Халқаро форум ёшларни чорлайди

176

Жорий йилнинг 22-28 июнь кунлари Касаба уюшмалари ёшларининг «ТЕМП – 2019» Тошкент халқаро форуми бўлиб ўтади.

Мазкур анжуман жаҳон ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ёш фаолларини юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари, унда касаба уюшмаларининг иштироки, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш йўлидаги ишлар ҳамда миллий маҳсулотларимиз билан таништиришни мақсад қилган.
Нуфузли тадбирда 20 та давлатдан 100 нафар ёш, 100 нафар Ўзбекис­тон касаба уюшмалари ёш фаоллари – жами 200 нафар иштирокчи қатнашиши кўзда тутилмоқда.
Форум дастуридан иштирокчиларни мамлакатимиздаги салоҳиятли корхоналар, миллий ҳунармандчилик, шунингдек, Тошкент, Самарқанд шаҳарларининг тарихий обидалари, диққатга сазовор жойлари билан таништириш, уларнинг ёш спортчилар, жаҳон ва олимпия чемпионлари билан учрашувини ташкил этиш жой олган.
Форум доирасида «Мамлакат ижтимоий ривожланишида касаба уюшмалари ёшларининг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» халқаро илмий анжумани ташкил этилади.
Унда иштирокчилар мамлакатимиз касаба уюшмалари тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган ўзига хос механизм, касаба уюшмаларининг барча бўғинларида ёшлар масаласи билан шуғулланувчи тузилмалар фаолияти билан яқинроқ танишади.
Тадбирлар давомида иштирокчиларга мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва касбий кўникмаларини ривожлантириш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳам таништирилади. Бунда касаба уюшмалари ташаббуси билан ташкил этилаётган «Менинг келажакдаги иш жойим» акцияси, «Касаба уюшмалари стипендияси», «Энг фаол ёш ишчи касб эгаси» танловининг мазмун-моҳияти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
Шунингдек, Президентимиз томонидан ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаб­бус бераётган самаралар билан форум қатнашчилари кенг таништирилади.
Касаба уюшмалари ёшларининг «ТЕМП – 2019» Тошкент халқаро форуми иштирокчиларда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларга яратилаётган шарт-шароитлар, бу жараёнда юртимиз касаба уюшмаларининг тутган ўрни, қолаверса, Ватанимизнинг кўҳна ўтмиши ва бой маданияти ҳақида ёрқин тасаввур уйғотиши билан жиддий аҳамият касб этишига шубҳа йўқ.

Тўлқин ШЕРНАЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар