Бахтли болалик нашидаси

54

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) иштирокида Бўстонлиқ туманида жойлашган «Баркамол» болалар соғломлаштириш оромгоҳида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил мазкур санага бағишланган тадбирлар «Болалар далаларда эмас, балки орзуларда ишлаши керак!» мавзусини қамраб олди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг охирги маълумотларига кўра дунё бўйича 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 218 млн. бола ишлашга мажбурдир. Уларнинг 152 миллион нафари болалар меҳнатидан жабрланганлар бўлиб, шундан 73 миллион нафар бола хавфли меҳнатга жалб қилинган. Энг ачинарлиси, ушбу 152 миллион боланинг қарийб ярми 5-11 ёшдаги болалардир. Дунё бўйича болалар меҳнати деярли барча соҳаларда учрайди, бироқ 10 боланинг 7 таси қишлоқ хўжалигида меҳнат қилади. Бу каби ҳолатлар болаларнинг ҳар томонлама камол топишига ва билим олишига халақит бериши билан бирга, уларнинг физик, ақлий ва ахлоқий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистонда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун барча зарур шарт-­шароитлар яратилган бўлиб, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бола меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича Президентимиз ташаббуслари билан давлат сиёсати даражасида Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кучли механизмларини янада ривожлантиришга, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам дунё миқёсида эътироф этилди.
Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида халқаро ҳамжамият эътироф этган самарали механизмлардан яна бири – болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишидаги ишлар ҳисобланади. Мазкур жараён ҳар йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштириб келинмоқда. Жорий йилги соғломлаштириш мавсумида мамлакат миқёсида 1067 та болалар оромгоҳи ­фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 224 таси стацио­нар турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бўлса, 843 таси соғломлаштириш майдончаларидир. Бу кўрсаткичлар жорий йилда фаолият кўрсатувчи стационар оромгоҳлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 20 тага кўпайганидан далолат беради. Ёз мавсуми давомида жами оромгоҳларда 310 минг нафарга яқин болажонлар соғломлаштирилади. Уларнинг 171 минг нафарга яқини стационар турдаги оромгоҳларда, 138 мингдан зиёди соғломлаштириш майдончаларига жалб этилади. Ушбу мақсадлар учун жами 91 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган.
Тантанали тадбир доирасида болалар учун махсус тайёрланган фильмлар ва роликлар ҳам намойиш этилди. «Дунё болаларига бахт ва умид» мавзусида ташкил этилган расмлар, куй, қўшиқ ва шеърлар танловлари, ўғил-қизлар билан бола ҳуқуқлари борасида ўтказилган савол-жавоб викториналари Ўзбекистонда яшаётган болажонларнинг нақадар иқтидорли ва билимли бўлиб улғаяётганини, халқаро конвенциялар бўйича юксак хабардорлик ва билимларга эга эканликларини намоён этди.
Танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Бошқа хабарлар