Оромбахш ҳордиқ онлари

21

Қашқадарёда оромгоҳлар болажонларга қучоқ очди. Улар учун қизиқарли тадбирлар, оромбахш ҳордиқ онлари бошланди.

Шаҳрисабз туманидаги янгидан қайта қурилган «Зиё чашмалари» оромгоҳида жорий йилги мавсумга болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қабул қилиш ва мавсумнинг очилишига бағишлаб вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг навбатдаги семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари, болалар оромгоҳлари директорлари, тасарруфида оромгоҳи бор корхоналар раҳбарлари, касаба уюшма қўмитаси раислари, оромоҳларга бириктирилган ҳомий ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, жорий йилда 18 та стационар болалар оромгоҳида 25090 нафар ўғил-қиз соғломлаштирилади. Бундан ташқари, 5000 нафардан ортиқ кам таъминланган оила фарзанди, 90 нафар «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиси ҳамда 100 нафар иқтидорли ўқувчи (фан олимпиадалари ва Билимлар беллашувлари ғолиблари) бепул дам олдирилади.
Семинарда оромгоҳларнинг мавсумга қай даражада шай қилингани ҳақидаги ахборотлар ҳам тингланди. Халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, жисмоний тарбия ва спорт, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари мутасаддилари ўз йўналишларидан келиб чиқиб, дам олишни мазмунли ташкил этиш борасида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаларини баён қилишди. Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Долли Аллаев болаларнинг мароқли ва мазмунли ором олиши учун ҳар бир ташкилот ва тармоқ раҳбарлари бевосита масъул эканини таъкидлаб, барчани ёзги соғломлаштириш мавсумини аъло даражада ўтказишда фаолликка чақирди.
Семинар қатнашчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маб­лағлари эвазига янгича қиёфа касб этган «Зиё чашмалари» оромгоҳи билан яқиндан танишишди.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар