ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ ВА ПРОКУРОРИ АҲОЛИДАН НЕГА КЕЧИРИМ СЎРАМАДИ?

226

 

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари орқали ҳудудлар обод қилиниб, аҳоли фаровонлиги йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бириктирилган сектор раҳбарлари ўз худудларида аҳоли муаммоларини ўрганиб, унинг ечимини излаб халқнинг розилигига эришмоқдалар. Аммо Самарқанд шаҳрининг «Фидойилар» маҳалласи ҳудудида жойлашган иккита 2 қаватли ётоқхона биносида истиқомат қилувчи аҳоли эса… Журналист Ёрмамат Рустамовнинг мақоласида айнан шу масала акс этган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

 

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ АҲОЛИДАН НЕГА УЗР СЎРАДИ?

 

Бир вақтлар «Ҳужум» фабрикасига тегишли бўлган, Самарқанд шаҳрининг «Фидойилар» маҳалласи ҳудудида жойлашган иккита 2 қаватли ётоқхона биносидан бугунги кунда аҳоли тураржой сифатида фойдаланиб келяпти. Бундан роппа-роса 92 йил муқаддам барпо этилган 41 хонадонли уйларда 58 та оила ёки 200 нафардан зиёд одам истиқомат қилади.

Қачонгача ёлғон ҳисоботлар билан яшаймиз?

Шундоғам умрини яшаб, яроқсиз ҳолга келиб қолган биноларда на табиий газ ва на ичимлик суви бор. Одамлар шу атрофда қурилган биргина ҳожатхонадан фойдаланади. Бинолар авария ҳолатида бўлганидан ташқари, ҳудуд ҳам санитария талабларига жавоб бермайди.

— «Ўзинг учун ўл етим», деган нақлга амал қилиб яшаяпмиз, — дейди Ойгул Ғаниева. — Олтмишга яқин оила ҳовлидаги битта крандан сув ташиб ичамиз. Овқатни ўтин ёқиб пиширамиз. Салгина шамол эсса, электр ҳам ўчиб қолади. Икки хонали хонадонларда айрим қўшнилар 10-12 киши бўлиб яшаяпти. Бунинг устига, аксариятининг томидан чакка ўтади. Мазкур муаммолар юзасидан кўп жойларга мурожаат қилдик. Ҳеч ким арз-додимизга қулоқ солмади.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, мазкур ҳудуд шаҳар прокурори секторига қарашли бўлиб, сектор бошлиғи ҳалигача бирор марта бу ерга қадам босмаган экан. Хуллас, мазкур уйлардаги аҳвол жуда оғир.

 

Яқинда бу ердаги ҳолатни, одамларнинг яшаш шароитини ўз кўзи билан кўрган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов аҳоли муаммоларига панжа орасидан қараган шаҳар ҳокимлиги ҳамда сектор раҳбарлари номидан аҳолидан узр сўради. Вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида бу ердаги нохушликлардан бехабар қолгани, айрим мутасаддиларнинг лоқайдлиги, бефарқлиги шу даражага олиб келганини баён қилди.

Иқрорлик — бу мардлик. Аммо шу ҳудудга масъул бўлган сектор раҳбари, шаҳар прокурори, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари нега аҳолидан кечирим сўрашмади? Ахир, айнан улар эмасмиди, жойларда сайёр қабуллар ташкил этиб, «уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб, халқнинг дардини эшит­япмиз, муаммоларни аниқлаб, уларни тўлиқ бартараф этяпмиз», дея юқори идораларга варақ-варақ ҳисоботларни тақдим этаётган? Демак, мазкур ҳисоботлардаги айрим рақамлар ёлғон экан-да! Агарда улар рост бўлганида «Фидойилар» маҳалласидаги муаммолар ечим топган бўлмасмиди?!

Камчиликлар қандай бартараф этилади?

Бугун вилоят ҳокимининг «Фидойилар» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича зарур барча чораларни кўраман, деган ваъдаси бажарилмоқда.

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси даволаш профилактика муассасаларининг малакали мутахассислари томонидан икки кун ичида шу йиғиннинг 1 минг 123 нафар фуқароси тиббий кўрикдан ўтказилди. 35 нафар болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун тиббий маълумотнома берилди. Кўчма рентген аппарати ёрдамида 236 та текширув ўтказилиб, аҳолига тегишли амалий ёрдам кўрсатилди.

Ўрганишлар давомида мазкур маҳалладаги 32 та оила ҳозиргача қонуний никоҳдан ўтмай яшаб келаётгани, 80 нафар боланинг эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги, икки нафар фуқаро Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги яқинлашган бир пайтда ҳалигача собиқ иттифоқ паспорти билан яшаб юргани аниқланди.

Айни пайтда мутлақо яроқсиз ҳолдаги мазкур икки қаватли уйларда яшовчилар вақтинча бошқа ижара хонадонларга кўчирилиб, уларни бузиш ишлари бошлаб юборилди. Хайриятки, уларнинг ижара пулларини тўлаб беришни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олибди. Маълумотларга қараганда, энди бу ҳудудда янги тураржойлар қад кўтаради ва одамлар тез орада бу уйларга кўчиб кирадилар.

Худди шунга ўхшаш ҳолат бугун вилоятнинг бошқа бир тумани ёки шаҳрида учрамайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Шу боис жойлардаги ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, маҳалла оқсоқоллари уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиши, уларга ечим излашда, камчиликларни таҳлил этишда кўзбўямачиликка йўл қўймасдан ишласалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ёрмамат РУСТАМОВ тайёрлади

2019 йил 30 май – 6 июнь, 25-сон

«Mahalla» газетаси

 

Бошқа хабарлар