Атама ўзгариши керак

182

Кўплаб зиёлилар ташаббусни қўллаб-қувватламоқда

Бир муддат олдин ушбу мавзу кўтарилгач, кўпчиликда турли фикр-мулоҳазалар пайдо бўлди. Ҳамонки, мавзуга муносабат билдирилаётган экан, демак эҳтиёж мавжуд. Мавзу доирасида таниқли олимлар, ёзувчилар, шоирлар, бир сўз билан айтганда, миллатимиз жонкуярлари билан суҳбатлашдик.

Профессор Абдуқаҳҳор Иброҳимов: «Биз бу атамадан анча олдин воз кечишимиз керак эди. Бироқ ҳар хил сабабларга кўра, у бизга ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Кўпчилик бундан норози ва уни ўзгартириш вақти етди. Чунки «фуқаро» сўзининг салбий луғавий маънолари ҳозирги кунда ҳам бутун дунёда сақланиб қолмоқда. «Бек(а)» атамаси ўзим ва мен маслаҳат қилган олимларга ҳам маъқул бўлди».

Ёзувчи, таржимон ва шоир Шукрулло: «Бу атама аллақачон ўзгариши керак эди. …Ўзингни-ўзинг ҳурмат қилмасанг, бошқа биров ҳурмат қиладими?».

Академик Бахтиёр Назаров: «Ҳозирги кунда ишлатилаётган «фуқаро» атамаси ўзбек халқига мос келмайди. Қилаётган ишларингиз жуда яхши, бироқ таклифингизни халқимиз қўллаб-қувватласа, натижага эришилади. Маслаҳатим, мақолалар чоп этаётганингизда, расмий ҳужжатларда, оммавий ахборот воситаларида ва ёзувчилар асарларида фуқаро атамасини халқимизга нисбатан қўлламасликни тавсия қилинг. Биринчи навбатда, шунга эришилса, бу атама ўзгариши мумкин. Бир неча йил аввал фуқаронинг маъносини кўпчилик билмасди, ҳозирда эса салбий маъноси анча тарқалди, халқимиз уни истеъмолдан чиқазиб ташласа, ўрнига «бек(а)»ни қўллаш мумкин бўлиб қолади. Бу сўз «фуқаро»нинг акси бўлиб, халқимизга ижобий таъсир кўрсатади».

Профессор Қозоқбой Йўлдош: «… Халқни «фуқаро» деб аташ ҳақиқатдан ҳам нотўғри иш бўлган. Ҳозирги кунда айбдорларни изламасдан, уни ўзгартириш лозим. Сиз таклиф қилаётган ва таъриф берган «бек(а)» варианти тўғри танланган деб ўйлайман».

Профессор Аҳмад Қуронбеков: «Бу атамани қўллашни бошлашдан аввал «Атамалар қўмита»сида тилшунос олимлар кам бўлган, ҳозир эса бу қўмита умуман фаолият кўрсатмайди. Менинг фикримча, айнан шу сабабли «фуқаро» атамаси халқимизга нисбатан нотўғри ишлатила бошланган. Бу сўзга жуда кўпчилик қарши бўлишган».

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али: «… «Фуқаро» атамасини қўллашда хатога йўл ­қўйилди. …Сиз таклиф қилаётган «бек(а)» деганда шу заминнинг ўғли, қизи, мулкдори, ҳимоя­чисининг назарда тутилиши инсонларга ғурур бағишлайди ва ишонаманки, бу атама келажакка олға интилишимизга катта мадад беради».

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев: «Фуқаро» атамаси масаласидаги тортишувларни жуда кўп эшитганман ва ҳар доим у сўзга қарши бўлганман. Бироқ шу пайтгача унинг дунёвий ва диний илм билан чуқур асосланганини эшитмаган эканман. Бу масала миллатнинг ор-номуси, ғурурига тўғридан-тўғри боғлиқ. Сизга қандай қилиб ташаккур билдиришга сўз топа олмаяпман. Халқимизнинг бундай аталиши жуда катта хато. Сиз таъкидлаётганингиздек, халқимиз шу заминнинг бек ва бекаларидир».

Бу мавзуга марҳум атоқли адиб ва ёзувчиларимиз ҳам ўз вақтида қуйидагича фикр билдириб ўтишган эди:

Ўзбекистон  Қаҳрамони Эркин Воҳидов: «…Бамисоли уламо, фузало олим-у фозилнинг кўплик шакли бўлганидек, фуқаро – фақирлар, яъни камбағаллар, йўқсиллар демакдир. Қоидага кўра, фуқарога ҳам «-лар» қўшимчасини қўшиш хато бўлади».

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан учрашув жуда қизиқарли бўлган эди. «Мен «фуқаро» атамасини жуда-жуда ёмон кўраман. Баъзилар фуқарода камтарлик, камсуқумлик фазилатлари мавжудлигини таъкидлашади. Билмадим, қаердан олинган бу фазилатлар. Аслида эса, бу сўзнинг ҳеч қайси бир луғатда учрамайдиган «камтарлик, камсуқумлик» ва ҳ.к. фазилатлари тилимизга қаердан олиб кирилганлигини ҳеч ким, ҳатто шу сўзни ишлата ётганлар ҳам аниқ билишмайди. Аллоҳнинг олдидаги фақирлик бу умуман бошқа нарса. Фақир бу – камбағал, ғариб, бечора эркак киши дегани. Европа мамлакатларида фақир деганда кўчманчи сеҳргарларни, оғир юк кўтариб, оғриққа чидамлилигини кўрсатиб оммани ҳайратга солувчи кишиларни тушунишган. Шу сўзнинг кўплик шакли «фуқаро» бўлади. Халқни бундай даражада камситиш мумкин эмас. Бу тўғрида мен кўп гапирганман. Хайрли ишга қўл урибсиз. Мен сиз томондаман, чунки халқимизни шундай атаб шармандалик бўлган воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Яқинда «Бек ва бекажон» номли китобим чиқиб қолиши мумкин, ҳали тугатганим йўқ. Шу китобга сиз билан бўлган суҳбатни ҳам киритаман. Насиб қилса, бу атаманинг ўзгарганини кўрармиз». Баъзи олимларда «Фалон профессорнинг розилигини олиб келинг, ундан кейин мен ҳам сизни қўллаб-қувватлайман» ва «мен фуқаро бўлиб туғилганман, фуқаро бўлиб ўламан» деган фикрларнинг пайдо бўлиши кишини ҳайратга солади. Кўплаб зиёлилар, жамоатчилик бекордан-бекор «фуқаро»га қарши эмасдир. Демак, дўппини олиб қўйиб, бир қарорга келиш пайти аллақачон келганлигини англаш фурсати етди. Наздимизда, бу атама ўзининг юртимиздаги салбий вазифасини адо этиб бўлди.Кимлардир томонидан билимсизлик оқибатида, пала-партиш равишда ишлатилиб кетилган ва халқимиз руҳиятига салбий таъсир қилувчи сўзни ўзгартириш давлатни ва халқни қўллаб-қувватлаб, буюк келажагимизни яратишда Президентимиз кўрсатаётган йўлдан юраётганимизни кўрсатади.

Рўзмат
ТОЖИМУРОДОВ,

тиббиёт фанлари номзоди

Бошқа хабарлар