Бемаъни ҳазилнинг таги зил

468

Ишдан келиб, телевизорни ёқдим. «Zo‘rТV»да «Хафа бўлиш йўқ» бўлаётган экан. Аввалига тушунмадим: одамлар оёқ кийимларини ечиб, қанақадир чизиқларни босиб ўтишди, роль ўйнаётганига ишонган бир актёр ўзи билмаган ҳолда «чув тушди»…

Тўғри, кўнгилочар дастурлар керак. Айниқса, ишдан чарчаб келганда, оила даврасида томоша қилиш кишига роҳат бағишлайди. Лекин орасида дилни хира қиладиганлари ҳам йўқ эмас-да. Улардан бири, айнан мана шу – «Хафа бўлиш йўқ».
Нега дейсизми?
Аудитория тўплаш илинжида кўнгилга келган ишни қилиш, актёрлар болаларини ўғрилаш, одам ёллаб уриштириш, ёлғон съёмкалар, сохта эпизодлар, ҳаттоки, ўлим ҳолати ҳам кулгили тарзда давом этиши ва биз уни оиламиз билан мунтазам кўришимиз салбий оқибатларга, яъни лоқайдлик ва бепарволикка олиб келмасмикан!?
Бундай лавҳаларнинг берилиши аслида яхши ҳолат эмаслиги барчага аён ҳақиқат-ку.
Ўсиб келаётган ёш авлодга унинг таъсирини ўйлаган борки, хавотирга тушмасдан иложи йўқ. Улар ўқиб-ўрганиш ўрнига дўст-биродарларни алдаш, қўпол ва бемаъни ҳазиллар, сохталик каби иллатларни ўзларига одат қилиб олмасмикан?
Ижтимоий онгнинг ўзгариши, тафаккурнинг соғломлашуви, миллий қадриятлар асосида эмас, мана шундай кўрсатувлар асосида тарбиялангани эса даҳшатнинг ўзи эмасми?
Бундай кўрсатувлардан маънавий сабоқ олишни-ку, хаёл қилмасак ҳам бўлади. Энг ёмони, қитмирлик, ёлғончилик, алдовни ўрнак қилиб қўймаяпмизми? Бу ғоялардан зериккан болалар осон ишларни топишга ҳаракат қилиб, мана шундай ёлғончилик дебочаси бўлган кўрсатувлардаги ҳолатларни содир қилишга уринмайди, дея айта оламизми? Бундай лавҳалар уларнинг маънавий доираси ўзгаришига кўзгу бўлиб қолмаяптимикан! Қитмир, муғомбир, алдоқчи бўлиб ўсмаслигига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Бу лавҳалар ҳазил-ку, болалар бунинг ёлғонлигини билишади ва шунчаки дам олиш учун кўради, дерсиз. Аммо, шуни унутмангки, бундай воқеалар истаймизми, йўқми уларнинг онги остида қолади ва қачондир ўз таъсир кучини кўрсатади.
Одатда, намунали ва ўрнак бўладиган воқеалар оммага тат­биқ этилади. Бировни алдаб кулгу ясашнинг – бу бемаъни ҳазилнинг таги зилдир.
Дарвоқе, хафа бўлиш йўғ-а?!

Шаҳноза АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон
тиллари университети
талабаси

Бошқа хабарлар