Ҳидоят ёғдуси

158

Закот – поклик ва барака рамзи

Муборак Рамазон ойида кўпроқ савоб ишлар қилиш кўп фазилатли ишдир. Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди: «Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир».

Закот динимизнинг беш арконларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло фарз қилган амалдир.

«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади.
Шаръий истилоҳда «Закот – махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир».
«Махсус мол» – Нисабга етган мол демакдир. «Махсус жуз» – закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдордир. Мисол учун, бир кишига «Ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот», деб бўлмайди. «Махсус шахс» деганда закот олишга ҳақли бўлган шахс назарда тутилган. «Аллоҳнинг розилиги учун» жумласи эса закотнинг ибодат нияти билан берилиши кераклигини ­англатади. «Шариат тайин қилган» деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилади. Озгина садақа бериб, «шу закот» деб бўлмайди. «Мулк қилиб бериш» деган жумладан эса «ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди» деган маъно англанади.
Закот ибодати нафақат закот берувчи ва закот олувчига, балки жамиятга ҳам улкан фойда келтиради. Шунинг учун закот ибодати татбиқ қилинган жамиятларда кўп мушкулот ва муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.
I. Закот берувчида бўлиши лозим шартлар:
1. Мусулмон бўлиш.
2. Балоғатга етган бўлиш.
3. Оқил бўлиш.
4. Ҳур бўлиш.
II. Закот фарз бўлиши учун молда бўлиши лозим шартлар:
1. Нисабга етиши.
2. Тўлиқ мулк бўлиши.
3. Феълан ёки тақдиран ўсувчи мол бўлиши.
4. Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши.
5. Қарздан холи бўлиши.
6. Бир йил тўлган бўлиши керак.
III. Закотнинг тўғри бўлиши шартлари:
1. Ният.
2. Ҳақдорга мулк қилиб берилиши.
Закот олиши ҳаром бўлганлар қуйидагилардир:
Орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борлар.
Бу тоифага кишининг туққанлари, яъни ота-онаси, бобо-момолари неча поғона юқори бўлса ҳам киради. Мазкур киши ана ўшаларга закотини бериши мумкин эмас.
Ўзининг қулига, бир қисмини озод қилган қулига закот берилмайди.
Қул хожанинг мулки бўлади. Ўзининг мулкига закот бериш дуруст эмас.
Зиммийга эмас. Унга (зиммийга) закотдан бошқасини берса бўлади.
Зиммийга закотдан бошқасини берса бўлади. Ислом давлати соясида яшаётган «аҳли зимма» деб аталувчи бошқа дин вакилларига закотдан бериб бўлмайди. Чунки закот мусулмонлардан олиниб, мусулмонларга берилиши шарт. Аммо аҳли зиммага нафл садақалардан, садақаи фитрдан берса бўлади. Чунки аввал айтилганидек, закот молиявий ибодат бўлиб, уни бериш учун ҳам, олиш учун ҳам мусулмон бўлиш керак.
«Мўминнинг нажоти» китоби
асосида тайёрланди

Фидя – раҳматлар имкони

Ислом шариатида буюрилган маълум бир амал ўрнига мол сарфлаш «фидя» дейилади. Бунинг учун шариатда кўрсатилган узрли сабаблар мавжуд бўлиши лозим. Масалан, Рамазон ойи рўзасини узрли сабаблар туфайли тута олмай қолганлар бунинг учун фидя берадилар.

Исломда инсонни унинг тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Масалан, Аллоҳ таоло рўза фарз қилиниши билан бирга «Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир» деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 184-оят).
Ҳадиси шарифда: «Бу оят насх бўлмаган, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмаслар, шунинг учун ҳар бир кун ўрнига камбағални ­таомлантиришади», дейилган. Бошқа ҳадиси шарифда: «Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва тузалмас касалларгагина берилади», дейилган.
Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг йўлга қўйилиши бежиз эмас. Унда камбағалларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг уни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор. Қариялар рўзага кучлари етса тутишлари лозим, тута оладиган ҳолда фидя берса, дуруст бўлмайди. Юқорида келтирилган ояти каримада кўзда тутилганлар умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ўта қари чол-у кампирлар, ўлим тўшагида ётган қариялар ва тузалишидан умид бўлмаган касаллардир. Бундай касал ўзи ёш бўлса ҳам ўлим тўшагида ётган қариялар ҳукмидадир. Бу тоифадаги кишилар рўза тутиш имконига эга бўлмаганлари учун ўрнига фидя беришлари йўлга қўйилган.
Рўза тутишда вақтинчалик қийинчиликка учраб, кейин яна рўза тутиш имконига эга бўладиган касаллар худди ҳомиладор ва эмизикли аёллар, мусофирлардек қазо рўзасини янаги Рамазон келгунча тутиб беришлари лозим.
Фидя бир камбағалнинг бир кунлик ўртача тирикчилигини таъминлайдиган овқат миқдори бўлиб, унинг ҳажми таом ёки унга тўғри келадиган пул бирлигида белгиланади. Бунда ҳар бир жойнинг иқтисодий-маиший шарт-шароитидан келиб чиқилади. Бир кунлик рўза учун бериладиган фидя фитр садақаси (яъни икки килограмм буғдой ёки унинг нархи)дан кам бўлмаслиги лозим.

«Мўминнинг қалқони» китоби
асосида тайёрланди

Бошқа хабарлар