Хонадонларни обод, дилларни нурафшон этаётган ислоҳотлар

63

Жамоатчилик комиссия­сининг апрель-май ойларида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги маҳаллалар аҳли билан ўтказган мулоқотлари, ишчи гуруҳларнинг ўрганишлари давомида юзага чиққан муаммолар, ижтимоий соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида тизимли ва кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Хўш, бу ишлар фуқаролар ҳаётида, туриш-турмушида қандай акс этмоқда? Одамлар бажарилаётган ишлардан мамнунми?

Шу каби саволларга жавоб олиш, хонадонлардаги ҳолат, фуқароларнинг мурожаатларига қай даражада ечим топилаётганини ўз кўзимиз билан кўриш, улар билан юзма-юз суҳбатлашиш мақсадида Яшнобод туманида бўлдик.

«Уч сотихлик ҳовлида 20 киши яшар эдик»

Дастлабки суҳбатдошимиз «Беҳизор» маҳалласида яшовчи Раҳима Тўйчиева бўлди.
– Турмуш ўртоғим, икки нафар ногирон фарзандим билан 1 хонали уйда яшар эдик, – дейди у. – Бир неча йил аввал турмуш ўртоғим ҳам автоҳалокат сабабли ногирон бўлиб қолгач, аҳволимиз янаям оғирлашди. Бу орада қизимнинг ҳам рўзғорида муаммолар пайдо бўлди. Фарзандларим, набираларим қўшилиб 20 киши уч сотихлик уйда яшай бошладик. Шароитимиз бундай аҳволда бўлган, табиийки, уй олиш учун қўлимиз калталик қилар эди.

Дастлабки суҳбатдошимиз «Беҳизор» маҳалласида яшовчи Раҳима Тўйчиева бўлди.
– Турмуш ўртоғим, икки нафар ногирон фарзандим билан 1 хонали уйда яшар эдик, – дейди у. – Бир неча йил аввал турмуш ўртоғим ҳам автоҳалокат сабабли ногирон бўлиб қолгач, аҳволимиз янаям оғирлашди. Бу орада қизимнинг ҳам рўзғорида муаммолар пайдо бўлди. Фарзандларим, набираларим қўшилиб 20 киши уч сотихлик уйда яшай бошладик. Шароитимиз бундай аҳволда бўлган, табиийки, уй олиш учун қўлимиз калталик қилар эди.

Шундай кунларнинг бирида кам таъминланган оилалар учун уй-жой берилишини эшитиб, биз ҳам ариза топширдик. Ишчи гуруҳ, мутасадди ташкилот вакиллари келиб аҳволимизни кўришди. Дастлаб ишонишмади: «Ахир, қандай қилиб 20 киши шу кичик уйда яшаши мумкин?». Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар келганларга вазиятимизни тушунтиришди. Ва ниҳоят, орзумиз ушаладиган бўлди.
Жорий йилда бизга Президентимиз номидан 2 хонали уй берилди. Бу хабарни эшитгач, бениҳоя хурсанд бўлдик. Умидимиз пучга чиқмагани, мурожаатимиз беэътибор қолмагани учун шукроналар айтдик. Айниқса, жажжи невараларим қувончи ер-у кўкка сиғмаганини айтмайсизми!
Жамоатчилик комиссиясининг туманимизда ўтказган мулоқоти чоғида ўз миннатдорлигимни билдирдим. Мана шундай эътибор учун, кўрсатилган ғамхўрлик ҳамда аҳволимизга бефарқ бўлишмагани учун мутасаддиларга, хусусан, давлатимиз раҳбарига ўзим ва оилам номидан раҳмат айтаман.

«Қизим эшитяпти!»

Жамоатчилик комиссияси учрашувида «Катта Янгиобод» маҳалласида яшовчи Абдуқаҳҳор Йўлдошев набираси Самия Абдуқаҳҳоровага кўрсатилган эътибордан хурсанд бўлганини, кўнгли тубидаги миннатдорлик сўзларини тўлқинланиб гапирди. Биз батафсил суҳбатлашиш учун у кишининг хонадонига бордик.
– Қизим Самиянинг саломатлигида муаммо борлигини бир ярим ёшдан ошган вақтида пайқаб қолдик, – дейди қизалоқнинг онаси Юлдуз Анварова. – Шундан буён бормаган шифохонамиз, кўрсатмаган табибимиз қолмади ҳисоб. ­Тажрибали мутахассисларга текширтирдик. IV даражали нейросенсор эшитиш пастлиги ташхиси қўйилди. Операция қилиш ҳамда хориждан келтириладиган махсус эшитиш мосламаси учун катта маблағ талаб қилинишини эшитиб, нима қилишни билмай қолдик. Шундай бўлса-да, умид билан тегишли идораларга ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари мурожаатимизни ўрганиб чиқишди ва масала ижобий ҳал этиладиган бўлди. Яқинда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Қизим энди эшита бошлади. Лекин овозларни тўлиқ ажратиб олиши, мулоқотга кириши учун бироз вақт керак бўлар экан. Беадад шукурлар бўлсин, фарзандимнинг саломатлиги яхшиланиб боряпти. Бизнинг аҳволимизни тушунган, ёрдам қўлини чўзган ташкилотларга, мутасаддиларга ва албатта, Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман.
Самия ҳозир тўрт ёшда. Унинг саломатлиги шифокорлар назоратида. Тез орада у тенгдош­лари сафида боғчага, кейин мактабга боради. Жажжи қизалоқнинг оламга ҳайрат ва қизиқиш билан тикилаётган кўзларига, овозларни илғашга бўлган интилишини кўриб, биз ҳам унинг тезроқ соғайиб кетиши, тенгдошлари сафида шодон ўйнаб-кулиб юришини тиладик.

Кранчи холанинг қувончи

«Ўрта Масжид» маҳалласи, Оҳанрабо кўчасида яшовчи Зулхумор Эшниёзова ўқишни тугатиб, 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида кранчи бўлиб ишлади. Турмуш ўртоғи билан ҳам иш жараёнида танишди. Турмуш қуришди, фарзандли бўлишди. Меҳнатлари меваси ўлароқ кичикроқ бўлса ҳам уй олишди. Эндигина ҳаётнинг паст-у баландини бирга кўрамиз, фарзандларимизни камолга етказиб, кексалик гаштини сурамиз, деб ният қилиб юришган кунларнинг бирида бахтсиз ҳодиса рўй берди. Автоҳалокат сабаб эридан барвақт жудо бўлиш унинг тақдирига битилган экан. Оиланинг бутун масъулияти икки ўғли ва бир қизи билан бева қолган аёлнинг зиммасида қолди. Не машаққатлар билан уларни ўқитди, уйлантирди, турмушга берди. Оила каттариб, набиралар дунёга келгач, бир ёқдан уйнинг кичиклиги, бир ёқдан эса янги уй сотиб олишга ҳали-бери олишга қурблари етмаслиги маълум бўлди. Катта бир хўжалик кўп қаватли уйнинг олтинчи қаватидаги бир хонали кичик хонадонда яшай бошлади.
– Қизимнинг турмуши бузилгач, вазият янада қийинлашди, – дейди Зулхумор Эшниёзова. – Ёш болаларнинг қий-чуви, кунда-кунора бўлиб турадиган арзимас масалалардаги оилавий келишмовчиликлар кексайганда кишига унча хуш ёқмас экан. Устига-устак, уй кичкина, уч хўжалик учун торлик қилиб қолган эди. Ўғлимнинг имтиёзли уй-жой олиш ҳақидаги аризаси ижобий ҳал этилгани, уларга янги қурилган уйлардан бири берилиши ҳақидаги хабардан кўнглим ёришди. Шу ишга бош-қош бўлгани, муаммомизга бефарқ бўлмагани учун барча масъуллар ҳақига дуодаман. Илоҳим, мана шундай хайрли ишлари бардавом бўлсин!

«Хаёлимизга ҳам келмайдиган мўъжиза бўлди»

Мулоқот чоғида миннатдорлик билдириб кўзига ёш олган яна бир онахон – «Катта Қўйлиқ» маҳалласида яшовчи Насиба Асқарова билан суҳбатимиз амалга оширилаётган ишлар кўлами, ижтимоий ҳимоянинг нақадар муҳимлигини янада яхшироқ идрок этишга ёрдам берди.
Маҳалла раиси Фаррух Раҳимовдан онахон билан учраштиришни илтимос қилганимизда, дастлаб бироз кутиб қолсак керак деб ўйлаган эдик. Тахминимиз нотўғри чиқди. Маҳалла идорасига бир зумда етиб келган Насиба опа муддаомизни билгач, ҳаяжон билан Президентимизга шахсан миннатдорлик билдиришни жуда-жуда исташини, ҳеч бўлмаса биз орқали етказмоқчи эканини айтди.
– Уй олиш бир умрлик орзуим эди, – дейди Насиба опа кўнглидаги гапларни ўртоқлашаркан. – Бир фарзандим ногирон. Бир неча йилдан буён уйсиз сарсон-саргардон эдик. Ҳаттоки ижарада туришга ҳам имкониятимиз етмасди. Президентимиз томонидан ҳеч қандай тўловсиз, беминнат уй совға қилиниши хаёлимизга ҳам келмайдиган мўъжиза бўлди. Бизга янги қурилган икки хонали уй берилди. Қувонч­дан йиғлаб юбордим. Фарзанд­ларимнинг ҳам, ўзимнинг ҳам қувончим чексиз. Бу қадар эътибор, меҳрибонлик учун давлатимиз раҳбарига мингдан-минг раҳмат айтаман, умрлари узоқ, мана шундай яхши амаллари бардавом бўлсин!

Уй ҳам, кўнгил ҳам обод

Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ «Бойсун» маҳалласида яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони Дилдора Ҳамидова яшаётган уйнинг том қисми таъмирлаб берилди. Маҳалла раи­­си Хайрулла Саидохунов билан биргаликда ушбу фуқаронинг хонадонига йўл олар эканмиз, раис қуйидагича маълумот берди:
– Дилдора Ҳамидова ёғин-сочин вақтида уйи­м­­­­нинг томидан чакка ўтяпти, деб қолди. Ўзининг айни пайтда ҳам жисмоний, ҳам моддий имконияти етмаслигини ҳисобга олиб, ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Ҳомийлар кўмаги, маҳалладошлар ёрдами билан 25 миллион сўм сарфлаб, уйи­нинг том қисми тунука панель билан қайтадан ёпилди.
– Илгари «том босиб қолмасмикан?» деган хавотирда эдим, – дейди Дилдора Ҳамидова. – Минг раҳмат, мана таъмирлаб беришди. Шароитимни тўғри тушунишгани, менга ёрдам қўлини чўзишгани учун барчаларидан миннатдорман. Энди ёғингарчилик пайти уйимиз томидан чакка ўтмайди.
Бу ишлар бошида турган давлатимиз раҳбарига ўзим ва оила аъзоларим номидан миннатдорлик билдираман. Бундай ғамхўрлик ва эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди.
Бу каби меҳр-мурувват ва эътибордан баҳраманд бўлиб, ташаккурини айтиб тугатолмаётган инсонлар кўплаб топилади. Жумладан, 2017 йилда имтиёзли уй-жой билан таъминланган иккинчи гуруҳ ногирони Одина Ҳошимова, «Ойдинкўл» маҳалласида яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони бўлгани ва яшаш шароити оғирлиги инобатга олиниб, уй-жой берилган Ҳилола Худоёрова, оғир касалликка чалинган қизига маҳалла аҳли яқиндан ёрдам кўрсатган «Тонг» маҳалласида яшовчи Фотима Абулхонова, 2017 йилда уйи Касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобидан мукаммал таъмирдан чиқариб берилган «Алимкент» маҳалласида яшовчи Олга Кузмина ўзларига кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан хурсандлиги, барча ташкилотчилар, хайрли ишлар бошида турган мутасаддилар ва Президент ­Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдор эканини алоҳида таъкидлашди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Жамоатчилик комиссияси фуқаролар мурожаатларининг ижобий ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳар бир фуқаронинг арзи синчиклаб ўрганиб чиқилаётгани натижасида уларга ўз вақтида ечим топиляпти. Бундан эса аҳоли ­мамнун.

Аъзам Абулфайзов,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар