Форумга қизиқувчилар сафи ортмоқда

72

Касаба уюшмалари ёшларининг «ТЕМП – 2019» Тошкент халқаро форумини ўтказиш бўйича кўрилаётган тайёргарлик ишлари қизғин кўриниш олди.

Форум доирасидаги асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Charos» меҳмонхона мажмуасини тадбир руҳига мос равишда бадиий-ғоявий безаш ишлари бажарилмоқда. Учрашувлар, саёҳатлар ва бошқа тадбирларнинг ташкилий жиҳатларини ҳал қилиш юксак савияда амалга ошириляпти.
– Мазкур халқаро форум ҳам Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси десак, адашмаган бўламиз, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Раҳматилла Қорабоев. – Ёшларга оид давлат сиёсатини муваффақиятли амалга ошириш жараёнида аъзоларининг салкам 50 фоизини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимиз касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда. Юртимиз касаба уюшмалари ёшларига бошқа мамлакатлардаги тенгдош ҳамкасблари билан фикр ва тажриба алмашиш имкониятининг яратилиши уларнинг замонга мос илғор фикрловчи, кенг дунёқарашга эга ва ташаббускор инсонлар бўлиб шаклланишига яқиндан ёрдам бериши, шубҳасиз.
Юртимизда илк маротаба ўтказиладиган ушбу халқаро форумнинг ижтимоий тармоқлардаги тарғиботига жиддий эътибор қаратилмоқда. «Telegram», «Youtube», «Instagram», «Facebook», «Вконтакте» тармоқларида «ТЕМП – 2019» Тошкент халқаро форумининг саҳифалари очилган. Уларда ҳар куни форум бошланишига неча кун қолгани ҳақида эслатмалар, қандай тадбирлар ўтказилиши, уларнинг қисқача мазмуни ҳақида тушунчалар бериб борилаётир.
Ижтимоий тармоқлардаги мазкур саҳифаларга кирувчилар бериб борилаётган маълумотлар билан танишган ҳолда уларга қолдираётган изоҳларида илиқ фикр ва форумга кучли қизиқиш билдираётганларини сезиш қийин эмас.
Форум иштирокчиларини tashkenttemp2019.kasaba.uz сайти орқали онлайн тарзда рўйхатга олиш йўлга қўйилган бўлиб, унга форумда қатнашиш истагида бўлганлар ўзи ҳақидаги барча маълумотларни тақдим этиш имконига эга. Бугунги кунгача мазкур сайт ёрдамида ва электрон ёзишмалар орқали кўплаб мамлакатларнинг ёш касаба уюшма фаоллари бўлган 110 дан ортиқ иштирокчилар рўйхатга олинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро форумнинг ўз олдига қўйган мақсади тадбирга ташриф буюрадиган хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ёш фаолларини давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари, унда касаба уюшмаларининг иштироки, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистоннинг ривожланишида муҳим ўрин тутаётган корхоналар, миллий маҳсулотларимиз билан таништириш, илмий салоҳиятни намоён этишдан иборат. Шубҳасиз, мазкур нуфузли анжуман ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, турли мамлакатлар ёшларини бирлаштириш ва ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишда ижтимоий ва гуманитар ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилади.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар