Саховатга йўғрилган эзгулик

37

14 июнь — Халқаро донорлар куни

 

Эзгуликка ошно одамлар доимо яхшилик қилишга интилиб яшайди. Айниқса, бундай хайр­­ли амаллар кимнингдир соғлиғини сақлаш, ҳаётини узайтиришга кўмак берса, инсон учун бундан ортиқ бахт йўқ. Донорлар ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли кишилардир.

Тиббиётда қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулин) инсон ҳаёти хавф остида қолганда организмга қуйилади. Улар оғир даражали камқонлик, қон ивиш тизими бузилиши, саратон касалликлари, патологияли оғир кечадиган туғуруқлар, операциялар, оғир даражали куйиш ва турли хил фавқулодда ҳолатларда ҳам қўлланилади. Бундай ҳолатда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларнинг доимий, беғараз қон донорлигига кучли эҳтиёж пайдо бўлади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, ҳар бир мамлакатнинг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар минг нафар аҳолининг камида қирқ нафари донор бўлиши шарт.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қон беғараз ниятда ўз хоҳиш-иродаси билан топширадиган донордангина олинади. Бундай саховатпеша кишилар ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олади. Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳим. Чунки донор бўлишга аҳд қилган инсон бутун маъсулиятни ўз бўйнига олади. Зеро, у нафақат ўз соғлиғи, балки ­бошқаларнинг саломатлиги учун ҳам масъулдир.
Қон қуйиш марказларида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар шифокор тавсиясига биноан донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш мутлақо хавфсиз. Чунки одам организмида 4,5,-5 литр қон бўлиб, донорликда ундан 200 ёки 400 мл. олинади. Инсон организми 36 соат ичида бу миқдордаги қонни тиклаб олиш хусусиятига эга. Қолаверса, қон топшириш артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлашда жуда фойдали.
Мамлакатимизда «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, донорлик йўналишида қатор хайрли юмушлар амалга оширилмоқда. Донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган бир нечта дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Хусусан, Ўзбекистон Респуб­ликасида беғараз донорликни ривожлантириш дастури доирасида кенг жамоатчилик орасида тиббий тарғибот тадбирларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, маҳаллалар, олий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда беғараз донорликнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилмоқда.
Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тизим муассасалари фаолияти такомиллаштирилиб, энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қон қуйиш станциялари фаолияти йўлга қўйилган. Бу эса халқимиз саломатлигига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар йили «Халқаро донорлар куни» кенг миқёсда нишонланиб, сана муносабати билан кўп йиллар давомида беғараз қон топширган донорлар хизмати эътироф этилиб, уларга турли эсдалик совғалари топширилаётир.
Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган азиз ва бебаҳо совғасидир. У туфайли одам ҳаёти сақлаб қолинади. Ҳаёт ҳадя этиш эса савоб ишнинг олий ифодасидир. Шу боис, донорлик ҳар бир соғлом кишининг инсоний бурчидир.

Насиба ИСАҚУЛОВА,
Самарқанд вилояти Қон қуйиш
маркази шифокори

Бошқа хабарлар