АЛДАГАНИ ОБУНАЧИ ЯХШИ(МИ)?

43

 

Бугунги кунда “Ўзбекистон почтаси”, ”Матбуот тарқатувчи” каби  обуна билан шуғулланадиган ташкилотлардан ташқари обуна уюштирувчи хусусий фирмалар сони  ҳам сезиларли равишда ўсган. Аммо барчасининг ҳам олиб бораётган фаолияти талаб даражасида эмас. Обуначиларга газеталарнинг аксарият сонлари умуман келмаётгани, 3, 4 сон тўпланиб бир вақтда келиши ёки умуман келмай қолиши каби жиҳатлар кўп кузатилмоқда. Журналист Бектош Исмоиловнинг мақоласида айнан шу масаладаги муаммолар ўз аксини топган.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

ОБУНАЧИНИ КИМ АЛДАЯПТИ?

Таҳририятга Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар ҳокимлиги, шаҳар хотин-қизлар қўмитасидан  ўзини мутахассис дея таништирган Ҳилола исмли аёл қўнғироқ қилиб, “Оила ва жамият” газетаси обуначиларга етиб бормаётганидан, баъзида 3-4 та сонини тўплаб  олиб келишаётганидан шикоят қилди.

Шаҳар маҳалла фуқаролар йиғинларидаги мавжуд 15 нафар мутахассислар йиллик обуна бўлишига қарамай  йилнинг ярми ҳам ўтмасидан газетамизнинг аксарият сонлари умуман келмаётганлиги, 3, 4 сон тўпланиб бир вақтда келиши ёки орада умуман келмай қолишини айтиб шикоят қилди.

– Қайси ташкилотдан обуна бўлгансизлар ўзи? – Аниқлик киритиш учун сўрайман шикоятчидан.

– “Матбуот сервис” деган ташкилотдан. Бизга газета етказиб берувчи Рауф ака деган одамга қўнғироқ қилиб тушолмаяпман. Таҳририят билан боғланиб масалага ойдинлик киритишда амалий ёрдам беришларингизни сўраймиз.

“Матбуот сервис” МЧЖнинг Нурафшон шаҳрига етказиб берувчиси Рауф ака билан телефон орқали боғландим. Рауф ака иш ҳақини вақтида  ололмаганлиги, боз устига обуначиларнинг тинимсиз  эътирозлари сабаб “тинчгина” ишдан бўшаганлигини айтди. Бу чалкашликларнинг бошида турган фирма раҳбари Суҳроб деган йигитнинг телефон рақамини берди. Энди ҳаммасини аниқлайман, деб рақамга қайта-қайта қўнғироқ қилиб тушолмадим… Бирон бир чорасини топиш илинжида “Матбуот тарқатувчи”нинг Тошкент вилоят бўлимига мурожаат қилдим. Бу ташкилот мутасаддиларининг айтишича, айрим обуна билан шуғулланувчи хусусий фирмалар айнан “Матбуот тарқатувчи”нинг номини сотиб иш кўришмоқда. Натижада обуначиларнинг шикоятларига улар жавоб беришига тўғри келмоқда. Бундайларга қонуний чора кўриш пайти келганлигини, бироқ бундай ваколат “Матбуот тарқатувчи”да йўқлигини таъкидлашди.

Қизиқ ҳолат. Йил давомида обуначиларни турли хусусий ташкилотга ишонмай, таҳририятга тўғридан-тўғри обуна бўлишга огоҳлантириб борамиз. Шунча тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай, аксарият туман, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ўзлари хоҳлаган ташкилотдан обуна бўлишади. Бугунги кунда матбуот нашрларининг номи кўплигидан обуна уюштирувчи хусусий ташкилотлар ҳам сезиларли равишда ўсган. Айни пайтда “Ўзбекистон почтаси”, ”Матбуот тарқатувчи” каби  обуна билан шуғулланадиган ташкилотлардан ташқари, таҳририятларнинг ўзлари ҳам тўғридан-тўғри обуна уюштиришни йўлга қўйишди. Бу аслида ана шундай фирибгарларнинг илдизига болта уриш мақсадида жорий қилинган эди, дейилса хато бўлмайди.

Майли, обуна мажбурий эмас, ҳар ким ихтиёрий равишда бўлаверсин, деган талаб қўйилди. Кимга қайси йўл қулай бўлса, шу томонини кўрсин, дедик. Афсуски, натижа қониқарли бўлмаяпти. Қулай фурсатни кутиб турган обуна уюштирувчи хусусий фирмалар иши битгунча амалдор “танишларини ўртага қўйиб”, иши битгандан кейин жуфтакни ростлаб қолишяпти. Оқибатда фирибгарнинг тузоғига илинган оддий обуначилар жабр кўришяпти ва маломат тошлари таҳририят шаънига ёғиляпти.

Биргина мисол, республика бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларида бир нафар, аҳоли сонига қараб айрим катта йиғинларда икки нафардан маҳалла мутахассислари фаолият юритаётганини ҳисобласак, айни пайтда  улар сони ўн мингдан ошиб кетади. Демак, бу ўн, ўн икки минг обуначимиз бор дегани. Маҳаллаларда шунча мутахассислар бўлишига қарамай, ҳозирги кунда  газетамизнинг тиражи 4572 донани ташкил қиляпти. Обуначиларимизнинг аксарияти 3 ой, 6 ой муддатга бўлишган. Мавжуд обунанинг 70 фоизи жойларда почта, матбуот тарқатувчидан уюштирилган бўлса, қолган 30 фоизи мана шундай хусусий фирмалар орқали “кимларнингдир манфаати” эвазига юзага келмоқда. Натижада маҳаллий ҳокимият мутасаддилари обуначиларни ким алдаётганини англаб етганда, ғишт қолипдан кўчиб, фирибгар ишини битириб кетган бўлиб чиқяпти.

Бектош ИСМОИЛОВ,

«Оила ва жамият» мухбири

2019 йил 5 июнь, 22-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

 

Бошқа хабарлар