Фитр садақаси ҲИКМАТЛАРИ

44

Фитр садақаси араб тилида «садақа» сабабига изофа қилиниб, «Садақат ул-фитр» деб номланади.

Яъни фитр (ҳайит) кунининг тонги ушбу садақани вожиб бўлишига сабаб бўлади. Шунга кўра фитр куни тонг вақтида туғилган болага ҳам фитр садақаси вожиб бўлади. Тонгдан кейин туғилган болага эса вожиб бўлмайди. Тонг вақти вафот этган кишидан фитр садақаси соқит бўлади, тонгдан кейин вафот қилган кишидан фитр садақаси соқит бўлмайди. Шунинг­дек, тонг вақтида нисаб миқдоридаги мулкка эга бўлса, унга фитр садақаси вожиб бўлади. Тонгдан кейин ёки тонгдан олдин эга бўлиб, тонг вақтида эга бўлмаса вожиб бўлмайди.

Хуллас, фитр садақасининг маъноси фитр кунининг тонги сабабли вожиб бўладиган садақадир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закоти хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр қилдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда фитр садақасини вожиб қилиб, унинг миқдорини тайин қилди. Фитр садақаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида инсонлар одатда таомланадиган ва уларнинг кўпининг уйида топиладиган хурмо ва арпадан экани баён қилинди. Ўша вақтларда буғдой жуда ҳам кам истеъмол қилинган, деярли бўлмаган.
Фақиҳларимиз мазкур ва бошқа ҳадисларни жамлаб фитр садақаси буғдой, буғдойдан олинадиган ун ва талқондан ва майиздан ярим соъ, хурмо ёки арпадан бир соъ бериш киши бошига вожиб бўлади дейди. «Соъ» бир идиш бўлиб, ўша вақтнинг ўлчов бирлиги бўлган. Бир соъ Абу Ҳанифа ва Ироқ фақиҳларининг эътиборида 3.800 граммга тенгдир. Ёки мазкурларнинг қийматини бериш жоизлигига ҳанафий уламолар иттифоқ қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлади. Ким уни намоздан кейин адо қилса садақалардан бир садақа бўлади». Абу Довуд ва Дорамий ривоят қилади.
Ушбу ҳадиси шарифдан фитр садақасини адо қилишда садақанинг савобини топиш билан биргаликда иккита ҳикмат ва фойда кўзда тутилиши маълум бўлади.
Биринчи ҳикмати ва фойдаси фитр садақаси рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди. Шунинг учун Вакеъ ибн Жарроҳ «Рамазон ойи­нинг фитр садақаси худди намознинг саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлган вақтда саҳв саждаси намозни тўғрилагандек, фитр садақаси рўзанинг камчиликларини тўғрилайди» – дейди. Лекин бирор узр билан рўза тутолмаган кишилар ҳам, рўза тутиш вожиб бўлмаган ёш болаларга ҳам фитр садақасини бериш вожиб бўлади.
Иккинчи ҳикмати ва фойдаси ҳайит кунида камбағал ва мискинлар, етим ва бечораларни хурсанд қилиш, уларнинг очликларини кетказиб, ҳақиқий байрам кайфиятини уларга беришдир. Шунинг учун ҳам фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Аммо, рамазоннинг аввалида, олдиндан берса жоиз. Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Намоздан кейинга қолса ҳам соқит бўлмайди.
Фитр садақасида мана шундай икки улуғ ҳикмат ва фойда бор экан. Гўёки фитр садақа билан рўзанинг қабул бўлишига йўл очиляпти. Шунинг учун баъзи улуғларимиз баъзи кишиларга шаръий ҳукм эътиборидан фитр садақа вожиб бўлмаса-да, лекин уни ҳикмат ва фойда кўп бўлгани учун фитр садақани адо қилмоқ зарурийдир дейди.
Фитр садақаси вожиб бўлиш шартлари.
1. Ҳур бўлиш.
2. Мусулмон бўлиш.
3. Нисаб миқдоридаги мулкка эга бўлиш.
Фитр садақаси молиявий ибодат бўлгани учун маълум бир миқдордаги мол-мулкка эга кишига вожиб бўлади. Фақир ва мискинларга вожиб бўлмайди.
Фатовои Қозихонда: «Фитр садақасини вожиб бўлиши учун шарт қилинган бойлик закот нисабига ёки аслий ҳожатдан (масканидан, кийиб юрган кийимидан, мебелидан, уловидан ва асбоб-ускунасидан) ташқари нисаб қийматидаги молга эга бўлмоқлик билан бўлади. Фитр садақасининг нисабида молнинг ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди. Бир ҳовлидан бошқа ҳовли, кийимнинг уч жуфтидан бошқа кийимлари фитр садақасининг нисабида этиборга олинади» дейилади.
Закотнинг вожиб бўлишида эса фақат ўсувчи моллар 1. тилло, кумуш ва бугунги кундаги муомаладаги қоғоз пуллар. 2. чорва моллари. 3. тижорат ниятидаги моллар нисабга етган бўлиши эътиборга олинади ва қирқдан бир қисми закот бўлади.
Демак, закот нисаби бошқа, фитр садақасининг нисаби бошқадир. Закот нисаби фақат закот чиқариладиган ўсувчи моллардан ҳисоб қилинади. Фитр садақасининг нисаби эса аслий ҳожатдан (ишлатилиб турган мол-мулкдан) ташқари мол-мулклар ҳам ҳисоб қилинади. Ушбу фитр садақасини нисабига эга кишига ўзининг ва балоғатга етмаган фақир фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлади. Хотинининг, балоғатга етган фарзандининг ва балоғатга етмаган бой фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлмайди. Лекин мазкурларни фитр садақасини берса адо топади. Шу бойликка эга кишига бошқаларнинг закотини, садақасини ва назрини олмоқ ҳаром бўлади. қурбонлик қилиш ва нафақасиз қолган маҳрам қариндошларнинг нафақасини қилиш вожиб бўлади.
Фитр садақаси закот бериладиган кишиларга бериш билан адо топади.

Жалолиддин Холмўминов

Бошқа хабарлар