«ЙЎҚ» ДЕЙИШ «САНЪАТИ» ёхуд «Шум бола»нинг ёнини ким олади?

186

Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асарини кўпчилик ўқимаган бўлса ҳам, киносини деярли барча кўрган. Асарда касаба етакчилари образи бор. Шундай! Агар рамзийлик берсангиз, албатта.
Мана исботи – «Иннан кейин-чи?» деб саволлар бераверадиган бой – иш берувчи, ҳақини талаб қилувчи Қоравой – ишчи, «Етимнинг ҳақини ейиш гуноҳ» деб, «шум бола»нинг ёнини олган қария – «касабақўм»…

Буни тадқиқотчи эмас, балки шу жараённи кузатувчи сифатида айтмоқдамиз.
Гап шундаки, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйича масъул ташкилотчиси билан Жиззах махсус индустриал зонасига бу ерда фаолият кўрсатаётган бир қатор корхона ва ташкилотларда касаба уюшма қўмиталари ташкил этилганми, мавжуд бўлса, уларнинг фаолияти қандай йўлга қўйил­ган, деган саволларга ойдинлик киритиш мақсадида бордик. Аммо, афсус­ки, икки кунлик «юришимиздан» деярли ҳеч қандай натижа чиқмади.

ЖАВОБСИЗ МУРОЖААТ

230 нафар ишчи-ходим меҳнат қиладиган «Jizzax sanoat teks» ­масъулияти чекланган жамиятига борганимизда ҳар галгидек «раҳбариятдан ҳеч ким йўқ» деган жавобни олдик. Биз бу жавобдан қаноатланмай, маъмурият вакилларидан кимнидир чақириб беришларини қатъий талаб қилдик. Шундан сўнг, ҳар тугул «Кутиб туринглар, бухгалтер чиқади» дейишди. Кутдик…
Дарвозадан чиққан киши ўзини корхона директори ўринбосари Шерзод Анорбоев, деб таништирди. Қисқагина суҳбат давомида ўринбосардан касаба уюшма қўмитаси ташкил этиш бўйича корхона раҳбари номига бир неча марта хат билан чиқилгани, аммо мурожаатларга ҳеч қандай жавоб берилмаганлиги айтилганда, ундан «Проф­союз нима қилиб беради, профсоюз ташкил этиш мажбурий эмас-ку? Мен ҳеч нарсани ҳал қилмайман» деган жавобни олдик, холос.

«РАҲБАРСИЗ ҲАЛ ЭТОЛМАЙМАН»

«Jizzax – Toshtepa textile» МЧЖга эса илгари ҳам борилган. Ўшанда ҳам «раҳбариятдан ҳеч ким йўқ эди» дейил­ган жавоб олинган. Бу сафар ҳам «эски ҳаммом, эски тос» бўлиб чиқди. 900 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қиладиган корхона ходимлар бўлими бошлиғи Сирожиддин Дўстбековдан эса «Профсоюз ташкил этиш мажбурийми?» деган иддаони эшитдик.
Аслида, корхонада касаба уюшма қўмитаси 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, касабақўмлик Мўмин Санақуловга юклатилган. Ўтган сафар касабақўм телефонда «Мен раҳбарлар иштирокисиз сизлар билан суҳбатлашмайман» деб учрашувдан қочиб, «беркинган» эди. Бу сафар айтишларича, ­М.Санақулов меҳнат таътилида экан…

МАЪМУРИЯТДАН ҲЕЧ КИМ ЙЎҚ…

Ойна ишлаб чиқаришга ихтисос­лашган «Minyuan Silu Industry» МЧЖ­дамиз. 140 нафар ишчи меҳнат қиладиган корхона ходимлар бўлими бошлиғи Гуласал Абубакировага ўзимизни таништириб, корхонада касаба уюшма қўмитаси ташкил этиш нега шу пайтгача пайсалга солинаётганлиги сабабларини сўраганимизда, у бу масала ечимига «вақт етишмаганлигини» айтиб, эрта-индин корхонада сменалар алмашиши вақтида ишчи-ходимлар билан йиғилиш ўтказиб суҳбатлашишга маъмурият томонидан рухсат берилишини маълум қилди.
Жиззах шаҳридаги «Jizzax Kenteks» ҳамда Шароф Рашидов туманидаги «Jizzax Industrial To‘qima» корхоналарида яна бояги ҳолат кузатилди: раҳбариятдан ҳеч ким йўқ.
Шароф Рашидов туманида жойлашган «Odina Skarlet» МЧЖга ҳам бораверишдан армон қолмаган экан. Ўзининг фамилиясини айтишни истамаган корхона бош ҳисобчиси Ботир ака билан қоровулхонада суҳбатлашдик. Ҳисобчининг «Профсоюз ташкил этиш мажбурий эмас, ташкил этишга корхона раҳбари қарши, илгари берган хатларинг ҳам ётибди» деган гап-сўзидан, муносабатдан шуни англаш мумкинки, 2013 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ва бугунги кунда 80 нафар киши хизмат қиладиган корхонада касаба уюшма қўмитаси ташкил этилиши даргумон.
Икки кун давомида 12 та корхонада бўлдик. Кўриб, кузатганимиз шу бўлдики, деярли ҳамма корхона ва ташкилотларда «масъуллардан ҳеч ким йўқ», айтиладиган гап ҳам битта: «мажбурий эмас-ку».
Ҳа, тўғри, амалдаги қонунчиликка асосан касаба уюшма қўмитаси ташкил этиш, унга аъзолик ихтиёрий. Аммо… аммо, лекин, бироқ, дейишга ҳам асослар етарли.

ИННАН КЕЙИН-ЧИ?..

Келинг, дўппини эмас, бўйинбоғни ечиб, танганинг иккинчи томони ҳақида бир фикрлашиб, мулоҳаза юритсак. Ташкилотлар аслида касаба уюшмаси тузилишидан нега «қочишади»?
Чунки касаба уюшмаси бўлмаса:
– ёш йигит-қизларни «синов муддати билан» ишга олиб, сўнг уларни синовдан ўтмадинглар, деб қуруқ қайтариш осон;
– ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароити яратмасдан, меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этилмасдан ходимларни ишлатиш мумкин;
– қолаверса, белгиланган иш вақтидан (кунига 8 соат) кўпроқ вақт ишлатиш, ёш келинларга «туғуруқ таътили берилмайди, ҳомиладор бўлганлар ишдан бўшайди», деб шарт қўйиш, касал бўлиб қолганларга, «больничнийга» эмас, ўз ҳисобингдан «отпусткага» чиқасан, дейиш мумкин. Энг муҳими, турли баҳоналар билан маошни, товон пулини ўз вақтида тўламасдан юрса бўлади…
А, лаббай! Мана, нима учун кимларгадир касаба уюшмаси керак эмас!
Агар корхона ва ташкилотларда касаба уюшма қўмитаси ташкил этилса:
– юқоридаги каби саволларга ўрин қолмасди;
– иш берувчининг ноқонуний талаб ва хатти-ҳаракатларига чек қўйи­ларди;
– ходимлар меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий ҳимояси кучаярди.
Менимча, жойларда «Шум бола»даги «қария»лар, яъни касабақўмлар кўпайса, бундан иш берувчи ҳам ютарди. Негаки, касабақўм бор жойда ҳаммаси жой-жойида бўлади. Ҳаммаси жой-жойида бўлган жойда эса барака ва даромад бўлади.

Алижон Абдураҳмонов,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар