Улуғ инсонпараст

70

 

Атоқли маърифатпарвар, қомусий олим,  комил уламо ва йирик сиёсий арбоб,  Соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Аҳмад Донишнинг «Наводир-ул вақое», Дарвешали Сангийнинг «Мусиқа рисоласи» асарлари таржимони, «Тарихи Муҳаммадия», «Туркистон қайғуси» каби машҳур асарлар муаллифи бўлган Алихонтўра Соғуний ҳаёти ҳамда  фаолияти ҳақида гап кетганда юрт озодлиги, миллат маънавияти билан боғлиқ кўпдан-кўп ўта долзарб масалалар ҳаётий зарурат ўлароқ кун тартибида бўй кўрсатади. Хўш, бунинг сабаб­лари нимада? Алихонтўра Соғуний ким бўлган? Қандай ишлар қилганки, бундай юксак улуғлик рутбасига лойиқ кўрилган?

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, собиқ совет даврида Алихонтўра Соғуний ҳақида деярли ҳеч қандай расмий маълумот берилмаган.  У хусусида турли-туман, аксар ҳолларда бир-бирига зид бўлган фикр-мулоҳазалар билдирилган. Эл-юрт орасида бу зотни улуғловчи сифатлар билан бир қаторда душманлар тарқатган ёлғон ва сохта миш-миш­лар ҳам кенг ёйилган. Бу ҳол хорижий адабиётларда ҳам  ўз аксини топган.

Алихонтўра Соғуний Марказий Осиё чор Россияси мустамлакасига айланган даврда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида  истиқомат қилувчи диндор ўзбек оиласида ­дунёга келган. Унинг отаси Шокирхонтўра асли андижонлик бўлиб, нақшбандия сулукига эътиқод қилган. Эл орасида Шокирхўжа эшон номи билан  машҳур бўлган бу уламонинг  аждодлари ҳам таниқли  диний арбоблар ҳисобланган. Уларнинг  Ўзган шаҳрида  мақбаралари бор.

Алихонтўранинг киндик қони тўкилган Тўқмоқ шаҳри  қадимий туркий кентлардан бири бўлган Боласоғун шаҳри харобалари ёнида қад ростлаган. Алихонтўра Қорахонийлар сулоласининг пойтахти бўлган шонли Боласоғун шаҳри  номини кейинчалик ўзига тахаллус қилиб олган. Унинг болалик ва ўсмирлик йилларида бир-биридан ғаройиб кароматли воқеалар содир бўлган. Шу сабабли унга ёшлигидаёқ  юксак башоратлар билдирилади. Тақдирнинг инояти билан кейинчалик улар рўёбга чиқади.

Узоқни кўра олган Шокирхўжа эшон  икки ўғлини  Макка шаҳрига ўқишга олиб боради. Туғма илм ошиғи бўлган Алихон талабалик йилларида араб, форс, турк тилларини мукаммал ўрганади. Тафсир, ҳадис, фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги), мантиқ, сиёсат ва ҳарбий илмни  пухта эгаллайди.

Арабистондаги таҳсил кейинчалик Бухоро мадрасаларида давом этади.  Бу ерда диний билимлар билан бир қаторда  шеърият, мусиқа, жуғрофия, ҳандаса, фалакиёт, тарих, табобат илмларини қунт билан ўрганган Алихон расмий ва норасмий равишда ман этилган адабиётларни мутолаа қилишга киришади. Турк ва татар  тилида нашр этиладиган газета-журналларни  ўқиш ёш Алихоннинг дунёқарашига катта таъсир кўрсатади.

Она юртига қайтиб келгач, ёш мударрис кенг диний маърифатчилик фаолияти билан шуғулланиб, деҳқончилик ва табибчилик орқали рўзғор тебратади. Биринчи жаҳон уруши бош­лангандан сўнг чор ҳукумати маъмурияти маҳаллий аҳолини фронт ортида  ишлатиш учун мардикорликка сафарбар қилади. Алихонтўра бу сиёсатга қатъий равишда қарши чиқиб, аҳолини оммавий тарзда бўйсунмасликка, ўз фарзандларини мардикорликка бермасликка чақиради. Шу туфайли чор ҳукумати махфий полицияси унга нисбатан тазйиқ чораларини қўллашга киришади. Бироқ аҳоли ўртасида обрўси баланд бўлгани учун халқ оммаси ғазабидан чўчиган мус­тамлакачилар унга зарар етказол­майди.

1916 йили  Туркистонда оқподшо зулмига қарши  халқ қўзғалонлари бўлиб ўтади. Алихонтўра уларда фаол қатнашди. Қўзғалонлар шафқатсизларча бос­тирилгандан сўнг сиёсий қочқин сифатида Қош­ғарга кетишга мажбур бўлади. 1917 йилги ҳокимият тўнтаришидан сўнг совет ҳукуматининг берган ваъдаларидан умидвор бўлиб, ватанига қайтади. Аммо орадан кўп вақт ўтмай ҳақиқий воқелик бутунлай бош­қача бўлиб чиқади. Синфий кураш таълимотинииг амалдаги кўриниши бўлган қизил террор натижасида маҳаллий аҳолининг ёппасига қирғин қилиниши, диндор ва ўқимишли кишиларнинг қатағони Алихонтўрада кес­кин норозилик уйғотади. Бу эса мустамлакачилар эътиборидан четда қолмайди. «Қора рўйхат»га тушгани маълум бўлгач, яқин дўстларининг маслаҳати билан яна Қошғарга кетади. Аммо бир йилдан сўнг  яна юртига қайтиб келади. Шаҳардан четроқдаги бир қишлоқда деҳқончилик қилмоқчи бўлади. Бироқ,  совет ҳокимиятининг мислсиз зулмига чидаб туролмайди. Шу боис, у яна тенгсиз ва хатарли курашга киришади. Аввало, Ислом дини ва маданиятини даҳрийлик хуружларидан ҳимоя қилишга интилади. Буни амалга ошириш учун  халқ талабига биноан Тўқмоқдаги катта масжидга имомлик қилади. Тазйиқ-у таҳдидларга қарамай катта ҳудудда Ислом  дини таъсирининг кучайишига эришади. Шу билан бирга мансаб имкониятларидан фойдаланган ҳолда аҳолининг сиёсий онгини юксалтиришга ҳаракат қилади. Унинг Қўқон мухторияти, босмачилик деб аталган халқ қуролли ҳаракати ҳақидаги ёзма хотиралари ҳозир ҳам муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, қўзғалончиларда  мустақиллик учун курашнинг аниқ режаси йўқ бўлиб, аксар йўлбошчиларнинг сиёсий савияси жуда паст эди. Бунинг натижасида уларнинг ҳаракатида жипслик юзага келмади. Бу эса совет ҳукуматига ниҳоятда қўл келади.

Алихонтўра фақат дин ҳимоясига қаратилган ишлар билан чегараланиб қолмаган, албатта. У «Қосимовчилар ҳаракати» деб номланган ватанпарварларнинг яширин фаолиятида ҳам  фаол қатнашган. Лекин унинг бу ташкилот доирасида қандай ишларни бажаргани ҳақида етарли маълумот йўқ.

1930 йили Алихонтўра ҳибсга олиниб, ўн йиллик қамоқ жазоси тайинланади. Аммо сургун қилинишига саноқли кунлар қолганда қамоқдан қочишга муваффақ бўлади. Яширинча равишда чегарадан Шарқий Туркистон (Уйғуристон)га ўтиб кетади. Ғулжа шаҳрида яшаган чоғида илмига амал қилувчи диний аллома, ҳалол, жасур  ва ҳожатбарор шифокор – табиб сифатида обрў-эътибор қозонади. Бу мавқедан фойдаланган ҳолда халқни мустамлакачиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашга чорлайди. 1937 йили  Хитой ҳукумати Алихонтўрани ҳибсга олиб, суд ҳукмисиз умрбод қамоқ жазосини  тайинлайди.

1941 йил  ўтказилган адлиявий тафтишлар туфайли Алихонтўра қамоқдан озод қилинади. Халқ уни қаҳрамон сифатида кутиб олади. Бу пайтда Иккинчи жаҳон уруши кетаётган бўлиб, ўлкада иқтисодий ва сиёсий инқироз юзага келган эди. Халқ жунбушга келиб, қуролли норозилик­лар кўпаяётганини кўрган Алихонтўра ўз тарафдорларини махфий «Озодлик жамияти» теварагида тўп­лашга эришади. 1944 йилнинг ноябрь ойи­­да қуролли қўзғалон натижасида Ғулжа шаҳри мустамлакачилардан озод қилинади. Шундан сўнг Шарқий Туркистон Инқилобий рес­публикаси тузилиб, ҳукумат раислигига Алихонтўра сайланади.

Совет ҳукумати шарқий чегара ҳудудини хитойликлар хавфидан сақлаш учун янги барпо бўлган давлатни яширинча қўллашга киришади. Алихонтўра бош­чилигидаги том маънодаги миллий ҳукумат қисқа вақт ичида мус­тақилликдан умидвор халқ манфаатларига мос бўлган йирик ислоҳотларни амалга оширади. Ирқи, миллати, жинси, эътиқодидан қатъи назар, ҳар бир кишига эркинликлар берилади. Бундан ташқари, ижтимоий ташкилотлар тузилиб, аҳолидан олинадиган солиқлар икки баравар қисқартирилади. Тез фурсатда мунтазам армия тузилади. Бунинг учун оммавий сафарбарлик эълон қилиниб, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали  яширин ҳолда СССРдан нақд олтин ва бартерга қурол-аслаҳа  сотиб олинади. Кейинчалик  армия Хитой қўшинидан  олинган ҳарбий ўлжалар билан ҳам қуроллантирилади.

Алихонтўра миллий армия­нинг жанговар қобилиятини ошириш билан бир қаторда унинг маънавий руҳини кўтаришга  ҳам катта эътибор қаратган. Моҳир нотиқ мавзуни тингловчиларга тез баён қилиб, унинг асл ҳақиқатини ўз билганича ёки ҳукумат фармонига кўра эмас, балки Қуръони карим оятлари  ҳамда ҳадислар асосида исботлаган. Мавзуни  рад қилиб бўлмайдиган тарихий далиллар орқали мус­таҳкамлаган. Сўнгра аниқ вазифаларга ўтиб, уларни муваффақиятли бажариш йўлларини кўрсатган ва бунга тингловчиларни кўтаринки  руҳ билан ишонтирган.

Натижада миллий армия шиддатли жангларда кетма-кет ғалабаларга эришиб, шон-шавкатга бурканади. Жумладан, 1945 йили ушбу қўшин сон жиҳатдан деярли уч баравар оз бўлишига қарамай, яхши қуролланган саксон минг нафарлик Хитой армиясини бутунлай тор-мор этади. Бу ғалаба учун Шарқий Туркистон ҳукумати қарорига биноан Алихонтўрага ­маршал унвони берилди.

Воқеаларнинг бундай тарзда ривожланиши, яъни мустақил Туркис­тон давлатининг барпо бўлиши совет ва Хитой ҳукумати манфаатларига бутунлай зид эди. Шу боис, хоинона тузилган машъум режага асосан  1946 йилнинг ёзида аввал алдов, кейин эса қуролли тазйиқ остида  Алихонтўра Ғулжадан Тошкентга олиб келинди.

Алихонтўра Соғуний сиёсий ишлардан мажбурий равишда четлаштирилганидан сўнг  фаол илмий, ижодий ва ижтимоий фаолият билан машғул бўлди. «Темур тузук­лари» каби бир қанча ноёб асарларни ўзбек тилига ўгирди. Таржимонликдан ташқари «Тарихи Муҳаммадия», «Туркистон қайғуси» каби қомусий асарлар яратди. Мазкур асарлар келажак авлод маънавиятини таназзулдан асраш, миллий маданиятимиздаги азалий қадриятларни ислом маърифати, тарих сабоқлари ёрдамида сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Кўп йиллик  табиблик тажрибаси асосида  ёзилган  «Касалликлар давоси»  асари эса Шарқ табобатининг нодир намунаси ҳисобланади.

Ижтимоий ҳаётда тарихий ёдгорликлар ва қадимий қўлёзмаларни асраб-авайлаш, уларни илмий асосда тадқиқ этиш ва кенг оммага тарғиб қилишда жонбоз­лик кўрсатди. Собиқ совет тузумининг таъқибларига қарамай Алихонтўра Соғуний кўплаб инсонларга диний ва дунёвий илмдан сабоқ берди. Универсал ўқитиш услубига асосланган бундай сабоқлардан барча бирдек баҳраманд бўлган. Шогирдлари турли ҳудудларда диний мактаблар очиб, унинг   маърифатпарварлик ишини давом эттиришди.

Ниҳоятда камтар инсон бўлган Алихонтўра Тошкентда кўплаб сийлов ва имтиёзларни рад этиб, мўъжаз бир ҳовлида умргузаронлик қилди. Бундан ташқари,  у умр бўйи совет ҳукуматининг бирон нарсасини олмаган (ҳукумат нафақа ­тайинлаганида уни етимхона ҳисобига ўтказиб юборган). Саховат қилишни амалга айлантиргани боис қарз сўраб келганларни ҳеч  қачон қуруқ қайтармаган. «Кечирувчиларни Оллоҳ ҳам авф қилғусидир», деган ҳадисга қатъий равишда амал қилгани учун ўзига душманлик қилганларни ҳам кечирган ва ҳеч қачон кек сақламаган.

Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин қабристонида мангу қўним топган Алихонтўра Соғуний ўз эсдаликларида шундай  ёзган эди: «Мен бу дунёга исломпарастгина эмас, балки инсонпараст бўлиб келдим ва ҳаётим давомида шунга содиқ бўлиб қолдим». Бу сўзларда заррача муболаға йўқ. Зеро, маърифатпарвар аждодларимиз таъкидлаганидек, «Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси!».

Холли НОРБОЕВ

 

Манба: “Ishonch” гаетаси

 

Бошқа хабарлар