум, маҳалланинг коммунал тўловларини туман ҳокимияти амалга оширади. Ушбу ҳолат юзасидан мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Аммо жаримани бизнинг иш ҳақимиздан ушлаб қолишди. Энг қизиғи, текширув ўтказган мутасаддилар “Пулни сиз эмас, ҳокимият тўлайди-ку, имзони қўяверинг-да” деб чалғитишди бизни, – дейди А. Зоиров.

Арзимни етказ, …га!

Азалдан шундай фалсафа бор: инсон зоти ҳар қандай жисмоний қийинчиликларга бардош бериши мумкин, аммо зинҳор адолатсизликка чидай олмайди. Қуйида фуқароларнинг мурожаатларидан иқтибослар келтирамиз.

– Яқинда туман МИБ дан “Био Техно Эко” ташкилотидан 120 минг қарзингиз бор деган талабнома келди, аммо корхона билан қайта ҳисоб-китоб қилганимизда қарзимиз 56 минг сўм эканлиги аниқланди, – дейди Ангор туман “Навбаҳор” МФЙ фуқароси Н. Аллахонова.

Шу маҳаллада яшовчи Гулчеҳра Дўсанова эса 2017 йил декабрь ойида вафот этган турмуш ўртоғи Баҳриддин Сувоновнинг номига чиқинди учун 2 мартадан бери қарздорлик келаётганидан куйинади.

-Қизимга нисбатан 172 минг сўм жарима қўлланган эди. 2019 йил 17 апрель куни МИБ ходимларига жаримани тўладик. Аммо ҳалигача тўловни қабул қилганлик ҳақида квитанция беришгани йўқ, – дейди “Навбаҳор” МФЙ фуқароси Г. Ражапова.

– Ўғлим оилавий можаролар туфайли рафиқаси билан ажрашган эди. Ўтган йил 12 сентябрь куни туман мажбурий ижро бюросининг ходимлари уйимизга келиб, ўғлим Ҳайитов Зокирга агар бугун 25 миллион алимент пулини тўламасанг, қамаймиз, деб дўқ-пўписа қилишди. Ўша куни тушдан кейин ўғлим бу дағдағалардан қўрқиб, ўз жонига қасд қилиб қўйди, – дейди Ангор туман “Қадимий Ангор” МФЙ фуқароси Санобар Жўраева.

Шу маҳалла фуқаросининг асл исм-шарифи ҳужжат бўйича Тошанов Адин. Гарчи у чиқинди учун тўлиқ хизмат ҳақи тўлаган бўлса-да, 2019 йил 1 май санаси билан Тошанов Одил (исми нотўғри қўлланган) номига 246 000 сўм қарз мазмунида муҳрсиз, имзосиз 2-сонли талабнома келганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Фуқароларга келган талабномаларнинг аксарида на муҳр, на имзо бор.

Жарқўрғон туман “Қорақурсоқ” МФЙ да яшовчи фуқаро Зокир Бўтаёров эса ўтган йили автоҳалокат туфайли жабр кўрганлигини, аммо мажбурий ижро буюроси Жарқўрғон туман бўлими ходимлари 10 ой мобайнида унга товон пулини ундириб беришни пайсалга солишганлиги, шу йил май ойида вилоят ҳокимининг сайёр қабулида бўлиб, мурожаат қилгандан сўнггина, пулни унидириб беришганлигини айтади.

Олтинсой МИБда ҳам муаммолар етарлича кўринади. Айниқса, вилоят “Био Техно Эко” ташкилотининг жойлардаги бўлимлари томонидан учи-қуйруғи йўқ қарздорликларнинг фуқароларга қайта-қайта жўнатилаётганлиги ачинарли, албатта. Энг ёмон томони шундаки, чиқинди соҳасида кўрсатилмаган хизмат учун ҳам қарздорликлар белгиланмоқда.

“Бибизайнаб” маҳалласидаги Расул Аҳмедов хонадонида 4 киши яшайди. 29 март куни чиқинди учун 28 минг тўлаган, аммо 24 апрель куни яна 38 минг сўмга 101-сонли талабнома келган. Қизиқ ҳолат, “Овчи” маҳалласида яшовчи Шариф Маматраимовнинг номига ҳам 3 киши учун 50 минг сўмга 101-сонли талабнома келган. 101-сонли муҳрсиз ва имзосиз талабнома бир вақтнинг ўзида 2 фуқарога жўнатилаётганлиги МИБ ходимларининг хатти-ҳаракати кишида шубҳа уйғотади. Ваҳоланки, Ш. Маматраимов 20 апрелда ўзи ва ўғлининг хонадони учун 30 минг сўм тўлов қилган. Орадан 3 кун ўтиб, яна 50 минг сўмга талабнома келган.

– Оилада 3 кишимиз. Меъёр бўйича 3 кишига 7 ярим минг тўлашимиз керак экан. Апрель ойи учун барча тўловларни амалга оширганмиз. Аммо апрель ойи учун деб яна 50 минг сўмга талабнома келди, – дейди “Қумпайкал” маҳалласида яшовчи фуқаро Райҳон Худойқулова.

Денов туманида яшовчи фуқаро Р. Турдиеванинг қарзини, қарздор тараф гарчи оз-оздан бўлса ҳам тўлашни ваъда қилишига қарамасдан, туман МИБ мутасаддилари тўлов қобилияти йўқ деган важ билан ижро ишини тўхтатишганлигини айтади.

Хулоса ўрнида: бизни энг ажаблантирган нарса шу бўлдики, мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими мутахассислари томонидан тузилган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида”ги баённома ҳар учала маҳалла раисларига ҳам нусхаси берилмаган. Маъмурий баённома тузилган куни “Навбаҳор” маҳалла идорасида жамоатчи ишчи Э. Мухторовдан бошқа ҳеч ким бўлмаган. “Ўзбекистон” маҳалла раиси М. Менглиева ҳам далолатнома тузилганда идорада бўлмаганлигини айтади. Ўзининг айтишига қараганда, апрель ойида бундан хабар топган. Жорий йил 14 май кун туман МИБ бўлимидан ксеро нусхасини сўраб олган. Аммо имзоси ўзиники эканлигига шубҳа билан қарайди. “Наврўз” маҳалла раиси эса далолатнома тузилганда иштирок этганлиги, аммо жаримани ҳокимият тўлайди, деб чалғитишганлигини таъкидлайди.

2018 йил 17 сентябрь куни вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳининг хулосасида: “Ангор туман МИБ томонидан қўлланилган зарар ва жарима маҳалла раисидан эмас, балки маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан ундирилиши бўйича И. Қўнғиротовга тушунтирилди”, дейилади.

МИБ нинг маҳалла раисларига берган жавоб хатида “…маҳалла идорасини электр энергияси тармоғига ҳисоблагич орқали уланиб фойдаланиш тўғрисида бир неча бор огоҳлантиришлар берилишига қарамасдан, электр тармоғига ноқонуний уланиб, фойдаланиб келишган”лиги айтиб ўтилади. Аммо шу хусусда туман МИБ суриштирувчиси Ш. Қосимовдан, маҳалла раислари неча марта ва қай тартибда огоҳлантирилган деган саволимизга, афсуски, ҳеч қандай жавоб ололмадик. Огоҳлантириш берилмаганлигини туман ҳокимлиги бош ҳисобчиси Н. Маматов ҳам тасдиқлади.

Сўнгги пайтларда вилоятимизнинг қайси гўшасига борманг, фуқаролар ўз манзилларига нореал (ҳатто марҳумларнинг номига ҳам) қарздорликлар келаётганидан нолийди. Айниқса, чиқинди ташиш билан шуғулланадиган “азамат” ташкилотлар чиқиндиларни йиғиш ўрнига, пул йиғиш билан шуғулланадиган, кўрсатилмаган хизмат учун ҳам ҳақ талаб қиладиган муассасага айланиб қолаётгандек таассурот уйғотмоқда.

Биз ўз ваколатимиз доирасида маълумотлар тўплаб, нуқтаи назаримизни билдирдик. Энди фақат алоқадор мутасадди ташкилотлар ҳам ўзларининг холисона фикр-мулоҳазаларини билдиришса, нур устига нур бўлар эди.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,

“Сурхон тонги” мухбири

2019 йил 22 май, 31-сон

“Сурхон тонги” газетаси

Бошқа хабарлар