Касаба уюшмасисиз ташкилот

138

Меҳнат муҳофазаси ва ходимлар ҳимояси кимнинг масъулиятида?

«Ishonch» газетасида эълон қилинган «Йўқ» дейиш «санъати» ёхуд «Шум бола»нинг ёнини ким олади?» сарлавҳали мақолани ўқиб, кўнглимиздаги гаплар ёзилганига амин бўлдик. Бу масаладаги жавобсиз мурожаатлар,«раҳбарсиз ҳал этолмайман»,«маъмуриятдан ҳеч ким йўқ» қабилидаги важларга барча жойда дуч келиш мумкин.

Мисол учун, Асака туманида ҳам 200-400 дан ошиқ ходимлар ишлайдиган йирик корхоналарда хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг касаба уюшмаси ташкилоти тузилмаган. Негаки, касаба уюшмаси ташкилоти тузиш ҳақидаги таклиф билан чиқилганда, раҳбар«ишчиларимга барча нарсани ўзим қилиб бераман» ёки«кредитларимни ёпяпман» («Аsакаtekstil» МЧЖ), иш юритувчи ёки ёрдамчилар билан учрашганингизда эса, албатта, раҳбари рози бўлмагани ёки у узоқ сафарда экани («Forall Texstil» МЧЖ) ҳақида жавоб оласиз.
Тўғри, касаба уюшмаси хизматига жалб қилиш ихтиёрий тарзда амалга оширилади. Лекин кўпинча иш берувчилар Меҳнат Кодекси 177-моддасининг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушуна олмайдилар. Ушбу моддада иш берувчи ишловчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, уларга қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароит­ларини яратиб бериши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориш учун жамоа шартномасини тузиши шартлиги белгилаб қўйи­лган. Жамоа шартномалари корхонада, албатта, касаба уюшмаси ёки ишловчиларнинг бошқа вакиллик органи билан тузилади. Тузилган жамоа шартномалари орқали ходимларга барча зарур имтиёзлар, кафолатлар яратилади.
Ҳозир жойларда кўп­лаб хусусий корхона, ташкилотлар пайдо бўлмоқда. Уларда ишловчи ходимларга меҳнат шароити яратиб бериш иш берувчининг вазифасига киради. Бундай вазиятда касаба уюшмаси иш берувчининг жонига ора киради, яъни ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий ҳимояси таъминланишига эришилади. Шундай экан, касаба уюшма фаоллари бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришимиз, ўз вазифамизни сидқидилдан бажарган ҳолда ходимларнинг ишончли вакилига айланишимиз зарур.

С.ХАЙИТОВ,
АСМ ходимлари касаба уюшмаси Асака тумани кенгаши раиси

Бошқа хабарлар