«Анор» – ҳаваслар маскани

112

Бўстонлиқ туманида «Анор» болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолият бошлаши муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли бўлган мазкур оромгоҳда жуда катта ҳажмда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган бўлиб, болаларнинг мазмунли ва мароқли дам олиши учун барча шарт-шароитлар кўзни қувонтирадиган даражада яратилган.
– Оромгоҳимиз 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, мавсум давомида 1000 нафар болани қабул қилиш имкониятига эга, – дейди оромгоҳ раҳбари Светлана Лехно. – Кўриб турганингиздек, оромгоҳда барча шарт-шароитлар аъло даражада. Болаларнинг хурсанд бўлаётганидан биз хурсандмиз.
Оромгоҳдаги 3 та болалар майдончаси, сузиш ҳавзаси, кутубхона ҳамда Маънавият ва маърифат хонаси замон талаблари асосида жиҳозланган. Кутубхона болалар учун мўлжалланган китоблар билан бойитилган. 50 ўринга мўлжалланган 4 та ётоқхона хоналарга бўлинган. Ҳар битта хонага 8, 12, 14 ва 16 нафардан бола жойлаштирилган. Турли спорт ва санъат тўгаракларига мўлжалланган хона ва майдончалар ҳам болаларни қизиқтирадиган даражада безатилган.
– Уч нафар фарзандим шу оромгоҳда ҳордиқ чиқаряпти, – дейди Тошкент шаҳри Учтепа туманидан келган Мунира Ортиқхўжаева. – Оромгоҳнинг очилиши жуда қизиқарли ва ранг-баранг ўтди. Фарзандларим илгари бош­­қа оромгоҳларга ҳам боришган. Аммо «Анор»даги шарт-шароит­лар мақташганича бор экан.
Очиғи, тоғ бағридаги сўлим табиат қўйнида жойлашган ва барча қулайлик­ларга эга бўлган замонавий кўринишдаги оромгоҳда дам олаётган болаларга бизнинг ҳам ҳавасимиз келди…

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар