“ОДАМЛАР ЎҚИБ, УЙҒОНАДИ. КЕЙИН УЛАРНИ ҚАНДАЙ БОШҚАРАМИЗ?”

173

Электрон оммавий ахборот воситалари ривожлангани сайин босма нашрларнинг фаолиятида айрим мураккабликлар вужудга келгандек гўё. Газетачиликнинг ўзига хос хусусиятлари, обуна масалалари, журналистлар фаолияти ҳақидаги мулоҳазалар ўттиз йиллик муҳаррирлик тажрибасига эга бўлган “Қизилтепа тонги”  газетаси бош муҳаррири, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори  Раҳим Мақсудовнинг мақоласидан ўрин олган.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

ГАЗЕТАНИНГ КАТТА-КИЧИГИ ЙЎҚ

Ёки одамларни уйғотмайдиган нашр кимга керак?

Ўз касбимиз тақозо этган вазифани бажаришга интилишимиз, жамиятда шаффофлик ва очиқлик муҳити бўлиши учун ҳаракат қилишимиз зарур.  Журналистларни бежиз асаларига ўхшатишмайди. Асалари бир грамм асал йиғиш учун уч минг­дан зиёд гулга қўниб, шира олар экан. Яна жаҳонгир Наполеон Бонапартнинг “Мен юз минг қуролланган жангчидан кўра, учта газетадан қўрқаман”, деган гапини ўқиган эдим.

Ўзимнинг ўттиз йиллик муҳаррирлик тажрибамдан газета ҳаётига оид кўп воқеаларни бошдан кечирдим.

Бундан анча йиллар олдин экология муаммоларига оид ўткир чиқишлар қилган эдик: “Заҳарфурушларга жазо борми?”, “Ажал ҳавзаси” каби мақолалар шулар жумласидан.

Шунда Бухоро вилоят партия қўмитасининг иккинчи котиби мени туман раҳбари Мардон Шамсиев хонасига чақириб, танбеҳ бермоқчи бўлди.

— Бундан кейин экологияга оид мавзуларни газетада ёритманг, — деди Бухоро вилояти партия қўмитасининг иккинчи котиби.

— Нега? — дедим мен.

— Одамлар ўқиб, уйғонади. Кейин уларни қандай бошқарамиз?

— Одамларни уйғотмайдиган газета кимга керак? — дедим мен.

Мардон Шамсиев: “Вилоятнинг тегишли ташкилотлари газетанинг чиқишлари нотўғри бўлса, ўз хулосасини берсин”,  — деди.

Иккинчи котиб:  “Ундай қилолмаймиз”, — деди.

Шу билан “масала ёпилди”.

Бошқа газеталар таҳририятлари каби бизнинг жамоа ҳам асосан обуна ҳисобидан яшайди. Реклама берувчилар ҳам, ундан даромад ҳам йўқ ҳисоб. Эълонлар асосан ҳокимликка тегишли бўлгани учун текин. Мерос иши ва табриклардан бир йилда ўн миллион сўм ҳам тушмайди…

“А-3” форматдаги 6 саҳифали, ташқи саҳифалари кўп рангли, ҳафталик газетамизнинг 2019 йиллик обуна баҳосини 76000 сўм белгиладик. Бир донаси 1460 сўм! Бу пулга ҳозирги кунда бир литр қадоқланган сув ҳам бермайди. Ходимларимиз билан жамоама-жамоа, уйма-уй юриб, 8830 обуначи топдик.

Бугун даромадимизнинг 26 фоизи босмахона харажатларига кетяпти. Босмахоналар нархни ўзи белгилайди. Осмон! Таҳририятни ҳимоя қилувчи одам йўқ. Давлат унитар корхонаси бўлгани учун таҳририят ягона ижтимоий тўлов солиғини ҳам 12 фоиз ўрнига 25 фоиз тўламоқда. Ижодий ходимлар 7 киши. Газетани жойлаштирувчи, тарқатувчи, обунани ташкил этувчилар — жами 17 кишига ўртача 18-19 миллион сўмлик иш ҳақи ҳисобидан 2,2 миллион сўм даромад солиғи ва бошқа тўловлар тўлаймиз. Негаки қонунчиликда даврий нашрлар учун имтиёз кўзда тутилмаган.

Таҳририятимиз ижодий ходимлари ўтган йили ойига 2,5 миллион сўмгача маош оларди. Бу даврда бюджет ташкилотлари иш ҳақи кескин ошди. Биз эса на ижодий ходимлар ва на шартнома асосида ишловчилар иш ҳақини ошира олдик. Сабаби обуна нархини кўтармадик. Қимматлашса, обуначиларни йўқотамиз.

“Мажбурий обуна”га қарши ҳужум аксарият ҳолларда “Обуна бўлмаслик керак” тадбирига айлантирилди. Гарчанд бизнинг газетани обуначилар ҳар ҳафта жума куни олишса-да, обуначиларимиз 2000 нафарга камайди. Бу газетанинг сифатига ҳам таъсир этмасдан қолмади. “Кирадиган эшигингни қаттиқ ёпма!”

Ўтган йили 3578 та, жорий йилнинг тўрт ойида 1200 хат олдик. Ҳар бир сонда ўнлаб мавзуни ёритамиз. Ҳар йили бир қатор йўналишларда танловлар эълон қилиб, ғолибларни мукофотлаймиз. Шу йилнинг биринчи чорагида 2,5 миллион сўм ва ўнлаб  китобларни мукофот сифатида бердик. Шунинг учун жамоатчи мухбирларимиз орасида мактабларнинг 1-синф ўқувчисидан 80-90 ёшли кексаларгача, талаба, ўқитувчи-ю шифокорлардан олимлар, таниқли илм-фан арбобларигача бор.

Бу фикрларни келтиришимдан мақсад — ишлайман, деса газетанинг катта-кичиги йўқ, ўз йўлини, ўз ўқувчисини топиши мумкин.

Аммо журналист ҳам одамдай яшагиси келади. Ўз билим ва иқтидорини мунтазам ошириши, ҳеч кимга қарам — муте бўлишни истамайди. Бунинг учун мамлакатдаги ўртача даражадан паст иш ҳақи олмаслиги керак. Мактаб ўқитувчиларининг ойлик маошини минг долларга етказиш ҳақида гап кетаётган бир вақтда 100-200 долларга ким ўзини журналист сифатида ўтга-чўққа ургиси келади?

Таҳририятимизда ишловчи беш нафар ижодий ходимнинг ҳаммаси олий маълумотли… ўқитувчи. Мактабда яхши маош олиши мумкин бўлгач, уларни бу маош билан таҳририятда сақлашнинг қандай имконияти бор? Журналистликка ўқиганлар эса туманда қолишмайди. Сабаб — иш кўп ва тиғиз, яшаш шароити шаҳардагидек эмас.

Шундай экан, умуман журналистика муаммолари, айниқса, босма нашрлар муаммоларини яхлит ҳолатда кўриш вақти келди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг мақоми масаласи қачон ҳал бўлади? Бу соҳа эгаларига зарур имтиёзлар амалда қачон тақдим этилади?

Собиқ шўро тузуми даврида туман газеталарини нописандлик билан “районка” деб айтишарди. Самарқандлик журналист Фармон Тошевнинг яқинда “Hurriyat”да чоп этилган мақоласида туман газеталарини бепул (текин) тарқатиш керак, деган таклиф айтилган. Шундай тажриба борми ўзи? Бўлса қаерда? Аслида ҳозир бошқа нашр­ларни обуна қилиш ҳам, тарқатиш ҳам ўта муаммоли масала. Одамлар пул тўлаб обуна бўлган нашрини кечикиб олади ёки умуман олмайди. Бу республика нашрларига ҳам, вилоят нашрларига ҳам тегишли гап.

Биз туманимиз почтачиларини бундай ташвишдан “озод қилганимизга” йигирма йилча бўлди. Ўзимиз обуна қиламиз, ўзимиз етказиб берамиз. Муштарийнинг газетамизни олиши кафолатланган.

 

Раҳим МАҚСУДОВ,

Навоий вилояти, Қизилтепа тумани “Қизилтепа тонги”

 газетаси бош муҳаррири,

Халқаро “Олтин қалам” миллий

мукофоти совриндори

2019 йил 5 июнь, 13-сон

        “Hurriyat газетаси

 

 

 

Бошқа хабарлар