МАТЕМАТИКАНИНГ МУСИҚА ВА ШЕЪРИЯТГА ЯҚИНЛИГИ РОСТМИ?

80

Математика фани кўпчиликка
мураккаб фандек кўринади. Аммо ушбу фан билан чуқур шуғулланган
киши унинг қизиқарли эканини эътироф этади. Журналист Шоҳруҳ Саидовнинг ўзбек
илм-фани жонкуяри, математика соҳасида йирик халқаро эътирофлар, ютуқлар соҳиби
Ўзбекистон Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги математика институти
директори, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети профессори,
академик Ш.Аюпов билан суҳбати айнан шу фаннинг ўзига хос қирралари хусусида бўлди.

Мақолани тўлиқ
қуйида ўқинг.

ҲАР БИР ҲАРАКАТДА МАТЕМАТИК БОҒЛАНИШЛАР БОР

Математика — мураккаб фан, шу боис мактаб чоғларидаёқ уй вазифасини бажаришга
кўпчилик қийналган. Ўша кезларда  мактаб дарсликлари
орасидан шу фанни олиб ташлашса яхши бўлар эди, дея хаёл қилганлар ҳам оз эмас. Вақт ўтиб эса ҳар бир ҳаракатимизда математика
мавжуд эканини англаб етдик. Замонавий ўзбек илм-фани жонкуяри, математика соҳасида йирик халқаро эътирофлар, ютуқлар соҳиби Ўзбекистон Фанлар академияси В.И.Романовский
номидаги математика институти
директори, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон
миллий университети профессори, академик Ш.Аюпов билан суҳбатлашдик.

Ишонасизми, йўқми, математика мусиқага, шеърият каби соҳаларга жуда яқин фан, — дейди академикМураккаб тенгламалар, математик муаммолар устида бош қотираётганимда айнан мен мусиқа эшитаётгандек ёки ажойиб шеър ўқиётгандек роҳатланаман. 1977 йилда физикаматематика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилдим. Фаолиятим давомида оператор алгебралари, нокоммутатив интеграллаш назариялари ва уларнинг квант эҳтимоллар назариясига татбиқи бўйича тадқиқотларни амалга оширдим. 2000 йилда квант динамикасида муҳим дастурларга эга бўлган чексиз операторларнинг алгебраларида дифференцияларни ўрганиш учун дастур таклиф қилдим. Бугунги кунга келиб, ушбу дастур алгебра ишлари учун деярли тўлиқ амалга оширилмоқда. Ушбу тадқиқот АҚШ, Австралия, Испания ва бошқа кўплаб мамлакатлар мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди. Математика агарда қайси давлатда ҳар томонлама ривожланса, бошқа соҳаларда ҳам ютуқларга эришилиши аниқ.

Математикада
фавқулодда
бирор
иш қилишнинг имкони йўқ

Математикага иштиёқ халқимизнинг қонида бор. Фан ривожи
йўлида Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби боболаримиз катта хизмат
қилган. ХХ асрнинг бошларида замонавий математика мактабларига асос солинди.
Бироқ Мирзо Улуғбекдан сўнг диёримизда аниқ фанлар соҳасида фавқулодда
кашфиётлар қилинмади.

Бу соҳада фавқулодда бирор иш қилиб бўлмайди. Зафар
қучмоқчимисан, унда тинимсиз излан, меҳнатдан қочма. Боиси математикада шунақа
мисоллар борки, юз, уч юз йиллаб бош қотирилган бўлади. Уни топиш учун эса
баъзан бир инсоннинг умри қисқалик қилади. Бироқ авлоддан-авлодга ўтиб
келаётган мана шундай мисолларни вақт келиб кимдир ечади. Албатта, у ҳам соҳага
умрини бағишлагани боис натижани қўлга киритади. Хусусан, Ферма муаммосига 350
йиллаб дунёнинг буюк олимлари жавоб излашди. Унинг хусусий ҳолларини бажаришди.
Хуллас, қадам-бақадам жавобга яқинлашиб борилди. ХХ асрнинг 90-йилларига келиб,
америкалик олим шу мисолнинг ечимини топди.

«Бой»
бўламан деб изланган олим — олим эмас

 Қачонлардир дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган
ота-боболаримизнинг қилган ишлари бугунги кунда ҳам эътироф этилмоқда. Бироқ
шундай бўлса-да, айни пайтда биздан Нобель, Абель мукофотларини қўлга киритган
олимлар чиқмаётгани ачинарли. Назаримда, олимлар дангасалик касалига
чалингандек. Қолаверса, илм аҳлига етарли шарт-шароит яратилмас экан, бирор
натижага эришиш даргумон, деб ўйлайман.

«Олимлар бой бўладими?» дейишади. Ўйлаб кўрсангиз, ҳеч
қайси замонда ўзини ҳақиқий олимман, деб биладиган киши моддиятга қизиқмаган.
Унинг учун илм бўлса бўлди. Бошқа нарса керак эмас. Ҳаттоки, уларнинг аксарияти
қашшоқликда яшаб ўтган. Бироқ шундай бўлса-да, изланишдан тўхташмаган, ўзидан
сўнг нимадир қолдиришга қаттиқ ишонган. Яна бир гап. Баъзан олимлик қилиб бойиб
кетаман, дея нимадир қилаётган кишилар ҳақида эшитиб қоламиз. Агар «олим»
бундай фикрда бўлса, у ҳеч қачон мақсадига етмайди. Боиси чин олим — маънан бой
инсон. Ўша «олим»ларнинг хизмати эса фақат чин илм аҳлининг номига доғ
туширади, холос. Бундайлар учун фақат илмий унвон керак, фан номзоди, фан
доктори бўлсаю юқорироқ лавозимга ўтирса. «Бой» бўламан деб изланган олим —
олим эмас.

«Таниш-билишчилик
авжидами?»

Фан олимпиадаси тизимидаги энг катта хатомиз — ғолибликни
қўлга киритган ўқувчига исталган олийгоҳда ўқиш имконини беришимиз бўлди. Боиси
бу жараён ўйин бўлиб кетди. Натижада истеъдоди бор болалар қишлоқнинг бир
чеккасида қолиб кетди. Ачинарлиси, ғолиблар йўлланмани олиб, дипламатия,
иқтисодиёт, молия йўналишлари бўйича олийгоҳларга кириб олди. Оқибатда
талабаларнинг бир қисми саводсиз бўлди. Қизиғи, олимпиада ғолибларининг
бирортаси ҳам математик бўлмади. Тўғри, агар халқаро олимпиадада ғолибликни
қўлга киритган бўлса, бу бошқа гап. Чунки у ерда бирор хатолик, яъни «ўйин»га
йўл қўйилмайди. Ўзимизда таниш-билишчилик авжига чиқиб кетди. Мана шундай
жараёнларни эътиборга олган ҳолда, олимпиадани тубдан такомиллаштириш бўйича
зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, эндиликда халқаро фан
олимпиадасида ғолиб бўлганларгина олий таълим муассасасига ўқишга кириши
мумкин.

«Математик
40 ёшигача натижага
эришмаса, кейин кеч бўлади»

Илм ўрганасанми, кашфиёт яратмоқчимисан — марҳамат, барча
имконият ва шароит етарли. Бироқ бир нарсани эсдан чиқармаслик зарур. Келажакда
нимагадир эришишни мақсад қиляпсанми, айни пайтдан меҳнат билан машғул бўл, ўз
устингда ишла, машаққатдан қочма. Бироқ бугунги ёшларимиз бунинг аксини
қилаётганини кўриб ачинасан. Чунки улар бугун бору эртага йўқ бўладиган мансаб,
лавозимларга эга бўлиш орзуси билан яшашмоқда. Замон эса шиддат билан
ривожланаётир. Аслида бугунги илм-фан — ёшларнинг йўлидир. Шундай экан, ҳар бир
нарса ўз вақтида бажарилиши керак, акс ҳолда поезд кетади, натижада
тенгқурлардан ортга қолиш мумкин. Математикани танлаган киши 40 ёшгача соҳада
бирор-бир натижани қўлга киритиши керак. Акс ҳолда кечикади. Чунки вақтни ушлаб
туриб бўлмайди.

Математик амалларнинг ўзини билиш билан иш битмайди. Кимё
ва биология қонунларини ҳам яхши тушуниб олиш лозим. Навоий ва Пушкинни ўқидим,
тарихий жараёнларни таҳлил қилдим. Натижада англаб етганим шу бўлди: гўзал
адабиётни ўқиш, чиройли тасвирни кўриш, бетакрор мусиқа тинглаш мавжуд муаммолар
ҳақида ўйлашга ундайди. Шу билан бирга, уларни ҳал этиш йўлларини топиш
имконини беради. Боиси ҳар бир ҳаракатда математиканинг қандайдир кўриниши
борки, улар бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган.

«Mahalla» мухбири

 Шоҳруҳ САИДОВ ёзиб олди.

2019 йил 16-23 май,
23-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар