Садақа ва тиланчилик

142

Молларини кечаси-ю кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар.

«Кечаси-ю кундузи» дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда, «молларини» деган сўз замирида эса ҳамма турдаги моллар ва ҳамма турдаги эҳсон қилувчиларга ишора бор.
«Молларини кечаси-ю кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир».
Уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда – Робблари ҳузурида экани таъкидланмоқда. Бас, шундай экан, мўмин-мусулмонлар юқорида васф қилинган кишилардан бўлиш учун ҳаракат қилмоқлари лозим. Чунки:
«Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар».
Ҳа, бундай кишиларга охиратда хавф йўқ ва бу дунёда қилган ишларига хафа ҳам бўлмайдилар.
Ислом тузуми, аввало, ишга қодир бўлган ҳар бир инсоннинг осонлик билан ҳалол ризқ топишини таъминлайди. Лекин инсон ҳаёти доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади. Ўта бой кишилардан маълум миқдордаги мол-у мулк закот сифатида фарз ҳукми ила олиниб, ҳақдорларга тарқатилади.
Сўнгра қодир бўлган барча кишиларни ихтиёрий садақа қилишга тарғиб қилинади.
Шу билан бирга, муҳтожларни ҳам одоб доирасидан чиқмаслик, юқоридаги оятда айтилганидек, хиралик билан одамлардан тиланчилик қилмасдан, иффатли-қаноатли бўлишга чақирилади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки: Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Бир-икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб, қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мис­киндир, хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик қилиб сўрамалар» оятини ўқинг», – дедилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
– Ким ўзида етарли нарса бўла туриб, одамлардан тиланса, қиёмат куни тиланчилиги юзида тирналиш бўлиб келади, – дедилар. Одамлар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, етарли нарса қанча? – дедилар. У зоти бобаракот:
– Эллик дирҳам, – дедилар.
Шундан келиб чиқиб, «Етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром» деган ҳукм чиқарилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(«Тафсири Ҳилол» китобидан)

Бошқа хабарлар