Орзулар ижобати

53

… Ўшанда ёз эди. Бир гуруҳ ёш ижодкорлар Зомин анжуманига йўл олгандик. Зомин ҳақида ҳали тасаввуримиз етарли эмас. Билганимиз пурвиқор тоғлар-у, машҳур ўхшатиш: «Ўзбекистон Швейцарияси». Автобусда бора-боргунча шеър ўқилган, баҳс қизиган, жўшқин суҳбатлар бўлганди.
Бориб эса ҳайратда қолганмиз – тоғлар ҳайбати, буюклар суҳбатидан. Биз Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева каби забардаст сўз заргарлари билан шундоққина юзма-юз тургандик. Ахир, уларнинг ўтли нафасларини туярдик, шеър­ларини ўз овозларида эшитардик, ҳар бир сўзи ҳикматга қоришиқ суҳбатларидан баҳраманд бўлардик… Ва яна осмонга шундоқ қўл узатса етарди…

 

Ўшанда… «Зомин билан Омин сўзи қанчалар уйқаш, – деган эди Абдулла Орипов. – Бу анжуманда айтилаётган яхши тилак­лар, истакларга мана бу асрий арчалар, тоғ-у даралар, бутун бошли табиат, қўйингки, Яратганнинг фаришталари ҳам «Омин!» деб турган бўлса ажаб эмас. Худо хоҳласа, бу ерда қилинган барча орзу-истаклар амалга ошади…»
Устозлар ҳузуридаги мушоираларда ҳадиг-у ҳаяжонлар билан шеърлар ўқиганларимиз…
Ўшанда… Устоз Сирожиддин Саййид биз ёшларни ўз тенгқури каби кўриб, шарқироқ анҳор бўйида суҳбатлар қурган эди…
Хуллас, ўшанда биз кўплаб устозлар суҳбатига, дуоларига ноил бўлган эдик.
…Бугун Зоминда янги санаторий очилиши, унда ёзувчи-шоирлар учун ҳам шароит яратилиши ҳақида хушхабарни эшитиб, ўша дамлар ёдимга тушди.
25 май тонготари. Адиблар хиёбони. Ёқимли баҳор эпкинлари ва Зомин сафари хаёли дилимизга инжа туйғуларни армуғон этмоқда. Устозлар, таниқли шоир ва ёзувчилар йиғилиб турибди. Барчанинг қалбида улкан қувонч ва шукуҳ.
…Ижодда ҳар бири ўз ўрнини топган, ҳаётнинг турли паст-баландини кўрган бу инсонлар ўтирган улов Жиззах шаҳрининг кўркам ва маҳобатли майдонлари олдида тўхтади. Пойтахтдан ташриф буюрганлар жиззахлик мезбонлар ҳамроҳлигида атоқли адиб, улуғ давлат арбоби Шароф Рашидов ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гуллар қўйишди. Айтиш ўринлики, сиҳатгоҳ очилиши муносабати билан бораётган меҳмонларнинг бу улуғ инсонлар ҳайкали пойида улар хотирасига ҳурмат бажо келтириши сафар одобига муносиб иш бўлди. Шу ерда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчилари шеърлар ўқиб беришди. Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Шароф Рашидовларнинг умр йўллари, машаққатли ҳаётларидан ҳикоя қилувчи музейлар саёҳати ҳаммада катта таассурот уйғотди.
Муҳташам ёдгорликлар пойи­­да туриб, беихтиёр шу тупроқ берган улуғ кишилар ҳақида ўйлайди киши. Бу муборак замин Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Сарвар Азимов, Назир Сафаров, Оқилжон Ҳусанов, Тўра Сулаймон каби улуғ зотларнинг бешиги бўлган. Бу азиз кишилар бутун умрларини Ватан, миллатнинг бахт-у саодати учун бағиш­лаганлар.
Аслида, адабиёт чин маънода ватанпарварлик, миллатпарварликдир. Инсон қалбини пок иймон, соф эътиқод чашмалари суви билан сероб қилиш фақат чинакам адабиёт аҳлларининг қўлидан келади. Шу маънода бугун адабиёт аҳлига берилаётган эътибор ана шу жиҳати билан ҳам муҳимдир.
«Оққан дарё оқаверади», дей­ди халқимиз. Жиззах бугунги кунда ҳам катта қалбли инсонлари билан фахр этса арзийди. Мели Норматов, Эргаш Муҳаммад, Икром Искандар каби адабиёт аҳлининг ижодлари фикримизнинг далилидир.
Ижод – ҳам масъулиятли, ҳам завқли иш. Ижод йўлидаги қийин­чиликларни тоғ довонлари оша юрмоқ машаққатига ўхшатадиган бўлсак, унинг завқи тоғ манзарасидан олган завқимизга яхши муқоясадир. Автобус ойнасидан тоғларга маҳлиё бўлиб боқаётган шоир-ёзувчилар нигоҳида ана шундай фикрни уқиш, айни дамда нигоҳларидан ҳайрат-у ҳаяжонни илғаш мумкин эди. Улов манзилга яқинлашгани сари бу ҳайрат ва қувонч уларнинг дилидан тилига кўчди. Юксак тоғлар бағрида узукка кўз қўйгандек бўлиб ярашиб турган сиҳатгоҳ биноси ҳар қандай кишини ҳайратлантирмасдан илож йўқ.
Тоғлар бағрида оппоқ марвариддек кўзга ташлангувчи савлатли иморат қаршисида ҳайратдан туғилган сўзларни қай тарзда ифодаламоққа чоғланамиз. Ниҳоят, буни бир оғиз сўз билан орзулар ижобати дейиш мумкин.
… Давлатимиз раҳбари ­Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 августида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлган учрашувда Зомин ва Паркент туманларининг сўлим гўшаларида ижодкор зиёлиларимиз учун замонавий ижод уйлари қурилиши режалаштирилгани хабарини берган эди. Кўп ўтмай (2018 йил 5 апрелда) бу режа Президентнинг «Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мустаҳкамланди.
Бугун эса… Унинг рўёбини кўрдик.
Очилиш маросими. Ижод аҳли, зоминлик нуроний отахонлар, дин вакиллари, Навоий кон-металлургия комбинати вакиллари иштирок этган тадбир байрамга айланди.
Навоий кон-металлургия комбинати қошидаги «Фарҳод» маданият саройи ижодий жамоасининг катта концерт дастури ва уюшма аъзолари иштирокидаги мушоира тадбирга файз бағишлади. Тантанали очилиш маросимидан сўнг санаторий кутубхонасига китоблар тақдим этилди. Якунда тадбир иштирокчилари учун Рамазон туҳфаси – ифторлик дастурхони ёзилди.
Энди санаторий ҳақида. Навоий кон-металлургия комбинати барпо этган санаторий 150 ўринга эга. Унда комбинат ишчи-ходимлари, ижодкорлар ва уларнинг оила аъзоларининг мароқли дам олишлари учун барча қулайликлар яратилган. Миллий ҳамда замонавий меъморчилик анъаналари ва ютуқларидан фойдаланиб бунёд этилган санаторийнинг умумий майдони 4 гектарга тенг. Бинонинг ташқи девори замонавий энергия тежамкор қурилиш материали билан қопланган. Бу эса бинони қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. 150 ўринли анжуманлар зали турли мушоиралар, тадбирлар, китобхонлик кечаларини ўтказишга арзийдиган дилтортар масканга айланган. Бинонинг орқа томонида ландшафт меъморлиги асосида 180 ўринли амфитеатр ҳам барпо этилган. Бу ерда адабий-бадиий кечалар, шунингдек, бошқа тадбирларда ижодкорларнинг ёз оқшомларини файзли ва шукуҳли ўтказишига барча шароит бор. Бундан ташқари, сиҳатгоҳда кутубхона, дам олиш хоналари, тиббий ташхис ускуналари билан жиҳозланган физиотерапия, кислород терапияси, массаж, игна терапия, электрёруғлик муолажаси хоналари ва ошхона мавжуд. Турли спорт майдончалари дам олувчилар хизматига шай турибди.
Зомин. У қанчадан-қанча ёш истеъдод соҳибларини кашф қилган. Зомин семинари адабий жараёнга улкан таъсир кўрсатди.
Унинг ташаббускори, ўша вақтда Жиззах вилояти раҳбари бўлиб ишлаган Шавкат ­Мирзиёев Зомин анжумани қатнашчиларига қисқагина дил таб­риги йўллаган эди: «Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!».
Ҳа, бу қадамлар қутлуғ бўлди. Эндиликда «Зомин семинари» сўзи ёнида «Зомин» ижод уйи – сиҳатгоҳи деган жумлаларни биз ижод аҳли тез-тез ишлатишга одатланамиз. «Зомин» ижод уйи­­да ҳам янги асарлар яратилиб, бу ижодий ишлар халқимизнинг бебаҳо мулки бўлиб қолажагига ишонамиз.
Ижод чўққиси томон одимлаётган одамни машаққат қаршилаши турган гап. Зеро, чўққини забт этиш мушкул вазифа. Ижодкор ҳаёти ҳам бамисоли ана шу сўқмоқдек гап. Унинг олға ҳаракатланиши учун унга бироз эътибор, рағбат керак. «Зомин» сиҳатгоҳи ана шу эътибор, рағбатнинг муносиб натижасидир. Ижодкорни ўз қобилияти устида ишлашга ундайдиган омиллардан бири бу кучли рағбатдир. Эндиликда бу бинода ижодкорларимиз мазмуни булоқ сувидек тиниқ ва фойдали асарлар битишади. Бу рағбатга муносиб бўлиш эндиликда ҳар бир шоир, ёзувчи елкасига масъулият ҳам юклайди. Зомин Яратганнинг мислсиз ижоди, унинг бағрида ижодкорларимиз шу тоғлар салобатига мос асарлар битишларини ният қиламиз.
Пурвиқор тоғлар, хушманзара табиат қўйнидаги бу ижод уйи ижодкорларимизга илҳом манбаи, илҳом булоғи бўлиб хизмат қилгай!

Ғайрат МАЖИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари

Бошқа хабарлар