АВТОБУСЛАР ҲАРАКАТИ БЕХАТАР БЎЛАДИМИ?

125

Кейинги йилларда мамлакатимиз, хусусан, пойтахтимизда йўловчи ташиш соҳасида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, йўлларда хавфсизликни таъминлаш, тизимга замонавий ахборот коммуникация воситаларини кенг татбиқ этиш борасида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январь куни қабул қилинган «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

600 минг йўловчи, 264 минг километр масофа

Айни кунларда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг автобус саройлари тасарруфидаги жами 1400 та «Mersedes Benz» ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган «Исузу», «МАN А22 CNG», «Isuzu», «SAZ LE 60» русумли йўловчи автобуслари 153 та йўналиш ва 2 121 та бекат бўйлаб ҳаракатланмоқда ва кунлик йўловчи ташиш ҳажми 600 минг нафарни ташкил қилаётир. Автобуслар умумий узунлиги 2 минг 700 километр бўлган йўналишларда ўртача 264 000 километр масофа босиб, йўловчиларни ўз манзилларига етказмоқда.

Соҳага энг сўнгги русумдаги замонавий коммуникация воситаларини жорий этиш мақсадида барча йўналишда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларига GPS треккерлари ва GPS/GSM антенналари ўрнатилди. Натижада автобусларнинг ҳаракат интервалларига риоя қилиниши маълум даражада яхшиланди, йўналишли автобусларнинг техник сабабларга кўра қайтиб кириши ва йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳолатлари кескин қисқарди.

160 та янги пандус ва кондиционер билан жиҳозланган автобуслар келтирилди

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йил охири ва жорий йил бошида шаҳар жамоат транспортига 160 та янги «МАN А22 CNG» ҳамда «SAZ LE 60» русумли катта ва ўрта сиғимли автобуслар келтирилди. Ушбу транспорт воситалари пандус ва кондиционер ҳамда автомат тарзда ҳаракатга келувчи ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозлангани пойтахт жамоат транспорти тарихида муҳим воқеа бўлди, дейиш мумкин.

— Келаётган ёз мавсумида Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари совутиш тизими жорий этилган автобусларда ўз манзилларига етиб олиш имконига эга бўлади, — дейди  «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов. — Режага кўра, бу йил ҳам пандус ва кондиционер билан жиҳозланган 100 дан зиёд янги автобус олиб келиш режалаштирилган.

Ёзда автобуслар ёнмайди…(ми?)

Бугун «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга қарашли автобус саройлари тасарруфидаги автобусларнинг қарийб 1200 таси ҳар куни белгиланган йўналишлар бўйича ҳаракатланади. Ёз мавсумида автотранспорт воситаларининг бенуқсон ишлашини таъминлаш ҳамда тизимда 75 фоиз автобус эскирганлигини инобатга олиб, улардан самарали ва соз ҳолда фойдаланиш мақсадида сўнгги икки ойдан буён тизимда «Тозалик ва таъмирлаш» ойлиги ўтказилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2010 йилдан бугунги кунга қадар «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга қарашли автосаройлар тасарруфидаги 60 га яқин автобусларда турли техник сабабларга кўра ёнғин содир бўлган. Бу каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ёзнинг иссиқ кунларида эски автобусларнинг техник соз ҳолда йўналишга чиқишини таъминлаш мақсадида раҳбарият томонидан барча чора ва имкониятлар ишга солинмоқда. Ёнғин, асосан, автотранспортнинг моторга мой томиши оқибатида юза келиши инобатга олиниб, автобусларнинг мотор қисмлари мунтазам ювилмоқда, эскирган қисмлари янгиланмоқда. Қувонарлиси, кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли 2019 йилнинг ўтган 5 ойи давомида автобус ёниши ҳолати умуман кузатилмади.

«Tash Bus» мобиль иловаси нега ишламаяпти?

Маълумки, бундан 1-2 йил аввал Тошкент шаҳридаги автобус оралиқ бекатларига электрон маълумот таблолар ўрнатила бошланган эди. Йўналиш рақами ҳамда бекат номидан ташқари автобусларнинг қанча вақтда етиб келиши, валюталар курси ҳамда об-ҳаво маълумотлари онлайн режимда акс этадиган бу каби ахборот қурилмалари маълум вақт аҳолига бир қанча қулайликлар яратди. Қолаверса, Android, Apple iOS дастурларида ишлайдиган «Tash Bus» мобиль иловаси хизмати йўлга қўйилгач, қисқа вақт ичида дастурни 100 мингга яқин фойдаланувчи ўз телефонига юклаб олди. Aммо нима бўлди-ю, ушбу илова ва бекатлардаги элек­трон таблолар ишламай қолди.

— «Grand Technologys» компаниясининг ушбу дастури ишга тушгач, кўпчилик бу қулайликдан миннатдор бўлди, — дейди Равшан Ёқубжонов. — Мазкур мобиль илова нафақат йўловчи вақтини тежаш ҳамда тўғри тақсимлаш, балки автобусларнинг ўз вақтида бекатларга етиб келиши, ҳайдовчиларнинг йўналиш тартибига қатъий риоя қилишига ҳам ёрдам берди. Аммо шартномадаги муддат якунига етгач, дастур ва бекатлардаги таблолар маълум вақт ишламай қолди. «Тошшаҳартрансхизмат» автобусларига ушбу хизматни кўрсатиш учун «UzJPS» компанияси тендерда ғолиб бўлгач, ўзаро ҳамкорликда Android платформаси учун «My Bus» ва «ZTM» мобиль иловалари ишга туширилди. Лекин, тан олиш керак, ушбу дастурларни аҳоли аввалги мобиль илова каби яхши қабул қилмади. Шу боис ҳозирда «Tash Bus» дастурини қайта ишга тушириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Яқин кунларда бу масала ижобий ҳал этилади.

«Ҳайдовчи режа «балоси»дан буткул халос бўлади»

Пойтахт ер усти жамоат транспорти хизматидан фойдаланувчи йўловчилар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг аксарияти автобус ҳайдовчиларининг қонунга зид ҳаракатланиши, бошқа йўналишдаги транспорт воситалари билан «пойга ўйнаши» ҳақида жиддий эътирозлар билдиради. Ҳайдовчилар эса бу ҳолатни кунлик пул топшириш режаси юқори эканлиги билан изоҳлайди.

— Ҳозирда «Тошшаҳар­трансхизмат» АЖнинг ижтимоий тармоқлардаги «@aotshtx_bot» манзили ҳамда «1062» ишонч телефонига соҳадаги муаммолар юзасидан бўлаётган мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, ўз вақтида ечим топилмоқда, — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг Йўловчи транспорти ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш хизмати бўлими бошлиғи Мираваз Далилов. — Аниқланган камчиликлар натижасида охирги тўрт ой ичида 20 нафардан зиёд ҳайдовчига турли интизомий чоралар кўрилди. Яна 10 нафардан зиёд ҳайдовчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, ҳар чоракда «Тошшаҳар-трансхизмат» АЖ таркибига кирувчи автобус саройларида ҳайдовчилар ва чиптачилар иштирокида автотранспорт бошқаруви вақтида уяли телефондан фойдаланмаслик, қувиб ўтиш қоидаларига риоя қилиш ҳамда автобусларнинг техник созлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳайдовчиларга қўйилаётган кунлик пул топшириш режаси тасдиқланишдан аввал йўналишдаги йўловчи оқими бир ой давомида мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилади, Ана шундан кейингина йўл ҳақи режаси белгиланади. Тўғрисини айтганда, бу муаммо бизни ҳам бир неча йилдан буён қийнаб келмоқда. Шу боис жорий йил Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда соҳага электрон тўлов тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда. Агар ушбу лойиҳа амалиётга татбиқ этилса, ҳайдовчи фақат хавфсизлик ва ўз вақтидаги қатновга аҳамият беради. Энг асосийси, улар режа «балоси»дан буткул халос бўлади.

Автобусларга видеокузатув камералари қачон ўрнатилади?

Режага кўра, 2019 йилнинг 1 июнигача пойтахт кўчаларида ҳаракатланаётган барча автобусларда икки-учтадан видео-кузатув камералари ўрнатилиши лозим эди. Аммо негадир бунга ҳали ҳам қўл урилмади?

— Бу бўйича ишлар бошлаб юборилган, — дейди Равшан Ёқубжонов. — Айни кунларда бир неча фирманинг видеокузатув камералари 4 та автобусга синов тариқасида ўрнатилган. Белгиланган муддат ичида ушбу қурилмалар рисоладагидек ишласа ва автобус техник талабларига мос тушса, мазкур кузатув воситаси яқин кунларда қолган автобусларга ҳам ўрнатилади. Ушбу янгиликнинг аҳамияти шундаки, йўловчилар, ҳайдовчи ва чиптачиларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати мунтазам назорат қилиб борилади. Бу эса жараёнда бўладиган турли кўнгилсизликлар ҳамда қонун бузилишларининг олдини олади. Бундан ташқари, автобусга нисбатан йўллардаги қоидабузарликларни ҳам қайд этиб бориш имкони пайдо бўлади.

Хулоса ўрнида

Тан олиш керак, ҳали бу соҳада ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Аммо мавжуд камчиликларни бартараф этишда йўловчилардан ҳам янада эътиборли бўлиш талаб этилади. Бу эса тизимда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳадаги фаолиятни янада фаоллаштиришга хизмат қилади.

Саъдулло ТУРСУНОВ,

«Mahalla»

Манба: «Mahalla» газетаси

 

Бошқа хабарлар