37 та уй топширилди

74

Киши кўнгли фақат ўз уйидагина ҳаловат топади. Тақдирми, қисмати азалми, шу чоққача ўз уйига эга бўлмаганлар ҳам бор орамизда. Бундай инсонларга давлатимиз томонидан доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Самарқанд шаҳридаги «Шукрона» маҳалласида бунёд этилган наъмунавий лойиҳадаги уй-жойлар 37 нафар ногиронлиги бор, кам таъминланган ва эҳтиёжманд фуқароларга туҳфа этилди.
– Мазкур хонадонларнинг 2 таси Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қурилган, мутлақо бепул, – дей­ди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раи­­си ўринбосари Акбар Қодиров. – 35 нафар фуқаронинг банкдаги ҳисобларига «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими 25 миллион сўмдан маблағ ўтказиб берди.
Янги уйларни топшириш маросими чинакам тўйга айланиб кетди. Кенг жамоатчилик вакиллари ва меҳмонлар хонадон соҳибларини қутлашди.
– Давлатимиз раҳбарига раҳмат, – дей­ди 1-гуруҳ ногирони С.Абдуллаева. – Оиламиз билан етти йилдан ортиқ муддат кўч-кўронимизни орқалаб, ижарама-­ижара сарсон бўлганмиз. Энди ўзимизнинг уйимиз бор. Янги хонадонларга кўчиб келганларнинг барчаси имкониятига қараб иш билан таъминланишини эшитиб, хурсандчилигимиз янада ошди.
Вилоятда уй-жойга муҳтож бўлган фуқаролар эҳтиёжини қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида минг нафардан зиёд уй-жойга муҳтож кишилар борлиги аниқланган. Уларнинг ҳар бири босқичма-босқич ўз уйларига эга бўлади.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар