Ўрнак

58

Эрталаб Қобилбой бошининг лўққиллаб оғришидан уйғонди. Улфатлари билан тун ярмигача ўтиргани, сархуш бўлиб уйга қайтаётгани… Шундан бош­қасини эслай олмади…
Ташқарилади. Ҳовлидаги муздек сувда қайта-қайта юз-қўлини ювиб, уйга кирди. Ошхонадаги чойнакдаги совуқ чойни симиргач, бироз ўзига келгандай бўлди.

Шунда… Дастурхон бошида мунғайиб ўтирган онасига кўзи тушди. Тили зўр-базўр айланиб, «она, яхшимисиз», деди.
Онаси жавоб бермади. Ё хўрсинди, ё чуқур нафас олди, билмай қолди. Кўргани онасининг елкалари бироз кўтарилиб тушгани бўлди.
Не деярини ҳам, не қиларини ҳам билмаган Қобилбой яна ҳовлига чиқди. Сўрига ўтириб, ўйланди. Онаси билан қачон ёзилиб гаплашган эди-я?
Кейин кўз ўнгида бундан бир ярим ойча бурун онасининг кичик қизи Ўғилойни эркалаб, кулиб тургани намоён бўлди. Бир ярим ойча олдин маст бўлиб келганча, «уч қиздан сўнг яна қиз туғдинг», дея хотинини онасиникига ҳайдаб юборган. «Болам, бу нима қилганинг» дея унга ёпишган онасини ҳам силтаб ташлаганди.
Демак, шундан буён…
Шу алфозда узоқ ўтирди хаёлга ботиб… Хаёлини эса инидан чиқиб келиб керишган олапар тўзитди. Олапар хотиржам қараб турар эди. Ортида эса кучукчаси…
Ия. Ахир, буни бир ҳафта бурун, қўшни қишлоқда яшовчи ошнасига берворганди-ку… Шундан кейин Олапар кечаси билан ғингшиб чиққан ва кўринмай қолганди.
«Топиб, олиб келибди-да». Онасининг оёқлари орасига кириб, эркаланиб-ўйнаётган кучукчага қараб қолди. Ўша Олапарнинг ўзига ўхшаган, туғилганидан ­бошлаб қизларининг овунчоғига айланган кучукча…
«Эй қойил! Қандай топиб келди, экан».
Шундай дея кучукчани қўлига олди. Майин жунларидан силаб онасининг ёнига қўйиб юборди. Унинг онасига талпиниши, онасининг меҳр билан ялаб-юлқашини кузатар экан, бирдан кўнгли алланечук бўлиб кетди…
Кўз олдига қизлари келди. Соғинибди…
«Олиб келаман». Шундай азм-у қарор билан ташқарига йўналди. Ошхонада онаси боя кўрганида қандай ўтирган бўлса, шу кўйи ўй суриб ўтирарди.
… Жажжи қизалоқлар уйга кириб келишлари билан ҳовли қувончга тўлди, улар сўрида ўтирган бувилари бағрига сингиб кетгандай бўлишди. Сўнг бири қўйиб иккинчиси Олапарни қучоқлаб эркаладилар, кучукча эса қизларнинг қўлидан тушмай қўйди.
Ҳамма хурсанд эди. Она ҳам, Олапар ҳам…

Холмўмин ЁДГОРОВ

Бошқа хабарлар