Кимёвий таҳлилда тенгсиз

130

«Фарғонаазот» АЖда ўтказилган «Энг яхши ёш ишчи касб эгаси» танловининг «Кимёвий таҳлил лаборанти» номинацияси бўйича рес­публика тармоқ босқичида юртимиздаги етакчи кимёвий корхоналарда фаолият олиб бораётган ёш, иқтидорли мутахассислар ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари беллашди.

– «Кимёвий таҳлил лаборанти» танлови илк маротаба ўтказилмоқда, – дей­ди Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Мавжуда Халилова. – Мақсадимиз ёшларнинг истеъдодини намойиш қилиш, танлаган касб ва ихтисосликларини чуқур ўрганишга қизиқишини кучайтириш, қолаверса, соҳада умидли ёш мутахассисларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ўн нафар иштирокчи назарий ва амалий синовлар жараёнида касбий билим ва кўникмаларини намойиш этишди. Якуний натижага кўра, «Фарғонаазот» АЖ марказий кимёвий лабораторияси лаборанти Умидахон Ғуфурова 1-, «Навоийазот» АЖ лаборанти Лобар Раҳмонова 2-, «Максам-Чирчиқ» АЖ лаборанти Зилола Усмонова 3-ўринни эгаллашди.
– Мен ишлаётган марказий ­кимёвий лаборатория корхонамизнинг юраги ҳисобланади, – дейди танлов ғолиби У.Ғуфурова. – Айни пайтда у ерда 86 нафар лаборант ишлайди. Барчаси менга устоз. Улардан ўрганган билимларим туфайли бугун ғолиб бўлдим. Бу каби танловлар касб маҳоратимизни янада оширишга хизмат қилади.
Ғолиблар тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар