«ЦОЙ — SOY, ЦИСКАРИДЗЕ — SISKARIDZE»

117

ёхуд лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш зарурми?

 

25 йилдан буён лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш масаласи муҳокама этиб келинмоқда. Яқин кунларда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳининг хулосаси эълон қилингач халқимиз ўртасида турли мулоҳазалар, қарашлар кўпайди. Кимдир ёқласа, яна кимдир қарши. Журналист Санжар Эшмуродов мавзу юзасидан мақола тайёрлади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

УМУМХАЛҚ ТАҚДИРИГА ДАХЛДОР МАСАЛАДА ШОШМАШОШАРЛИК ЯРАМАЙДИ

Ёхуд алифбога киритилаётган ўзгаришлар нима учун кенг муҳокамага сабаб бўлаётир?

 

Яқинда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида иш олиб борган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳининг якуний хулосалари эълон қилинди. Унга кўра, «ch — ç», «sh — ş», «oʻ — ó» ва «gʻ — ǵ» шаклида ёзилиши, «ng» ҳарф бирикмаси алифбодан ташқарида фонетик бирикма сифатида ўргатиш-ўрганиш, ўзлашма сўз ва атамаларни аниқ ифодалаш мақсадида c (ц)ҳарфини қабул қилиш таклиф этилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари так­лифларга бирма-бир изоҳ бериб, ўзгаришларни миллий алифбомиздаги мавжуд муаммолар нафақат ўқиш-ёзиш жараёнида қийинчилик туғдираётгани, балки имлони, грамматикани текширувчи, матнни нутққа айлантирувчи ва нутқни матнга айлантирувчи компьютер дастурий таъминотларининг пайдо бўлишига ҳам тўсқинлик қилаётгани билан асослашган.

Айни пайтда ўзбек алифбосига киритилиши кутилаётган ушбу ўзгартиришлар кенг жамоатчилик: аҳоли, зиёлилар ва филолог-мутахассисларнинг турли фикр-мулоҳаза, мунозараларига сабаб бўлмоқда. Кимдир лотин алифбосини ислоҳ қилиш шарт эмас, шунчаки мамлакат миқёсида биргина ёзув — крилл ёки лотин алифбосига ўтишнинг ўзи кифоя деб ҳисобласа, яна кимдир лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш, миллий манфаатларимизга мослаштириш давр талаби эканини билдириб, ишчи гуруҳи хулосаларини оқилона қарор сифатида баҳоламоқда.

Хўш, аслида вазият қандай?

Ўзбек алифбоси ўзгаряпти, аммо такомиллашяптими?

Ўзгаришлар ҳақида айримлар салкам 25 йилдан буён икки ёзувдан бирига тўлиқ ўтиб кета олмаётган жамиятимиз учун учинчи бир ёзув шаклининг кириб келиши «шавла»ни «атала»га айлантиришдек гап, деб ҳисобламоқда. Бу халқ саводхонлигини янада туширади, одамлар уч хил ёзувдан фойдаланадиган қатламларга бўлиниб қолади, дея фикр билдираётир.

Аксарият мутахассисларнинг эътирози эса «с — ц» ҳарфининг лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосига киритилишига бўлаётир. Қайд этилишича, миллий товуш хусусиятларимизга «ц» ҳарфи мос эмас, ўзлашма сўзларни тўғри талаффуз қилиш учун эса алифбога алоҳида бир ҳарф жорий этилиши мантиқсизлик. Ишчи гуруҳининг «ўзга миллат вакилларининг исм-фамилиясидаги «ц» товушини тўғри акс эттириш имконияти йўқлиги боис баъзан муайян ноқулайликлар юзага келмоқда. Масалан: «Цой — Soy, Цискаридзе — Siskaridze» каби изоҳлари мантиқан бўш важ-сабаб сифатида кўрилмоқда.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалар чуқурроқ таҳлил қилиб кўрилса, уларда қай бир маънода жон бор эканига гувоҳ бўласиз. Масалан, энг оммабоп халқаро тил бўлмиш инглиз тили алифбосида баъзи муаммоли ҳолатлар, хатолар мавжуд. Аммо алифбонинг мукаммал эмаслиги инглиз тилининг энг оммабоп тиллардан бирига айланишига халақит қила олмади.

«С» ҳарфининг «ц» товушини ифодалаб алифбога киритилиши ҳам мулоҳазали масала. Боиси нима учун ўзлашма сўзларни ўз оҳангида сўзлашга ҳаракат қилишимиз керак? Уларни ўзимизда мавжуд товушлар орқали ифодалаш қулай эмасми? Масалан, Абу Али ибн Сино бобомизни европаликлар «Авиценна» деб аташмоқда, биз қаршилик қилмаяпмиз-ку? Ёки бўлмаса, кўпгина давлатларда «Тошкент»ни «Ташкент» тарзида ёзишади ва талаффуз қилишади. Бирон тушунмовчилик юзага келмаяпти-ку?

Албатта, бундай мулоҳаза ва муҳокамалар ҳали жуда кўп давом этади. Улар такомиллашган алифбонинг энг мақбул варианти қабул қилинишига хизмат қилиши ҳам бор гап. Бизни эса одамларнинг ўз ёзуви, тилига бўлган чексиз ҳурмати, муҳаббати, эътибори мамнун қилади. Демак, халқимиз миллат, Ватан тақдирига бефарқ эмас. «Куним ўтса бўлди, қорним тўйса бўлди», қабилида ҳаёт кечирмаяпти. Ўз билими, мустақил фикри, куч-ғайрати билан юрт тараққиётига ҳисса қўшиш истаги билан яшамоқда.

«Тил — халқ мулки, унинг тақдирини 4-5 нафар филолог ҳал этолмайди»

Лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича тузилган ишчи гуруҳининг якуний хулосаларига нисбатан жамоатчиликнинг мулоҳазаларини тинглагач, иккинчи томон — ишчи гуруҳи вакилларининг фикри билан қизиқдик. Ишчи гуруҳи аъзоларидан бири — филология фанлари доктори Ёрқинжон Одилов биз билан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

— Аввало, таъкидлаш жоизки, тил ва ёзув — халқ мулки, унинг қандай бўлишини бир нечта филологларнинг ўзигина ҳал қила олмайди. Ишчи гуруҳи вакиллари мутахассис сифатида ёзувни такомиллаштириш борасида ўзининг мақбул вариантини тақдим этди, холос. Сенат томонидан хулосалар ўрганиб чиқилади ва у кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилади. Янги ислоҳотлар умумхалқ томонидан тасдиқлансагина, ягона ёзув меъёрлари жорий этилади.

Энди ёзувни такомиллаштириш шартмиди, деган саволга жавоб берсам. Албатта, такомиллаштириш керак эди. Чунки «бир товуш — бир ҳарф» деган қараш бор, яъни бир товушни бир ҳарф изоҳлаган алифбо энг мукаммал алифбо саналади. Бизнинг ёзувимиз эса бу талабга жавоб бермайди. Шунингдек, жамият ривожланиши, компьютер технологияларининг ҳаётимизда янада мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани компьютерда ифодалашга ноқулай бўлган алифбомизни ислоҳ қилишни талаб этаётир.

Такомиллашган алифбода «нг» товушини ифодалайдиган ҳарф бўлмаса-да, бу товуш тилимиздан тушиб қолмаяпти. У сўз бошида келмаслигини ҳисобга олиб, фонетик қоида сифатида киритилади. Аввалги ҳолатдагидек бирикма сифатида ишлатилаверади, шунчаки алифбода ифодаланмайди. Бу ўзгариш ўргатувчи ва ўрганувчиларга ҳам ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди.

— Кўпчиликни «ц» ҳарфининг нега такомиллашган алифбодан ўрин олаётгани қизиқтирмоқда, — сўзида давом этади Ё.Одилов. — Бугунги кунда бу ижтимоий жараёнларда кўп қўлланилади. Хусусан, алифбомиздаги «ҳ» ва «ф» товушлари ҳам бизнинг туркий товуш эмас. Маълум бир даврда ушбу товушлар қатнашган кўп сўзлар тилимизга кириб келгани учун улар алифбодан жой олган. «ц» товушини ифодаловчи ҳарфнинг киритилишини эса жамиятимизда бу ҳарф иштирок этган сўзлар кўп қўлланилиши ва бундай сўзлар чет тилидан ўзлаштирилишда давом этаётгани билан изоҳлаш мумкин. Тўғри, ҳар қандай миллат ўз она тилини соф сақлаб қолишга интилади, аммо ҳар қандай янгиликка ўзлашма, чет тили сўзига қаршилик кўрсатиб бирор натижага эришиб бўлмайди. Юқорида айтганимдек, биз таклиф қилаётган вариант ҳали халқ муҳокамасига қўйилади, жамоатчилик фикри ўрганилади. Зеро, миллий руҳ билан боғлиқ масалалар бирданига ўз изига тушиб қолмайди.

Алифбонинг такомиллашуви катта шов-шув, турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлаётгани бежиз эмас. Чунки тил — миллатнинг ҳужжати, унинг миллат сифатида шаклланганининг белгисидир. Бундай умумхалқ ҳаётига, келажагига тааллуқли масалалар кичик-кичик давраларда ҳал этилмайди. Бундай жиддий масаланинг оммавий муҳокама қилинаётгани жамиятимиз нечоғли демократик тамойиллар асосида ҳаёт кечираётганидан далолат беради.

Лотин алифбосига қисқа вақтда ўтилмаган

Лотин алифбосига ўтиш масаласи биргина бизнинг мамлакатда эмас, қўшни ва бошқа чет давлатларда ҳам қисқа фурсатда амалга ошмаган. Кўпгина давлатлар бир неча марта лотин алифбосини қабул қилган ва уни йиллар давомида такомиллаштириб борган. Эътиборингизга шу ҳақда қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.

Туркманистон тарихида илк лотинча алифбога 1928 йилнинг 3 январидан ўтган. 1940 йилнинг 1 июлидан кирилл ёзувига ўтилган ва 2000 йилга келиб у тўлиқ муомаладан чиқарилган. 1992 йили алифбонинг дастлабки варианти қабул қилинган. 1993 йилнинг январида Туркманистон Фанлар академияси лотин алифбосининг янги вариантини эълон қилган. 2000 йилда ушбу алифбога Žž, Şş, Ňň, Ýý ҳарфлари киритилиб, 19 йил давомида ўзгартирилмасдан фойдаланиб келинмоқда.

Озарбойжонда эса илк лотин алифбоси 1922 йилда жорий этилган. 1939 йилнинг майидан бошлаб озарбойжон тилини кирилл алифбосига ўтказиш ҳаракатлари бошланган. Лотинча имлога ўтиш эса Озарбойжонда 1992 йилда старт олган. Кейинчалик бир неча бор такомиллаштирилган.

Қорақалпоғистон ҳам Ўзбекистон каби 1940 йилда крилл алифбосига ўтади. 1993 йилнинг охирларида лотин имлосига асосланган ўзбек алифбосининг дастлабки варианти тақдим этилгач, унинг асосида лотин имлосидаги қорақалпоқ имлоси ишлаб чиқилди. 1995 йилда ҳам ўзбек, ҳам қорақалпоқ алифболари қайта кўриб чиқилди. 2009 йилда лотин имлосидаги қорақалпоқ алибосига яна ўзгартиришлар киритилди.

Қўшни мамлакатлар, жумладан, Қозоғистон ва бошқа давлатларда лотин алифбосига тўлиқ ўтиш жараёни давом этмоқда ҳамда бу йўлда алифбо яна ислоҳ қилиниши мумкин.

Санжар ЭШМУРОДОВ,

«Mahalla»

2019 йил 30 май – 6 июнь, 25-сон

«Mahalla» газетаси

 

 

Бошқа хабарлар