ҲОКИМНИ ЁМОНОТЛИҚ ҚИЛИШ ИСТАГИ: БУ КИМГА КЕРАК?

77

Фуқаролар
йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловиларида аҳоли орасида ҳурмат-эътибор
қозонган, кўпчиликни эзгу ишларга эргаштира оладиган, энг муҳими, юртимизда
амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини дилдан
тушуниб, уларни рўёбга чиқара биладиган фаол ва ташаббускор инсонларнинг
сайланишига алоҳида эътибор қаратиляпти.Кармана тумани «Талқоқ» маҳалласида сайловни ташкил этиш бўйича юзага
келган вазият журналист Холбиби Сафарованинг эътиборини тортди.

Мақолани
тўлиқ қуйида ўқинг.

ҲОКИМ МАҲАЛЛА РАИСИ НОМЗОДИГА ҚАРШИ ЧИҚДИМИ?

ЁХУД ИНТЕРНЕТДА ТАРҚАЛГАН ВИДЕОХАБАР ҚАНЧАЛИК ҲАҚИҚАТГА ЯҚИН?

Яқинда бир қатор оммавий ахборот воситаларида «Навоийда ҳоким маҳалла
раиси номзодига қарши чиқмоқда» сарлавҳали видеохабар тарқалди. Унда Кармана
тумани ҳокими Фахриддин Умаров ҳудуддаги «Талқоқ» маҳалла фуқаролар йиғини
раисининг жорий йилги сайловларда ўз номзодини қўйишига қаршилик қилаётгани
айтилган.

«Номзодимни аллақачон қайтиб олганман»


Насиб қилган экан, уч йил маҳалла раиси лавозимида ишладим, — дейди «Талқоқ»
йиғини раиси Саид Шарипов. — Бу даврда маҳалламизда кўп ўзгаришлар бўлди.
Элнинг дуосини олиб, кам бўлмадим. «Беш қўл баравар эмас», деганларидек,
фаолиятимдан норози бўлиб, устимдан шикоят қилганлар ҳам бўлди. Бу йилги
сайловда олий маълумотли, ҳеч бўлмаганда, ўрта-махсус маълумотига эга
номзодларга эътибор қаратилаётганини кўриб, номзодимни қайтиб олишга қарор
қилдим. Менга ҳоким босим ўтказгани йўқ, ўзим шу йўлни танладим. Интернетда
тарқалган видеохабарга келсак, хабарни шарҳлаб турган Тўхтагул Турдиеванинг
айнан ўзи бир неча марта мендан норози бўлиб, жанжал қилган, устимдан турли
идораларга ёзишгача борган. Энди эса унинг номзодимни ҳимоя қилаётганидан
ҳайратдаман.

Ҳақиқатан
ҳам, С.Шарипов жорий йилнинг 3 май куни «Талқоқ» маҳалласида сайловни ташкил
этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Ўткир Ражабов номига ўз номзодини
қайтиб олиш тўғрисида ариза ёзган.


Саид акага номзодини қайтиб олмаслиги, халқ ундан миннатдор экани, ҳали кўп
ишлашини айтдим, лекин унамади, — дейди Ў.Ражабов. — Маҳалла тизимига эътибор
кучайиб, талаб ҳам шунга монанд ортгани, бу лавозимга олий маълумотли,
ҳужжатлар билан ишлаш малакасига эга номзод лойиқ эканини айтиб, фикрида қатъий
турди. Аввалроқ уч нафар номзоднинг ҳужжатларини тайёрлаб, туман ҳокимига
тақдим қилганмиз, улардан бири Саид Шарипов эди. Ҳоким бу номзод ҳақида ҳеч
қандай эътироз билдиргани йўқ. Бироқ негадир ҳокимдан норози бўлганлар 6 май
куни тумандаги Халқ қабулхонасига боришган. Ваҳоланки, бу пайтда ҳоким ҳали
номзодлар тўғрисида хулоса ҳам бермаган эди.

Ҳоким нима
дейди?

— Қонун бўйича ишчи гуруҳ томонидан
номзодларнинг ҳужжатлари тайёрланиб, туман(шаҳар) ҳокимига тақдим қилиниши ва
ҳоким номзодлар ҳақида асослантирилган хулоса бериши белгиланган, — дейди
Кармана тумани ҳокими Ф.Умаров. — Демак, номзодлар ҳақида охирги хулосани бериш
менинг ваколатимга киради. Видеохабарда таъкидланганидек, мен С.Шарипов
номзодига ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаганман. Халқ қабулхонасига мурожаат
қилган фуқаролар билан суҳбатлашдим, Т.Турдиевадан бошқа ҳаммаси бу ерга шахсий
муаммосига ечим излаб келганини айтишди. Тўғри, улар С.Шариповдан бошқа икки
нафар номзоднинг раис этиб сайланишига қаршилигини айтишган, лекин мендан
норози эмас. Афсуски, Т.Турдиева ана шундай содда одамлардан фойдаланиб,
игнадан туя ясашга уринган. Аслида икки ой аввал айнан унинг ўзи С.Шариповни
маҳалла раиси лавозимидан озод қилинг, деган талаб билан қабулимга келган эди.

Энди нима
бўлади?

— Маҳаллада сайловни қонун доирасида
ўтказиш мақсадида 401 нафар вакил саралаб олинган, — дейди ишчи гуруҳ раиси
Ў.Ражабов. — Халқ қабулхонасига ҳокимдан норози бўлиб борганлар сафида
вакиллардан ҳеч ким йўқ. С.Шарипов номзодини қайтиб олгач, иккита номзод қолган
эди. Халқ фикрини ўрганиб, яна икки нафар номзоднинг ҳужжатларини тай­ёрлаб,
туман ҳокимига тақдим этдик. Ҳозирча ҳоким номзодлар тўғрисида хулоса бергани
йўқ. Маҳалламизда сайлов 15 майга мўлжалланган эди, энди ҳоким хулосасини
олгач, сайловга камида беш кун қолганда номзодлар ҳақидаги маълумотни аҳолига
ошкор қилишимиз керак.

Сайлов бир неча кун кечиктирилса-да,
жараён албатта ўтади, халқ ўзи танлаган номзодга овоз беради. Мухтасар
айтганда, ҳаммаси изига тушади. Аммо…

— Бу воқеани худди мен уюштирганга ўхшаб
қолдим, — дейди С.Шарипов. — Эшитган-кўрган киши «раис лавозимидан кетмаслик
учун одамларини ишга солган» деган фикрга бориши тайин. Ахир, 3 майда
номзодимни қайтариб олганимни ҳамма ҳам билмайди-ку. Энди номимни қандай
оқлайман, ҳайронман, эл-юрт олдида уятга қолдим…

Маҳалла аҳлининг айтишича, Саид Шарипов
ўтган муддат давомида йиғин раиси лавозимида ҳалол ишлади, ҳудуд ободлиги,
оилалар тинчлиги ва фуқаролар турмуш шароитини яхшилаш йўлида астойдил ҳаракат
қилди. Кимларнингдир қўштирноқ ичидаги қаҳрамонлиги ёки ҳокимни ёмонотлиқ қилиш
истагидаги хатти-ҳаракати туфайли бугун уни ана шундай изтироб қуршаб олган.
Бироқ ҳар не бўлса-да, одамлар кимнинг қандайлигини яхши билади. Ўйлаймизки,
йиғинда сайлов шаффоф, адолатли, қонун доирасида ташкил этилади ва халқ
танлаган номзод раис лавозимига сайланади.

Холбиби
САФАРОВА

2019
йил 16-23 май, 23-сон

«Mahalla»
газетаси

Бошқа хабарлар