Сиз АҚШга бориб ишлаш ва яшашни истайсизми?..

45

– АҚШда
юртдошларимизнинг ҳаёти қандай?

– “Green Саrd”
бутунлай бекор бўлиши мумкинми?

“Сеҳрли диёр”:
кимгадир омад бўлса, ким учундир ҳақиқий ташвишли кунларми?

Бугун хорижда
ишлаш кўпчилик учун муаммоларга ягона ечим сифатида қаралиб келинади. Биргина
мисол, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ёнидан ўтинг. Турнақатор навбатга гувоҳ
бўласиз. Биз Қўшма штатларга виза олиш учун борганимизда, мендан олдин турган
10 кишидан 8 нафарининг сўровномасига рад жавоб берилди. Виза олганлар эса
худди лотереядан ютуқ чиққандек, бир-бирларини табриклашади…

Шу кунларда эса
“Green Саrd”нинг жавоби билан боғлиқ
янгиликлар сони ортяпти. Ҳамма жойнинг ўз тошу тарозиси бўлганидек, чет давлатларда
ишлашнинг ҳам ўзига яраша муаммолари йўқ эмас.

“Сеҳрли диёр”да ҳам
кимгадир омад кулиб боққан бўлса, ким учундир ҳақиқий ташвишли кунлар
бошланган.

Хўш, АҚШда
юртдошларимизнинг ҳаёти қандай, бугун уларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб
бериляптими? Шу ва бошқа саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Вашингтонда
фаолият олиб бораётган ҳуқуқшунос, “Langar
Law Firm” юридик фирмасининг асосчиси ва бош адвокати Миракмал Ниёзматов билан
суҳбатлашдик.


Америкада ўзбекистонликлар учун яшаш қийин эмасми? Муҳожирлар ҳаёти ҳақида
гапирганда энг асосий жиҳат сифатида нимани қайд этган бўлардингиз?

– Бу саволнинг кўп
жиҳатлари бор, чунки келганлар турли касб эгалари, турли ижтимоий муаммолари
мавжуд. Албатта, кўпчилик тезда иш топаман, деб ўйлаб келади. Биринчи иш
албатта Америка ҳаётига ўрганиш, бу ердаги каби фикрлашга ўрганмаган одам эса АҚШ
ҳаётига тез ўргана олмайди.

Биринчи йилларда
янги келганлар шу сабабли ҳам қийинчиликларга учраши мумкин. Аммо ўзбекларнинг
бир устунлик тарафи бор, бу – мослашувчанлик. Шу сабабли ҳам тез оёққа
тураётганлар сони оз эмас. Иккинчи томони ҳам борки, АҚШда бир ишда муқим узоқ
муддат ишланмайди. Улар турли йўналишларда ўзларини синаб кўриши мумкин. Бизда
эса баъзилар иш топдим-ку деб, йиллар давомида бир жойда ишлайди ва бу нотўғри.
Мунтазам ўз устида ишлаб бориш керак, ўз кўникмаларини ошириб, яхшироқ ишга
ўтишга ҳаракат қилиш керак.

– АҚШда
ўзбекистонликларни олий маълумотли, керакли мутахассис сифатида кўришадими ёки
арзон ишчи кучими?

– Келаётганларнинг
кўпчилиги олий маълумотли. Лекин, бу ерда стандартлар бошқача, шу сабабли меҳнат
бозорида ўз касбига муносиб иш топиш қийин бўлади. Ўзбекистонда у бакалаврда ўқиганми,
магистратурами, докторантурами фарқи йўқ. Чунки, таълим тизими бошқа ва ишга қабул
қилинаётганда талаб ҳам бошқача бўлади. Шунга аксарият яхши идораларда ишини
топмоқчи бўлган кишилар қайта таълим олишга мажбур бўлмоқда.


Ўзбекистоннинг олий маълумотли мутахассиси АҚШ меҳнат бозори талабларига жавоб
бермайди, демоқчимисиз?

– Тўғри! Шу
сабабли ҳам қандай мутахассис бўлишидан қатъи назар, таклиф этилаётган ишлардан ҳам
кўриш мумкин. Улар ҳайдовчи, сотувчи, ошхоналарда, электроника тузатиш ишларида
ишлашади. Бу соҳаларда талаб катта. Масалан, яхши ҳайдовчилик кўникмаларига эга
одам такси ёки юк машинасини ҳайдовчиси сифатида тез иш топади.

– Яқинда
“Green Card” лотереясининг жавоби ҳам чиқди. Сиз АҚШга келиш арафасида турган ҳамюртларимизга
қандай маслаҳат берган бўлардингиз? Ўзи бу ер ҳақиқатдан ҳам “Орзулар
мамлакати”ми?

– Американи
“орзулар мамлакати” деса бўлади. Лекин ҳаракат қилган одамга! Яхши мутахассис
албатта ўз олдига қўйган мақсадларига эришиши мумкин. Меҳнатнинг айби йўқ.
Лекин келаётган одам бу ерда яшаш ва меҳнат қилиш осон эмаслигини аниқ билиши
керак. Менга АҚШга боришимга кўмак беринг, дейишади. Йўқ, бундай йўл нотўғри.
Фақат АҚШга келишгина мақсад бўлмаслиги керак. Оёққа туриб олсам бўлди ва
биргина АҚШга бориш орқали ҳамма муаммоларим ҳал бўлади, деган одам адашади. Ўз
орзуларига Ўзбекистонда ҳам эришиш мумкин. Лекин, аниқ мақсадсиз киши Америкада
ҳам оёққа тура олмайди. Келаётган киши биринчи навбатда тил ўрганиши керак.
Тил, бу – мулоқот, тилсиз яхши иш топиб бўлмайди. Меҳнат дисциплинаси кучли
бўлиши керак. Чунки бу ерга келганда тинмай ишлаши мумкин. Шунга тайёр бўлиши
керак. “Green Card”, бу – ҳужжат, лекин шахсият муҳимроқ.

Тўғри, у кўп
имкониятлар беради. “Green Card” олган кишининг фуқародан фарқи у сайловларда
овоз бера олмайди. Давлатдаги катта лавозимларда ишлаш ҳуқуқини ҳам бермаслиги
мумкин, лекин бошқа жойларда ишлаш ҳуқуқи чекланмаган. Аввало, қандай бўлишидан қатъи назар, ишни бошлаш керак ва албатта
тил ўрганиш керак. Чунки харажатларни қоплаш талаб этилади. Бу ерда иш қила оладими-йўқми, шу муҳим, диплом эмас.
Кўп учрайдиган хатолардан бири – аввал университетга ўқишга кираман, дейишади.
Унинг харажати эса жуда катта. Режалаштирилмаган харажатлар мушкул аҳволга
тушиб қолишга олиб келиши мумкин.

Иккинчиси, келибоқ
нарса сотиб олишлари. Бу ерда қарзга бирон нарса сотиб олиш жуда осон. Чунки
капиталистик қараш устун. Сиз нарса сотиб олсангиз бўлди. Бизнинг
ватандошларимиз бунга учиб қиммат машина, ҳашаматли уй сотиб олишади ва кредит
ботқоғига ботишади.

Яна бир жиҳат.
Фарзандлар учун сифатли таълим беришни ўйлаш керак. Таълим даражаси турадиган
жойингизга қараб ўзгаради. Камбағал туманларда мактаб таълимининг сифати яхши
эмас. Келганда турар-жойни тўғри танлаш муҳимдир.

– Доналд
Трамп давлат тепасига келгандан кейин муҳожирларга нисбатан қатъий тартиблар
киритиляпти. Бу барча штатларда сезиляптими?

– Бу ерда миграция
сиёсати доим муҳокамалар асосида бўлиб келади. Масалан,Обама президентлиги вақтида энг кўп муҳожирлар
депортация қилинган. Лекин Доналд Трамп давлат раҳбари сифатида буни ўз нутқларида
танқид қиляпти ва ҳақоратомуз тарзда фикрлар билдиряпти. Бу эса ижобий ҳолат
эмас. Бу ўз навбатида муҳожирлар билан ишлайдиган давлат идоралари хизматчилари
муомалаларида ҳам акс этаяпти.
Кўпчилик билади, деворлар қуриш ёки муҳожирлар оиласи аъзолари сонини чеклаш
масаласи кўтарилди. Буни албатта амалга ошириш қийин. “Green Card”ни бекор қилиш борасида гаплар ҳам бор ва
бу баҳс ҳали давом этяпти. Яқинда чиққан янгиликлардан бири муҳожирлик қоидаларини
ижро этиш юзасидан янги кўрсатмалар берилди. Улардан бири – қайси давлат фуқаролари
кўпроқ қоидани бузаётган бўлса, ушбу давлатдан келувчи муҳожирлар сонини
чеклаш.

Хабарларга кўра,
Ўзбекистон ҳам бор. Лекин бу аниқмас. Чунки виза тартибини бузганлар сони
умумий муҳожирлар сонига нисбатан 10 фоиздан ошса, уни қўллаш киритилган.
Мендаги маълумотларга қараганда бизда 6,5 фоиз.


Умуман, Ўзбекистонда нисбатан меҳнат қилиш осонроқ. Баъзи ташкилотларда ишга
кеч қолиб борилади, турли оилавий тадбирлар, тўйларга жавоб сўралади… Қатъий қоидалар
ва аниқ иш вақти бўйича ишлаш қийин кечмайдими?

– Бошида бироз қийин
кечади. Лекин аниқ тартибга риоя этмаган ва қўйилган вазифани ўз вақтида
бажармаган одам узоқ муддат ишда қололмайди. Бу бозор иқтисоди талаби. Ҳеч ким
бирон таниши телефон қилиб аралашгани учун ишда қолмайди. Ишини ўз вақтида
бажариши асосий аҳамиятга эга.

– АҚШ аҳолиси
орасида ўзбек муҳожирларига муносабат қандай? Ёмон муносабатда бўлишмайдими?

– Йўқ, чунки
ўзбеклар энг камида учта тилни билади. Она тилидан ташқари инглиз тилини ўрганиб
келишади. Туркча, русча, тожикча биладиганлар ҳам оз эмас. Америкада учта
тўртта тилни билиш, бу – катта ютуқ. Чунки америкаликлар асосан бир тилни
билишади – инглиз тилини. “Улар бутун дунё инглиз тилини билиши керак”, деган
хаёл билан юрадиган кишилар. Бу уларнинг камчилиги. Ватандошларимиз эса бир
неча тилларни билади. Ҳатто америкаликлардан ҳам кўпроқ ютуқларга эришаётган
ватандошларимиз бор.

– Ҳозир
Ўзбекистон ҳам халқаро бозорга очиляпти ва хорижий компаниялар кириб келмоқда.
Ўзбек меҳнат бозорида ҳам малакали ишчи кучига эҳтиёж бор. Мана шундай шароитда
қайтиб бориш таклифи билдирилса улар қайтадими? Сиз-чи, яхши таклиф бўлса, қайтармидингиз?

– Таклифни албатта
ўйлаш керак. Америкадан Ўзбекистонга бориш қарори осон эмас. Чунки АҚШда оёққа
турган киши бу ернинг ҳаётига мослашган, турмуш тарзи, оила, фарзандлар таълими
каби масалалар ҳам туради. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистондан тушадиган таклиф
ҳам жозибадор бўлиши мумкин. Чунки ҳали у ерда кўп ишлар қилиш мумкин. Амалга
ошириш мумкин бўлган ишлар талайгина.

Шу билан бирга,
масофадан ҳам ўз ҳиссасини қўшиш учун бугун технологиялар тўлиқ имкон беради.
Бу – биринчи жиҳат. Иккинчиси, Ўзбекистонга бориш учун яхши таклиф бўлиши шарт
эмас. Шароит бўлса, бозор иқтисодиёти механизмлари яхши ишлаша, соғлом рақобат
муҳити яратилса, у ерда ўз ишини очиш ниятида бўлганлар сони кўпаяди. Ҳозир ҳам
бундай мақсаддаги кишилар йўқ эмас. Чунки Ўзбекистон бозори янги фикр олиб
киришга қулай бозор. Америкада рақобат қилиш осон эмас. Сизда қандай фикр
бўлмасин, бу ерда улар синаб кўрилган. Нечтаси муваффақиятсиз якунига етган,
амалга ошмаган ишлар кўп. Бизда эса анча янги бозор ва у ерда иш очаман,
деганларнинг сони ортиб бормоқда.

– Мана ҳозир
таълим ҳақида тўхталдингиз. Бу ерда яхши таълим билан бир қаторда яхши тарбия
бериш осонми?

– Бу қийин масала.
Чунки, боланинг асосий вақти таълим муассасасида ўтади. Кунига 8 соатгача
мактабда бўлган фарзанд ота-онаси билан бор-йўғи бир-икки соат вақт ўтказади. Хоҳлаймизми-йўқми, улар америкалик
бўлиб катта бўлишади. Ўзбек диаспорасидаги энг катта муаммолардан бири, бу
–болаларнинг ўзбекча гапиришга қийналишлари, улар инглизча гапиришади ва
фикрлашади. Улар ўқийдиган китоблар инглизча, дўстлари билан инглизча мулоқотда
бўлишади. Шу сабабли ҳам қийин. Оилада албатта ўзбекча гапиришга ҳаракат қилинади.
Биз гапирамиз, фарзандлар тушунишади, лекин улар инглизча жавоб беради. Баъзи
оилаларда қатъий қоидалар бор, ўзбекча гапириш талаби қўйилади. Бизнинг оилада ҳам
фарзандларга ўзбекча гапирамиз, лекин, улар ўзларини муаммоларини бизга айтаётганда
инглизча гапиришни афзал билишади. Бироқ улар ҳар йили Ўзбекистонга таътилга
борганда, ўзбекчани тез тиклаб олишади.

 Фейсбукдаги саҳифангизда хориждаги ватандошлар билан
ишлашни кучайтириш керак, деб таклиф билдирибсиз.
 Сизнинг-ча, қайси йўналишдаги ишларни
кучайтириш керак?

– Барча
йўналишларда. Элчихона ва консуллик ходимлари билан доимий мулоқотдаман.
Элчихона кўпроқ икки томонлама муносабатларга жавоб берса, консулхона фуқаролар
билан ишлайди. Лекин АҚШдаги фуқароларимиз сони кўп. Муаммолар серқирра.
Адвокат сифатида ҳар куни гаплашаман. Оила, ишдаги муаммолар, ҳуқуқий
масалалар, ойлик маошларини ололмайдилар баъзида ва бошқа турли масалалар
борки, уларни элчихона ёки консуллик имконлари билан ечиш қийин.

Фикримча, фаол
ишлайдиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам керак бизга бу ерда. Буни йўлга қўйиш
учун ҳам ҳукуматдан қандайдир ҳаракатлар бўлиши керак. Россия ва АҚШдаги муҳожирларнинг
муаммолари ҳар хил. Оддий виза ёки ҳужжатлар расмийлаштиришдаги ишларни
такомиллаштириш керак, балки консуллик ходимлари сонини ошириш лозимдир. Чунки
уларнинг кўриб чиқаётган масалалари сони жуда кўп. Тахминларга кўра, АҚШнинг
ўзида 300 мингга яқин ватандошлар бор. Шунингдек, Канададаги фуқароларимиз ҳам
АҚШдаги консулликка мурожаат этишади. Албатта, ватандошларимиз ўзлари ҳам
ташаббускор бўлишлари ва бирлашишлари керак. Энди-энди бошланяпти, ташкилотлар
тузиляпти. Муаммолар ҳам шу ташкилотлар орқали консулликка етказилиш керак.
Шунда ишлар осонлашади.

– АҚШга
энди келган муҳожирлар учун ижтимоий ҳимоя тизими қандай йўлга қўйилган?

– Европадан фарқли
ўлароқ, бу ерда бу тизим яхши йўлга қўйилмаган. Чунки капиталистик қарашлар
устунлик қилади. АҚШга ўзингни эплай олсанг келгин, деган қараш бор. Келган
кишига ҳеч қанақа ёрдам кўрсатилмайди. Баъзи ижтимоий лойиҳалар бор. Масалан,
энди ишга кирганларга тиббий суғурта қилиш учун кўмак берилиши мумкин. Лекин, турар-жой ажратиш ёки моддий ёрдам бериш назарда
тутилмаган. Баъзида “Green Card” ютган ватандошларимиз “мен келдим, ҳукумат
менга қандай ёрдам кўрсатади”, деб савол беришади. Ҳукуматдан ҳеч қандай ёрдам
йўқ! Ўзингиз келиб, ўзингиз оёққа турасиз. Нодавлат ташкилотларнинг лойиҳалари
бор. Масалан, бепул тил ўқитиш курслари ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини қандай
олиш мумкин, ҳужжатларни қандай тўлдириш мумкинлиги юзасидан маслаҳатлар
берилади, холос. Булардан албатта фойдаланиш керак. Қаерга бориш ва қайси
масалани ҳал қилиш мумкинлигини билиш фойдадан холи бўлмайди.

АҚШда бўлиб, ўз
ўрнига эга бўлиш катта иш. Ўзбекистонга улар нафақат пул жўнатиб иқтисодий
фойда келтиришяпти, балки янги “ноу-хау”лар ва
ғоялари билан ҳам ривожланишга ўз улушларини қўшишмоқда.

– Муҳожирлар
сафида ҳужжатсиз яшаётганлар ҳам бор. Полиция томонидан бу ҳолат аниқланганда,
уларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?

– Ҳужжатсиз муҳожирлар
одатда депортация қилинади. Улар ижтимоий дастурлардан фойдалана олмайди. Бу ҳолатга
тушиб қолмаслик учун қилинадиган чоралар бор. Афсуски, улар ўз вақтида қўлланилмайди.
Кечагина менга қўнғироқ бўлди, “виза муддати бугун тугайди, нима маслаҳат
берасиз”, деб. Бу ҳолатда қанча пул тўласангиз ҳам ҳеч нарса қилолмайсиз, вақтида
буни ўйлаш керак эди.

Бу ерда ҳамма
нарса олдиндан режалаштирилади. Агар америкаликдан келгуси йил режаларини бугун
сўрасангиз, ҳаммаси аниқ бўлганига гувоҳ бўласиз.

Айтайлик, сайёҳ
бўлиб келган бўлса, Америкада қолиш унга қандай наф беради? Аввало шуни ўйлаш
керак. Қолиш қарори қабул қилиндими, кейинги босқичга ўтилади, яъни ўқийдими,
ишлайдими ва ҳоказо. Агар расмийлаштирилмаса, у виза қоидаларига риоя
этмаганлиги сабабли депортация қилинади. Қонун-қоидани бузгандан кейин ҳаммаси
занжир реакциясида муаммоларни олиб келади. Бу ерда ишонч бор. Америка ҳукумати
бу киши виза олади ва у тугаши билан кетади, деган ишонч билан ҳужжат беради.
Бу ишончга путур етиши орқали эса бошқаларнинг имконияти камаяди. Бу дегани –
ишончни оқлайдиган кишига ҳам виза берилмайди. Улар сабабли ҳар бир визага
мурожаат қилганларга шубҳа билан қаралади. Менинг шундай танишларим борки, улар
ҳақиқатдан ҳам саёҳат учун келишмоқчи ёки иш юзасидан ҳамкорлик учун шерик қидиришади.
Ўзбекистонда ўз ишлари ва яхши даромадлари бор, лекин улар виза ололмаяпти.
Чунки ишончга зиён етказиб, ноқонуний йўллар билан қолишни ўйлаётганлар бунга
сабаб бўлишган.

Н. Тошпўлатова, ЎзА

Манба: uza.uz

Бошқа хабарлар