Тилда  ҳам   “Шартли  рефлекс”   бўладими?

105

 

Шартли рефлексга организмнинг атрофдаги муҳит билан ўзаро таъсир қилиб бориши асосида  пайдо  бўлади,  деган таъриф берилади.  Муайян  ҳаракатнинг   доимий  равишда  такрорланиши  натижасида  ҳосил   бўладиган  бу   жараён  барча  нарсага,  жумладан,  тил  қоидаларига  ҳам    таъсир  кўрсатар  экан.  Йўқса,  сўзлашув  нутқига   ҳам   тўғри  келмайдиган  жумлалар  ёзма  нутққа қандай  кириб  келмоқда.  Ҳайрон   қолдирадиган жиҳати бунинг  ғализлиги  йўқолиб,  барчага  “тушунарли  ва  содда”  нутқ  тилига  айланмоқда.  Кишилар  ўртасидаги  суҳбат   ёзишмаларидан  тортиб, жамоат   мурожаатлари,  эълонлар  ҳам  “тушунарли”  бўлиб  бормоқда. Журналист  Муҳаммад  Али  мавзу  юзасидан  мулоҳазаларини баён этди.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

“КИЧКИНАЛАР  2000 СЎМ”

Яқинда ғаройиб бир воқеанинг шоҳиди бўлдим. Одми кийинган 35 ёшлардаги бир киши — афтидан, қишлоқдан келганга ўхшайди — салом бериб, менга мурожаат қилди:

—Ака, жарима тўлайдиган жойни биласизми? Кўрсатиб юборинг! Шошилинч ишимиз тушди, — дебқолди.

Сўраб-суриштирсам, жамоат жойида семичка чаққанлиги учун мелисалар жаримага тортган экан.

Дарҳақиқат, одамларимиз ҳукумат қарорлари в ақонунларига амал қилишни ана шу тариқа ўрганиб боришяпти. Зеро, спитрли ичимлик ичиб, сигарет ва нос чекиб жамоат жойларни ифлослантираётган фуқаролар жаримага тортилиб, қатъий тартибга чақирилмоқда. (Семичка чаққанларга жарима қўлланилиши ҳақида бирор жойда ўқимаганман). Албатта,бу жуда яхши тутум. Шаҳар-қишлоқларимиз тоза ва озода бўлса, кўрган кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Бироқ қабул қилинганига 30 йил тўлаётган “Давлат тили ҳақида”ги Қонунни бузаётганларнинг мушугини “пишт”, дейдиганлар ҳалиҳамон топилмаяпти. Ваҳоланки, миллатнинг миллатлиги энг аввало, тил факторида кўзга ташланади.

Шаҳарларимиз, ҳатто чекка-чекка қишлоқларимиздаги лавҳа, пешлавҳа, эълонлардаги имло ва пунктацион хатоларни  кўриб лабингизга учуқ чиқиб кетади. Ўз она тилига нописанд муносабатда бўлаётган бу нобакорларни нима деб янишни ҳам билмайсан.

Яқинда бир байрам баҳонасида Янгиер шаҳридаги “Сирли олам” истироҳат боғига бўйлашимга тўғри келиб қолди. Болалар аттракционлари олдидаги мана бу ёзувни кўриб кулишимни ҳам, куйишимни ҳам билмай қолдим—“Кичкинтойлар 2 000 сўм”. Хаёлимдан, боғда бола савдоси билан шуғулланадиган одамлар бормикин, деган фикр ўтди. Чала-тўмтоқ ёзилган лавҳани ўқиганда ҳар қандай одам дафъатан шундай хулосага келади. Албатта, боққа фарзандлари билан ташриф буюрган ота-оналар бу ёзувни ҳар куни кўришади. Лекин бирортаси: “Ҳой биродар, тилингни ҳакка чўқиганми? “Кичкинтойлар учун чипта баҳоси 2 000 сўм”, деб ёзиб қўйсанг асаканг кетадими?” дея танбеҳ беришни ўзига эп кўрмайди. Чунки кўпчилигимиз лоқайдлик ботқоғига ботиб кетганмиз. Миллатдошларимизнинг ўз она тилига бефарқлиги шунчалик бўладими? “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг бажарилишига мутасадди ташкилотлар нега жим туришибди? Ёзаверсак гап кўп. Хуллас калом, она тилимиз ҳақида қайғуришни жамиятимизда яшаётган барча инсонлар ўзларининг муқаддас бурчларига айлантирмоқлари жоиз. Бу гап “Сирли олам” истироҳат боғи маъмуриятига ҳам тўла тегишлидир. Ҳазрат Мир Алишер Навоий айтганларидек: “Тилга эътибор —элга эътибор”дир.

 

Муҳаммад АЛИ

 

2019 йил 29 май, 40-сон

“Сирдарё ҳақиқати” газетаси 

Бошқа хабарлар