ТЕШИК ТОМ ЯМАЛИБДИ, АММО…

49

Давлатимиз томонидан аҳолини арзон, сифатли уйлар билан таъминлаш
борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида
эса бу ҳақда мақтанишга вақт ҳали эрта кўринади. Туманнинг Аҳмаджон Қурбонов
маҳалласи Рабғузий кўчаси, 13-уйда яшовчи фуқароларкўп қаватли мазкур тураржой 2018 йилнинг ёзида капитал
таъмирланган бўлишига қарамай, ишлар кўнгилдагидек бажарилмаганлиги сабабли ёғингарчилик
кунлари томлардан чакка ўтишидан азият чекмоқда. Мутасаддилар эса аҳолининг ҳам,
журналистларнинг ҳам ўз ёлғонлари билан қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришдан нарига
ўтмаяпти.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

АҲОЛИ АЛДАНДИ, НАВБАТ ЖУРНАЛИСТГАМИ?..

Самарқанд вилояти, Жомбой тумани Аҳмаджон Қурбонов
маҳалласининг Рабғузий кўчаси, 13-уйда яшовчи фуқаролардан таҳририятимизга
(“Жомбой тонги” газетасига) мурожаат келиб тушди. Аён бўлишича, мазкур кўп қаватли
тураржой 2018 йил ёз ойларида капитал таъмирланган. Бироқ, ишлар кўнгилдагидек
бажарилмаган. Оқибатда ёғингарчилик кунлари томлардан чакка ўтган. Бир сўз
билан айтганда, уй томини ёпиш ишлари сифатсиз амалга оширилган.
 

Бундан ташқари аризада, таъмир учун ажратилган кредит
маблағлари ҳам кўп ҳисоблангани таъкидланган. Ҳақиқий аҳвол билан танишиш мақсадида
манзилга бордик.

– Томни янгилаш учун ўтган йили қурувчилар тепа қисмини
очиб кетишди, – дейди Орзугул Қувондиқова. – Аксига олиб, ўша пайтда бир ҳафта
тинмай ёмғир ёғди. Иш тўхтагач, иккинчи қаватдаги уйларни сув босди. Деворлар
захлаб кетди. Аммо барча бу ноқулайликларга чидади. Сабаби томимиз
янгиланаётган эди. Лекин, яқинда, апрель ойидаги ёғингарчиликларда иккита
хонамдан яна сув ўтиб кетди. Неча бор қурувчиларни чақирдик. Келиб, тузатгандек
бўлишди. Аммо, вазият ижобий томонга ўзгармаяпти. 

Икки қаватли мазкур тураржойда 20 оила истиқомат қилади.
Уйнинг томи, фасад қисми кредит ҳисобига таъмирлаб берилган. Тўлов миқдори оила
бошига 11 миллион сўмдан тушяпти. Бу маблағни улар ўн йил давомида тўлаб бориши
зарур. Лекин аҳоли бундан норози. Қурилишдан кўнгли тўлмагани, том ва фасад
таъмиридан норозилиги боис, аксарият хонадон соҳиблари бу маблағни тўлашдан бош
тортмоқда.

 – Фасад қисмини яхшилаймиз, деб ранг беришда
оддий оҳак ишлатишди, – дейди Матлуба Солиҳова. – Шунинг ўзи қирқ миллион сўм
бўлганмиш. Нега бунча қиммат, десак мутасаддилардан тайинли жавоб ололмаяпмиз.
Бизга қурилиш лойиҳаси ёки кредит шартномаси ҳам кўрсатилмаган. Муаммо фақат
томда эмас. Ичимлик суви ўн йилдан бери келмайди. Канализация тармоғи
ишламайди. Бу вазиятга яна қанча чидаш мумкин?

Дарҳақиқат, хонадонлардаги ҳолат кишини ўйлантиради.
Ертўла чиқиндихона вазифасини ўтай бошлабди. Ўтган йили умумий ҳожатхона қуриб
берилган экан. Аммо аҳоли ундан фойдаланмайди. Сабаби, бу ердаги ишлар ҳам чала
қолган.

Жомбой тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимида
мазкур масалага шундай изоҳ беришди:

– Томдан сув ўтаётган бўлса, қурувчи айбдор эмас, –
дейди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Маҳмуд Абдураҳимов.
–Айб аҳолининг ўзида. Профнастилни тешиб, ўзбошимчалик билан мўри қуриб олган,
антенна ўрнатгач, томчи ўтмай нима қилсин? Бир сафар мурожаат қилишганида,
бориб ямаб бердик. Яқинда атрофини ҳам ободонлаштирамиз. Бу ишлар учун маҳаллий
бюджетдан 73 миллион сўм маблағ ажратиляпти. Давлат ҳисобидан болалар
майдончаси қуриб берилади. Ичимлик сувини чиқариш, тунги ёриткичлар ўрнатиш ҳам
режалаштирилган. Фақат йўлак масаласи ҳозирча, муаммо бўлиб турибди. Аслида,
уни ҳам ўша маблағ ҳисобидан қуриш керак эди. Лекин маблағ бироз етмай қолиши
мумкин. Йўлакни ҳашар ёрдамида бажарамиз. Шағал ва цементни ҳомий ташкилот
етказиб бермоқчи. Қолгани аҳолининг зиммасида. Туман бандликка кўмаклашиш
маркази билан шартнома тузилади. Ким ишлайман деса, жамоатчилик тартибида ойлик
маош берилади.

Бироқ аҳолининг фикри умуман бошқа. Уларни бу таклиф жиддий хавотирга соляпти. Чунки йўлак қуриш, ташқи
зиналарни таъмирлашни тажрибали мутахассислар бажаргани маъқул. Томнинг сифатсиз ёпилгани хонадон эгаларига яхшигина сабоқ бўлган. 

М.Абдураҳимовнинг таъкидлашича, жорий йилнинг апрель
ойидан шу уйда яшовчи аҳолидан мажбурий бадал ундирилиш бошланган, кредит қарзи
бекор қилиниши кутилмоқда. Аҳоли турар-жойнинг бир квадрат
метрига 1000 сўмдан тўлаб боради. Бу маблағ йиллик капитал таъмирга ишлатилади.
Ўтган ойларда тўланган ортиқча кредит суммаси қайтариб берилиши мумкин. Ёки бошқа
мақбул чораси кўрилса керак.  Бу М.Абдураҳимовнинг тахмини,
албатта. 

Том масаласида эса қатъий фикрни айтди: 

– Қурувчилар икки
куннинг ичида томни тузатиб беришади. Бунда муаммо йўқ. Иш якуни билан таҳририятга
ёзма маълумот тақдим этамиз. 

Ваъдага биноан, ўша
маълумотни кутдик ва олдик ҳам.

Унда ёзилишича, Рабғузий
кўчасидаги кўп қаватли уйнинг ҳолати бўлим мутахассислари томонидан ўрганилган.
Пудратчи ташкилот сув ўтаётган жойларини таъмирлаб берибди. Қолаверса, аҳоли
билан ҳашар ўтказиб, атрофни ободонлаштиришга келишиб олишганмиш.

Демак, муаммо ҳал.
Кўпчиликни қийнаб келаётган тешик том ямалибди.

Аммо…

– Ҳеч ким келиб, томни
таъмирлагани йўқ, – дейди О.Қувондиқова. – Учрашув ўтказилгани ҳам ёлғон.
Кредит тўлаш шарти бекор қилинган бўлса, нега биз хабардор қилинмадик? Мажбурий
бадал масаласида аҳолини хабардор қилиш, маслаҳатлашиш керак
эмасмиди.  

Бундан кўринадики, таҳририятга
берилган маълумот шунчаки қуруқ гап. Ёлғон хабар бўлиб чиқяпти.  

Хуллас, сифатсиз ёпилган
том масаласи яна очиқ қолмоқда. Умумий ҳожатхонанинг қурилиши охирига
етказилмаган. Кредит, мажбурий бадал тўловидаги чалкашликлар ҳам барҳам
этилмаган. 

Савол туғилади.
Эътирозга сабаб бўлаётган қурилиш шартномаси, смета ҳужжатлари кимнинг қўлида?
Нега истеъмолчилардан сир тутиляпти?  

Туман уй-жой коммунал
хизмат кўрсатиш бўлими бу билан нимага эришмоқчи? 

Олдинда иссиқ кунлар. Ёмғир
ёғмаса, чала ёпилган томнинг айби очилмайди. Кузгача ҳали қанча вақт бор. Болта
тушгунча, кундага дам, деганими бу? Йўқса, таҳририят ва аҳолини алдашдан муддао
нима?  

Сирасини айтсак,
мурожаатни “ёпиш” илинжида ёлғон-яшиқ ахборотларни расмий хат важи
билан тақдим этиш ҳолатлари, афсуски, камаймаяпти. Хўш, бунга қонунларимиз нима
дейди? 

Матбуот орқали ёлғон
ахборот тарқатишга уриниш жавобгарликка сабаб бўлишини бу масъулларга ким
тушунтиради?

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

журналист

2019 йил 22 май, 20-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

Бошқа хабарлар