«Кимёгар» қучоқ очди

110

Қувасой шаҳридаги «Фарғонаазот» АЖга қарашли «Кимёгар» оромгоҳи биринчи навбатда 300 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олди.

– Ўтган йили завод ишчиларининг 1200 нафар ўғил-қизи ҳордиқ чиқарган бўлса, бу йилги мавсумда беш навбатда 1500 нафар болани дам олдириш кўзда тутилган, – дейди оромгоҳ раҳбари Саодат Мўминова. – Бу ўтган йилгига нисбатан 300 нафарга кўп деганидир. Энг асосийси, оромгоҳимиз бағрида дам олувчиларга мароқли лаҳзаларни туҳфа этиш учун мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди.
Тадбирлар режасига кўра, мавсум давомида турли давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар, интеллектуал ­ўйинлар, викториналар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилади. Бундан ташқари, «Қизиқарли математика», «Мен ҳам рақсга тушаман», «Мен дутор чаламан», «Моҳир қўллар», шахмат-шашка, стол тенниси, футбол каби тўгараклар ҳам фао­лият юритади.
– «Кимёгар»га иккинчи маротаба келишим, – дейди Ҳушрабону Ёрмуҳаммедова. – Ўтган йили бу ерда жуда кўп дугоналар орттирган эдим. Бу йил ҳам уларни кўриб қувониб кетдим. Айни пайт­­да «Моҳир қўллар» тўгарагида тўқишни ўрганяпман.
– Ҳар бир кунимиз бир-биридан қизиқарли ва таассуротларга бой ўтмоқда. Куни кеча ўтказилган қувноқ стартлар мусобақасида гуруҳимиз биринчи ўринни қўлга киритди. Ҳозир келгуси мусобақаларга тайёргарлик кўряпмиз. Бугун эса театр томошаси кўрсатилишини эшитиб, янада хурсанд бўлиб кетдик, – дейди Беҳзод Абдуллажонов.
– Болаларнинг соғлиғи биз учун ўта муҳим, – дейди шифокор Актамхўжа Азимов. – Шунинг учун уларнинг саломатлигини кун давомида назорат қилиб борамиз. Бу ерда болалар кунига тўрт маҳал тўйимли ва витаминларга бой таомлар билан овқатлантирилади. Тиббиёт хонамиз эса етарлича дори-дармонлар билан таъминланган.
Таъкидлаш ўринлики, йўлланмаларнинг ҳамёнбоплиги ҳам ота-оналарга манзур бўлмоқда. Бу йилги 12 кунлик йўлланма нархи бир нафар бола учун 58 минг сўм этиб белгиланган.
«Кимёгар»даги тозалик, озодалик, манзарали ва мевали дарахтлар беихтиёр кишининг баҳри дилини очади. Йўлак­лар бўйлаб экилган ранг-баранг гуллар эса оромгоҳга ўзгача тароват бағишлаган. Оромгоҳ ҳудуди болаларнинг шодон кулгусига тўлган.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар