АДИР ОШОЛМАЁТГАН ИННОВАЦИЯ

87

ёхуд таълим тизимидаги ислоҳотлар Нурободга қачон етиб келади?

Далил: Бугунги кунда Нуробод туманида турли фанлар кесимида 210 нафар ўқитувчи ўрни бўш. Шу сабаб инглиз тили, кимё, биология, физика, география, миллий ғоя, рус тили сингари фанларни ўқитишда муаммога дуч келинаётир.
Маълумот: айни вақтда олийгоҳда ўқиётган талабалар орасида Нуробод тумани ёшлари вилоят бўйича энг озчиликни ташкил этади.
Савол: сабаблар нимада?
Таҳририятнинг «Мактабда бир кун» лойиҳаси асосида ана шу саволларга жавоб излашга киришдик.

«КАДР ИЗЛАБ САРСОНМИЗ»

Дастлаб сўрар манзилимиз Нуробод тумани халқ таълими бўлими бўлди. Аммо бўлим мудири йўқ экан. Мутахассисларга юзландик.
– 2229 нафар педагог ходимнинг 1547 нафари олий маълумотли мутахассис саналишади, – дейди туман халқ таълими бўлимининг ўзини ошкор қилишни хоҳламаган мулозими. – Тўғри, мутахассисларга эҳтиёж катта. Аммо биз ҳам қўл қовуштириб турганимиз йўқ. Изланяп­миз. Ҳатто, Навоий, Бухоро вилоятларидан кадрлар таклиф қилдик. Бунга жавобан бир нафар мутахассис Бухородан келиб ишламоқда. Оиласига шароит яратиб берганмиз. Навоийдан ҳам битта мутахассис олиб келган эдик, кетиб қолди.

– Балки пенсионерларни мактабга қайтариш керакдир?
– Имконияти, қуввати бор пенсионерлар ҳали ишлаяпти, – дейди у. – Ҳеч ким эътиборимиздан четда қолгани йўқ.
Бизни ҳайратга солган маълумот шуки, бир неча йилдирки бир қатор фанлар етарлича ўқитилмаганлиги боис бу соҳадан мутлақо мутахассис етишиб чиқмаган. Бу асорат бугунги кунда ҳам ўз кучини кўрсатаётир.
Айтсак, балки ишонмассиз, туманда бугун 5 та мактабда директор лавозими бўш. Иккита мактабга эса беш йилдан буён директор бўладиган номзодни излаб топиш амри маҳол бўлаётир.

ҲОЗИР ҚАЙСИ ДАРС?

Мактабларда ҳақиқий аҳвол қандай? Дарс жараёнларида ўзгаришлар, янгиликлар билан танишиш учун тумандаги «Шарқ юлдузи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 77-умумтаълим мактабида бўлдик.
Мактаб раҳбари ўрни бўш турганлиги боис директор ўринбосари Обрўй Расулов бу вазифани вақтинча бажариб турган экан. Бу ерда фаолият олиб бораётган 32 нафар ўқитувчининг 14 нафари ўрта махсус маълумотга эга. Ўтган йилда 300 ўқув ўрнига мўлжалланган икки қаватли замонавий мактаб биноси қуриб битказилган. Аммо янги иншоот, мана бир йилдирки, ҳувиллаб турибди. Кўрмоқ бор-у, фойдаланмоқ йўқ.
– Мактаб биноси қуриб битказилган бўлсада, бироқ уни ўқув жиҳозлари билан таъминлашга ҳеч ким қизиққани йўқ, – дейди Обрўй Расулов. – Алмисоқдан қолган эски мактабимизда амал-тақал қиляпмиз. Синф хоналари пол эмас, бетон, захкаш. Электр токи бўлмаса, йўлак зимистонга айланади. Бир амаллаб, қишни ўтказдик.
Мактабда замонавий таълим технологияси ҳақида ҳали тасаввурлар ҳам шаклланиб улгурмаган. Оддийгина компьютер ҳам йўқ. Демак, интернет ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Шу аснода мактаб ҳовлисини тўзғитиб, шаталоқ отаётган болаларни тўхтатиб саволга тутамиз. Улар 4-«Б»синф ўқувчилари. Ҳозирги дарс жисмоний тарбия экан. Аммо ўқитувчи кўринмайди.
– Спорт майдони йўқ экан, лоақал жисмоний тарбия ўқитувчиси бордир, – деган савол билан юзланамиз директор ўринбосарига.
Атрофдагилардан бири жисмоний тарбия ўқитувчисини излаб топиб келди.
– Мен бу синфга иккинчи соатда она тили фани ўрнига жисмоний тарбия ўтганман, дарс ўрнини алишганмиз, – дейди раҳбар ҳузурида пайдо бўлган жисмоний тарбия ўқитувчиси Суннат Суюнов.
Энди дарсни ташлаб қочган она тили ўқитувчисини ахтаришга тушдик. Ҳар тугул у ҳам пайдо бўлди. Ўз дарс соатини бир амаллаб жисмоний тарбияга тиқиштирган она тили ўқитувчиси Наргиза Ҳасанованинг эринчоқлиги тутиб қолган, шекилли, ўз вазифасини бажармай қўя қолибди. Болалар бир икки ҳовли чангитса, 45 дақиқа ўтади-кетади. Келажак авлод тақдирига муносабат бу…

«ХЎЖА КЎРСИН»ГА ЎТИЛАЁТГАН САБОҚЛАР

«Халқобод» маҳалласидаги 4-умумтаълим мактабидамиз. Бу даргоҳ кўп мақталар экан. Боиси, бу ерда бир нафар олий тоифали, бир нафар биринчи тоифали, 10 нафар иккинчи тоифали ўқитувчи фаолият кўрсатади.
– Аммо инглиз тили ва кимё фанидан кадр­­га муҳтожмиз, – дейди мактаб директори Бегали Обриев. – Бу бўшлиқни ўриндошлик асосида тўлдиряпмиз. Қолганига мажбуран ўрта махсус маълумотли мутахассисларни жалб этяп­миз.
Мактаб лабораторияси саналмиш гўшадаги шкафчада жиҳозлар «хўжа кўрсин»га тахлаб қўйилган. Шкаф тепасида чанг босган микрос­копни олиб кўздан кечирамиз.
– Ишлайди, яқинда ариқ суви таркибини аниқладик, – дея изоҳ беради директор.
Худди шу хонада 7-синф ўқувчилари «Маънавият» фанидан сабоқ олмоқда. Аммо ўқитувчи йўқ. Ўқувчилар ўзларига ўзлари «Одоб-ахлоқ-маънавият негизи» мавзуида дарс ўтишмоқда эмиш… Мактаб раҳбарининг изоҳ беришича, ўқитувчи (дарсни ташлаб) қандайдир муҳим тадбирга тайёрланаётган эмиш. Шу боис, бугунги дарс «такрорлаш».
Мактаб кутубхонасида 685 нусхада бадиий адабиётлар жамланмаси мавжуд. Кутубхоначи Раъно Тўйлиева кутубхонага 200 нафар, аниқроғи, барча ўқувчилар аъзо эканлигини билдирди.
Китобхон ўқувчилар формулярларини кўздан кечирганимизда аксарият китобхон болалар бу ерга ўтган йилда ташриф буюрганлиги қайд этилган. Айниқса, юқори синф ўқувчилари ўта «фаол». 9-синфдан икки нафар, 10-синф ўқувчиларидан уч нафар ўқувчи китоб олиб ўқибди, холос.

ТЎГАРАК БОРЛИГИ ҲАҚИҚАТМИ?

«Нурбулоқ» маҳалласидаги 42-умумтаълим мактабидамиз. Таълим даргоҳи раҳбари Фахриддин Султонов билан соҳадаги ишлар ҳақида суҳбатлашдик.
– Бизда биология ва физика фани ўқитувчилари етишмайди, – дейди у. – Мактабимиз компьютер билан таъминланмаган. Лаборатория йўқ. Аксига олиб, болалар ҳам дарсни тамомлаб уйларига жўнаб кетишганди.
Мактаб кутубхонаси билан танишай десак, кутубхоначи Дўсмурод Норбеков шу куни ишга келмабди.
– Балки, тўгараклар фаолияти билан танишармиз, – таклиф киритамиз директорга.
– Ўндан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Аммо бу билан ўринбосарим шуғулланади, – деди у.
Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акмал Сулаймонов фан ва спорт тўгараклари акс этган жадвал билан таништирди. Ҳар пайшанба мактаб ўқувчилари бир қатор фан, шахмат-шашка тўгарагида қатнашиши белгилаб қўйилган. У барча болалар машғулотлар билан машғуллигини билдирди. Улар ҳузурига бориш истагимиз борлигини сезгач «ҳозир» деди-ю хонадан чиқиб кетди. Бир оздан сўнг келиб, бугун болалар негадир машғулотларга келишмаганлигини айтди. Биз ҳам бироз ўжарлик қилдик. Лоақал машғулот хонаси, шахмат-шашка доскаларини бир кўздан кечирсак бўлар. Директор дангалига кўчиб қўя қолди.
– Тўгарак қатнашчилари ўзлари билан шахмат-шашка доскачаларини олиб келишади, – деди у. – Машғулотдан сўнг олиб кетишади.
Мана тўгараклардаги ҳаққоний ҳолат. «Али десанг, бали дейди» қабилидаги жавоблар…

Хулоса ўрнида

Эътибор қилган бўлсангиз, ҳикоямиз мобайнида бир оғиз ҳам соҳага олиб кирилган инновацион технологиялар, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталмадик. Биз буни атайлаб қилмадик. Балки, уни фаолиятда кўрмадик. Афтидан таълимдаги инновацияларнинг Нуробод адирларидан ошиб ўтишга қурби етмаётир чоғи.
Афсус. Биз дарс жараёни кетаётганлиги боис мактаблардаги ҳолатга янада чуқурроқ кириб боришга истиҳола қилдик. Юқоридаги ҳолатлар йўл-йўлакай учраган нуқсонлар, холос.
Халқ таълими вазирлиги доимо таъкидлаб келаётган, кунда-кунора телевизорда намойиш этилаётган, эътироф этаётган ислоҳотлар самараси шуми?
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бир матбуот анжуманида мактабларга ўқитувчилар, айниқса, эркак ўқитувчилар қайтаётгани хусусида тўлқинланиб сўзлаган эди. Афсуски, бу гапларнинг исботини биз Нурободда кўра олмадик…
Бугун биз баъзи мактаблардаги электрон журналлар ҳақида сўз юритяпмиз. Бугун биз баъзи мактаблардаги замонавий технологиялар, интернет, мультимедиа ҳақида сўз юрит­япмиз. Аммо улар бу мактабларга қачон етиб боради?

Хуллас, Нурободга савол билан бориб савол билан қайтдик. Балки, унга жавобларни мутасаддилардан олармиз?

Нурилла ШАМСИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар