Нур ва барака фасли

123

Муборак Рамазон ойи озод ва обод диёримизга мағфират нурларини зиёда қилди, дилларимизни зикр, тасбеҳ, Қуръон тиловати билан яйратди.

Бу йил Рамазон ойи ҳар йилгидан-да файзли ва баракотли.
Биз мамнунмизки, мамлакатимизда ибодат қилувчилар учун барча тақиқлар бекор бўлди. Рамазон ойининг таровеҳ намозларида хатми Қуръон қилинишига ибодат қилувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Муқаддас ой олдидан тозалик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Таровеҳ намозлари масжид ҳовлиси ва майдонларида ўқилди.
Ушбу ой саховат, бағрикенг­лик, тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойи ҳам дейилади. Рамазонда пайғамбаримиз (с.а.в) ҳар дамгидан кўпроқ саховат қилар экан. Биз расули акрам (с.а.в)дан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришга ҳаракат қилдик, беморларни бориб кўрдик.
Муҳтарам Президентимизнинг «Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади. Элимизга нур, барака келади», деган даъватлари барчамизнинг қалб амримизга айланди.
Юртимизнинг ҳамма масжидларида рамазон ойининг файзли кечаларида таровеҳ намозларида хатми Қуръон қилинди. Биз хатми Қуръонлар сўнгида Ватанимизнинг тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, халқимизнинг фаровон турмуши, жаннатмонанд юртимизнинг бундан-да гуллаб-яшнашини, мана шу дориламон кунларга етишимизга сабаб бўлган инсонларнинг умрлари узун бўлишини сўраб дуолар қилдик.
Муборак Рамазон кунлари амалга оширилган «Меҳр» операциясида 150 дан зиёд ватандошларимиз, ожиза аёллар ва норасида болаларнинг қонли ҳудуддан осуда маконга, фаровон ҳаётга, она Ватанга қайтарилиши энг хайрли ишлардан бўлди.
Кечиримлилик, бағрикенглик азалдан халқимизга хос хислат саналади. Зеро, адашган бандаларни тўғри йўлга бош­лаш энг савобли амаллардандир. Айниқса, болаларнинг жаҳолат қурбонига айланишдан сақлаб қолингани барча мўминларни мамнун қилди.
Рамазон ойи ана шундай улуғ фазилатлари билан барчага эзгуликлар, ҳидоят ва меҳр улашмоқда.

Ўктам ҚУРБОНИЁЗОВ,
Амударё тумани «Нўғой эшон»
жоме масжиди имом хатиби

Бошқа хабарлар