ЎЗБЕКИСТОН ЎЗ ФУҚАРОЛАРИНИ, ҚАЕРДА БЎЛИШИДАН ҚАТЪИ НАЗАР, ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛАДИ

162

Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 156 нафар Ўзбекистон фуқароси, асосан, аёллар ва болалар махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди.

Алдов йўли билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган бу фуқароларимиз «Меҳр» инсонпарварлик амалиёти туфайли юртимизга қайтди. Самолётдан тушиб келар экан, она юрт тупроғига қадам қўйган катта-ю кичикнинг кўзларига ёш қалқди… Бу нафақат соғинч ёшлари, балки уруш оловидан, очлик, дарбадарлик, хорликлардан қутилишнинг шукрона ёшлари ҳам бўлди.
Айни пайтда бу аёллар болалари билан бирга Тошкент вилоятида жойлашган «Бўстон» сиҳатгоҳига жойлаштирилган. Мақсад уларга зарур бўлган тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш, улар билан бевосита мулоқот қилиш орқали кейинги ҳаётини изга солиш учун зарур тайёргарликларни амалга оширишдир. Узоқ умидсизлик, бош­ларига тушган турли кўргуликлар туфайли кўзлари ғамга тўлган аёллар орадан бир кун ўтса-да, бахтли нафас олаётганларини бир туш мисоли тасаввур қилаётганини айтишди.
Ўрта ёшлардаги андижонлик бир аёлни суҳбатга тортарканмиз, унинг нигоҳларидаги мунг, қиёфасига муҳрланиб қолган ғам соясининг боисини кейин тушундим.
…Отанинг ишлаш баҳонасида уйни жуда узоқ вақт тарк этиб кетгани оилада аёлни ҳам, болаларни ҳам дийдор илинжида эзилиб яшашга маҳкум этди. Беш йиллаб кўриша олмасликдан пайдо бўлган соғинч энди оддий туйғу эмас, балки улкан дардга айлана бошлади. Бу дард эса аёлни ва тўрт фарзандни ўз исканжасига олиб, хотиржам яшашга асло изн бермай қўйди.
Гоҳ-гоҳида жиринглаган телефон қўнғироғи қувонч билан кутиб олиниб, сўзлашувнинг сўнгги дақиқалари мунгли йиғи билан тугарди. Аввалига Россияда ишлаган оила бошлиғи кейин Туркия­­га, ундан Сурияга йўл олган эди. Яхши ошпаз бўлгани учун уни танишлари чақирган, у ҳам рад қилмай йўлда давом этган. Ўшанда 2015 йил эди. Уруш ўчоқларидан четда бўлсам, топишим ҳам ёмон эмас, оилам ҳам қийналиб кетди, деб у аёлини болалар билан келишга чорлади. Тўлиб юрган аёлга ҳам шу керак эди. Бор-будини сотиб, йўлга отланди. Қўшни давлатга ўтиб, ўша ердан Туркияга учиб борди. Уларни Истанбул аэропортида кутиб олган одамлар йўл-йўлакай Сурияда давом этаётган уруш, одамларнинг қурбон бўлаётгани ҳақида суҳбатлашиб кетишди. Аёл қулоғига чалинган бу гапларга мутлақо ишонмади, эсини таниб қолган ўғли Абдуҳодий эса онасига қараб «Наҳотки дадам бизни ўлим сари чорлаган бўлса?», деди. Аёл эса шу топда ўғлининг гапига унчалик эътибор бермади. Чунки мусофирликда тўрт фарзанди билан қандай кун кечириш энди хавотирга сола бош­лаган, уруш ҳақида чуқурроқ ўйлашга ҳоли ҳам йўқ эди шу топда.

Оила жамулжам бўлгач аввалига ёмон яшашмади. Лекин уруш кундан-кун авж олар, унинг шарпаси улар яшаётган қишлоққа яқинлашиб қолганди. Бироқ қанчалик даҳшатли бўлмасин, энди ортга йўл йўқ эди. Ён-атрофни қароқчилар босиб кетган, кетаман, деган одамдан катта товон пули талаб қилишарди. Пул бермай чиқиб кетмоқчи бўлганларни эса муқаррар ўлим кутарди.
– Ўқ овозлари ҳар гал қулоғимга чалинганда дард-у дунёим қоронғу бўлиб, қилмишимга минг пушаймон бўлардим, – дейди Гулсора Маматолипова. – Болаларимни отасига эмас, хавфга етаклаб келибман, деб ўкинардим. Аммо бошқа чорам йўқ эди. Катта ўғлим илм олишга қизиққани учун қиш­лоқдаги мадрасага ўқишга қатнай бошлади. Лекин бир куни шу мадрасага бомба тушди… Ҳали ўн саккизга тўлмаган ойдек ўғлим шу фожиада парча-парча бўлди… Бўйи бўйимдан баланд, орзулари бир дунё бўлган болажонимнинг тирноғини ҳам топа олмадим…
Ўксиб йиғлаётган аёлга тас­кин беришнинг фойдаси йўқ. Фарзанд доғи онани то тирик экан, ҳеч қачон тарк этмайди. Бироқ аёлнинг бошига тушган бундай оғир савдо шу билан тугамади. 2018 йилга келиб 16 ёшга қадам қўйган иккинчи ўғли Абдухолиқ нон топиб келиш илинжида чиқиб кетиб, уйга қайтмади. Унинг ҳаётида ҳам акасининг тақдири такрорланди. Боласидан умиди узилган онаизор қон дарёсидан унинг кийимидан бир парча қидирди, бироқ топа олмади…
2019 йилгача бу оиланинг уруш оловидан қочиб бормаган шаҳари, бормаган қишлоғи қолмади. Шундай кунларнинг бирида у турмуш ўртоғидан ҳам айрилди. Дайди ўқ оила бош­лиғини бу дунёдан олиб кетди. Аёл бир ўғли ва бир қизи ҳамда Сурияда туғилган чақалоғи билан бўзлаб қолаверди.
Ҳақиқий умидсизлик энди бошланган, очарчиликдан силлалари қуриган, қаерга бош уришни билмай турганида «Ўзбекистон фуқароларини Президенти олиб кетар экан», деган хушхабар қулоғига чалиниб қолди. Гулсора ҳеч иккиланмай бориб рўйхатга ёзилди.
– Орадан бироз вақт ўтиб, бизни автобусга ўтқазиб, Дамашқ шаҳрига олиб боришди. У ердан самолётга ўтириб, Тошкентга учиб келдик, – дейди Гулсора. – Аммо ҳамон туш кўраётгандайман. Хотиржам ухлаб турганим, қорнимиз тўйиб, сиҳатгоҳ боғида болаларим билан сайр қиларканман, фақат Ўзбекис­тонга хос бўлган ёқимли ҳаводан нафас олаётганимни ҳис этяпман. Президентимизнинг бизга кўрсатган катта бағрикенглигини ҳам сезиб турибман, албатта. Шу инсоннинг меҳрибончилиги туфайли мен ва қолган болаларим омон қолдик. Икки ўғлимдан, турмуш ўртоғимдан жудо бўлганим, бу ерда йўқлигимда онам қазо қилгани каби битмас жароҳатларимда ўзимнинг ҳам айбим бор, албатта. Энди ҳеч бирини тўғрилаб бўлмайди. Берилган имконият, меҳрга жавобан ҳалол меҳнат қиламан, қолган фарзандларимнинг камолини ­­кўраман, деган умиддаман.
Сиҳатгоҳ боғида бола етаклаб сайр қилиб юрган аёл борки, бари мудҳиш даҳшатни бошидан кечирган, бирининг дарди иккинчисиникидан кам эмас.
– Шу ердаги аёлларга боқиб инсоннинг бахти Ватанли бўлиши, тинч яшаши эканини янада чуқурроқ ҳис қилдим, – дейди файласуф олима Жамила Шермуҳамедова. – Ўзбек аёлларнинг соддалиги, ишонувчанлиги туфайли уларнинг айримлари мана шундай буюк бахтдан маълум вақт маҳрум бўлиб қолишган. Булар билан суҳбатлашиб жабрдийдалар эканига иқрор бўлдим. Жабрдийдага чўзилган қўл эса, шубҳасиз, эзгулик қўлидир. Президентимиз мана шундай хайрли ишга қўл уриб, жуда катта савоб иш қилди. Муборак Рамазон кунларида бу воқеанинг рўй бергани юртимизга эзгулик нури ёғилганини англатади. Ахир, Яратган бир яхшилик эвазига минг яхшилик беради. Бу аёллар билан дилдан суҳбатларимизни ҳали давом эттирамиз, уларга маънавий, руҳий ёрдам қанча керак бўлса, шунча берамиз.
Аёллар ва болалар сиҳатгоҳда тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлиқларини тиклаш учун зарур шароит яратилмоқда. Ўз навбатида, улар билан малакали психологлар ва бошқа мутахассислар суҳбат олиб бориб, руҳиятини тиклашларига кўмак­лашмоқда. Уларнинг жамиятда яна ўз ўринларини топишлари учун зарур маслаҳат ёрдамлари кўрсатилмоқда. Шу билан биргаликда, уларнинг маиший шароитини яхшилаш, иш билан таъминланиши билан боғлиқ, болаларни боғча, мактабга жойлаштириш чоралари ҳам амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Меҳр» амалиёти доирасида Яқин Шарқдан 48 нафар аёл, уларнинг 105 нафар фарзанди, 2 нафар чин етим бола, 1 нафар эркак Ўзбекис­тонга олиб келинди. Олиб келинган бир эркак эса Сурия қамоқхонасидан олиб чиқилган бўлиб, ҳозирда у билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда мазкур рақамлар бузиб кўрсатилаётгани, олиб келинган эркаклар кўпроқ бўлиб, ДХХда сўроқ қилинаётгани тилга олинган. Аммо бу мутлақо асоссиз. Айримлар эса ушбу инсонпарварлик акция­сини ташкил этиш учун халқаро ташкилотлар 3 миллион доллар ажратганини иддао қилган. Таассуфки, бу гап ҳам асл фактларга мутлақо зиддир!
«Меҳр» амалиёти Ўзбекис­тон Президенти ташаббуси билан, бевосита Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан амалга оширилган операциядир. Ушбу гуманитар амалиёт инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этилган ҳолда, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилди.
Дарвоқе, Ўзбекистон ўз фуқароларини, қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилади. Бу қомусий қоида бўлиб, буни амалда таъминлашнинг барча чоралари кўриб келинмоқда.

Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар