«Гендер тенглиги» фақат аёлларнинг муаммоси эмас

614
Кейинги пайтларда кўп бора тилга олинаётган, жамиятда илдам илгари сурилаётган «гендер тенглиги» тушунчаси турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда, қатор фикрларни ўртага чиқармоқда. Бу кимлар учундир эриш туюлиб, энсасини қотираётгани ҳам бор гап. Худдики, гендер тенгликка доир қонун тасдиқланса, давлатнинг жилови аёлларнинг қўлига ўтиб кетадигандай ваҳимага тушаётганлар ҳам йўқ эмас.

БИР ҲАДИС САБОҒИ

Аслида, баъзи хорижий тадқиқотчиларнинг мамлакатимиздаги гендер тенглик даражасига паст баҳо бериш­лари адолатли қарор эмас. Авваламбор, Конституциямизда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани аниқ кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, аёллар манфаатларини ҳимоя қилишга доир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Жамиятда, жамоада аёлларга қатор қулайликлар берилган. Аёллар оғир ишларга жалб қилинмайди, уч ёшгача фарзанд тарбиялаётган, ногирон боласи бор аёлларнинг иш вақтлари қисқартирилган. Жамоа шартномалари орқали берилаётган имтиёзлар аёллар манфаатдорлигини янада кенгроқ таъминламоқда. Кечирасиз-у, ҳатто жиноят содир қилган аёлларга ҳам енгиллик­лар берилган. Бир хил жиноят содир қилган эркак ва аёлга нисбатан бир хил жазо қўлланилмайди. Қадриятларимиз, динимизда аёлни ардоқлаш шарт қилиб ­қўйилган. Дунё­даги аёллар манфаатларини ифодаловчи барча ҳужжатларни жамлаганда ҳам биргина «Жаннат оналар оёғи остидадир» деган ҳадиснинг салмоғини босолмайди. Оддийгина кундалик ҳаётимиздан мисоллар келтирайлик. Эшик қаршисига эркаг-у аёл тенг келса, аёлга йўл берилади. Автобусда эркак киши, гарчи ўзидан бир-икки ёш кичик бўлса-да, аёлга ўрин бўшатиб беради. Оғир юк кўтариб кетаётан аёлни кўрган йигит уни танимаса-да қўлидаги сумкасини олади. Эр ишдан келганда биринчи бор аёлини йўқлайди. Ўғил-у қиз эшикдан бирдай «Она» деб кириб келади. Бу иззат-у икромда минг йиллар давомида шаклланган миллий анъана ва қадриятларимиз мужассам. Ана шундай илиқ мулозамат кўмагида аёл билими, салоҳияти, иқтидори нуқтаи назаридан эркаклардан қолишмайдиган даражага эришди. Шунга монанд жамиятдаги мавқеини янада ­мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Мақсад жамиятга янада кўпроқ фойда келтиришдир. Аммо гендер тенглик масаласининг юзага чиқиши сабаби нимада?

БИРОВНИНГ ҲАСМИ(МИ?)

Асосий муаммо шундаки, кўплаб оилаларда қиз фарзандга нисбатан жамият ва оиланинг тўлақонли аъзоси эмас, кимнингдир ҳасми сифатида қараш ҳамон устун. Бундай назар остида тарбияланаётган қизлар ўз келажаги тўғрисида ўй сурганда жамият, фаоллик, мақсад, касб-ҳунар эгаллаш каби тушунчаларни бир четга суриб қўяди. Оқибатда, боқимандага айланади. Жамиятга фойда келтириш тугул, ҳатто ўзини ҳам эплай олмайди. Бундай аёл турмуш ўртоғига тўғри маслаҳат беришга, фарзандларини жамиятнинг фаол аъзоси қилиб тарбиялашга қодирми? Тақдир тақозоси билан бева бўлиб қолса, муаммолар гирдобидан чиқолмайди, ўзини ва фарзандларини таназзулга етаклайди. Акасига, амакисига қарам, ортиқча юк бўлади. Бунга мисоллар кам эмас.

БИР ТОМОНЛАМА ҚАРАШЛАР

Ота-онаси қўллаб-қувватлаб, орзулари сари дадил одимлаган, олий таълим даргоҳини тамомлаб, касб соҳиби бўлган қизга ҳам осон эмас. У турмушга чиққач, янги тўсиққа дуч келади. «Оилани эплаб қўйсанг ишла, йўқса йиғиштир». Оиланинг бутун ташвишларини аёлнинг зиммасига юклаб қўйиш қанчалик тўғри? Айрим эркак­лар оиладаги вазифасини фақат пул топишдан иборат деб ҳисоблашлари адолатданми? Фарзанд тарбияси учун фақат она масъул бўлиб қолаётгани оқибатида болалар бебош бўлиб кетмаяптими? Назаримизда, гендер тенг­лик масаланинг мана шу жиҳатларига эътиборни кучайтиришни тақозо қилади. Гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради, холос. Бу эса дунёни ўргимчак тўри каби ўраб олган бозор иқтисодиётининг бешафқат ўйинлари, талабларига мос ҳаёт кечиришимизда жуда муҳим. Биз истаймизми, йўқми, жаҳон ҳамжамияти билан тенг одимлашга мажбурмиз. Йўқса, хастаҳол инсон жамиятдан узоқлашгани янглиғ дунёдан узиламиз.

ТУШУНЧА ТОР БЎЛМАСИН

Кейинги пайтларда давлат бошқарувида аёлларнинг иштирокини кучайтириш масаласига эътибор ошгандек, назаримизда. Раҳбар бўлиш осон эмас. Айниқса, бугунги тезкор замонда. Амалдор одам эрта тонгдан тун ярмигача ишда бўлишига тўғри келади. Узундан узоқ йиғилишлар, сафарлар, асаббузарликлар… уйга қайтгач ҳам хаёлингнинг бир чеккаси ишхона ташвиши билан банд бўлиши… Кечирасиз-у, турли раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг турмуш тарзига ҳавас қилиб бўлмайди. Ҳам раҳбарлик, ҳам оила бекалигини тенг олиб бораётган аёлларнинг метин иродасига, бардошига, бағрикенглигига қойил қолиш керак. Уларнинг елкалари ҳам, қадамлари ҳам нозик эмас, эркакларники каби залворли ва шиддаткор. Бироқ беш қўл баробар эмас. Имтиёз ва имкониятларни суиистеъмол қилаётган аёллар ҳам бор. Уларда мансабпарастлик, шуҳратпарастлик авж олиб бораётганини кўриб жонинг ачийди. Баъзи мансабдор хонимлар уйда, қўни-қўшни, қариндош уруғникида ҳам ўзини раҳбар сифатида тутишлари кишининг ғашини келтиради. Уларга қараб «Мана, аёлга мансаб берсанг нима бўлади?» деб қўлини бигиз қилувчилар ҳам кўпаймоқда. Назаримизда, тенглик деганда аёлларимиз эркин ҳаётни тушуниб қолаётгандек. Бунинг натижасида эрга итоатсизлик қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Эркакнинг ғурурини синдиришга уриниши, фақат иқтисодий омилларга таяниб фикр юритиши, бўйсунишни истамаслик оқибатида асрий қадриятларимиз поймол бўлмоқда. Айрим аёллар арзимаган сабаблар билан ўз жуфтини, фарзандларининг отасини суд­­га бермоқда, қаматмоқда. Бу эса фақат шу аёлларнинг, оилаларнинг­гина эмас, жамиятнинг маънавиятига ҳам путур етказмоқда.

ЎРНИНИ БИЛГАН ЎРАГА ТУШМАС

Кўпни кўрган инсонлар дуога қўл чўзган чоғида, албатта, тилга олинадиган бир тилак бор: «Иссиқ ўрнимиз йўқолмасин». Жамиятда эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўз ўрни бор. Наздимизда, бугун айрим аёллар эркакларнинг ўрнини эгаллашга уриниши оқибатида ўз ўрнини йўқотиб қўяётгандай. Гендер тенглик ҳақида мулоҳаза юритганда, масаланинг ушбу жиҳатини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Қолаверса, хотин-қизларнинг ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий билимларини ошириш борасида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам кўп. Эркаклар эса ўзини фақат кўчанинг одами, деб ҳисобламасдан, оиладаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳақида ҳам ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди. Бу фикрлар «Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Респуб­ликаси қонуни лойи­ҳаси билан танишиш жараёнида туғилди. Ушбу қонун қабул қилинса, биз тилга олган қатор муаммо ва масалаларга ечим топилар, балки. Ушбу лойиҳани ўқиш жараёнида унга миллий менталитетимиз, қонунларимиздан келиб чиққан ҳолда айрим ўзгартиришлар ҳам киритиш керак деган хулосага келдик. Депутатларимиз ва қонун ташаббускорлари кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган ­фикрларнинг энг тўғриларини инобатга ­олишларига ишонамиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,

«Ishonch»

 
Бошқа хабарлар