БУЮК МЕҲР

51

…Президентимиз ўз нут­қида 156 нафар юртдошимизни Суриядаги қуролли можаролар бўлаётган жойдан олиб келиш жуда қийин бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар…

О, Яқин Шарқ… қонига ғарқ, элдош синглим,
Буюк меҳр қалқитди-ю дарё кўнглим,
Жасоратдан чўчир, ё Раб, ҳатто ўлим,
Сени юртга қайтармоқлик қийин бўлди,
Битди азоб, гул толеинг тайин бўлди.

Олов сари узанган қўл куймай қолмас,
Доно сарбон фуқаросин суймай қолмас,
Пўлат қушлар ёнмас бўлди, мисли – олмос,
Сени юртга қайтармоқлик қийин бўлди,
Кўз ёши – сел, хатар лаҳза сайин бўлди.

Эзгуликка қучоқ очгай ҳатто очун,
Ташаккурлар бўлсин дўст-ёр эллар учун!
Юрт тупроғин ўпиб, майли, йиғла бу кун…
Сени юртга қайтармоқлик қийин бўлди,
Диллар тўла меҳр, сўзлар – майин бўлди.

Сен деб ўтга кирган қаро кўзлар ҳақи,
Она Ватан ичирган нон-тузлар ҳақи,
Тикла қаддинг, қувватга тўл, қур ва ўқи!
Сени юртга қайтармоқлик қийин бўлди,
Битди азоб, гул толеинг тайин бўлди.

Баҳодир ВАЛИЕВ

Бошқа хабарлар