Оқибат сабоғи

142

 

Қўлимизда «Бир умрлик сабоқ» китоби. Китоб «Ta’lim-media» нашриётида чоп этилган. Муаллифи – Мақсуд Жонихонов.

Муаллифни сиз ҳам танийсиз. Мақсуд Жонихонов бир муддат «Қишлоқ ҳаёти», 16 йил «Халқ сўзи» газетаси таҳририятида бўлим мудири, бугунги кунда «Жамият» газетасида Бош муҳаррирлик қилмоқда. Кўплаб мақолалари, бадиий асарлари билан ўқувчилар эътиборига тушган истеъдодли ижодкор.
Ушбу китоб бу дунёнинг ишлари ҳақида мўъжаз ҳикоя, ҳангомалардан иборат. Уларда ота-она меҳри, фарзанд эҳтироми, оила аъзоларининг бир-бирига оқибати, дўст-у биродарлар, қўни-қўшнилар, сафардош-у сабоқдошларнинг ўзаро муносабати ифодали тасвирлар воситасида ҳикоя қилинади.
«Беамр тикан кирмас» деганларидек, муаллиф кузатган воқеалар ҳамиша сабабсиз рўй бермайди. Велосипед ўғирлаган боланинг баданини яра-чақа босади, отасини ноҳақ ранжитган ўғилнинг косаси оқармайди. Шаҳарга нисбатан овлоқ қишлоқларда меҳр-мурувват, ҳаё ва ибо каби ­қадриятлар ҳамон яшаб келаётганига ушбу китобни варақлаганда ишонасиз. Тасаввур қилинг: Ургутда тўй бошланяпти. Шаҳардан бир гуруҳ қизлар етиб келишди. Тор шимлар кийган «замонавий» қизлар ҳовлидан то уй ичига кириб кетгунча бу ердаги эркакларнинг ҳаммаси тескари қараб туришди.
Муаллифнинг таъсирчан ҳикояларини шунчаки ўқимайсиз. Уларда онанинг фарзанд учун фидойилиги, меҳрибонлиги, отанинг эртани кўра билиб тарбия бериши каби ҳолатлар кўзингизга ёш ғилтиллатиши табиий. Айниқса, бундай кечинмаларга ошно бўлган китобхон ўз-ўзига «Мен отамни, онамни рози қилдимми?» деган савол қаршисида ўйга толиши турган гап. Китобнинг тарбиявий жиҳати ҳам шунда, албатта.
Йўл юрсангиз саргузаштларга кўп учрайсиз. Китобдан жой олган ҳикояларнинг маълум қисми сафарномалар. Қишнинг аёзли кунларида муаллиф ёш болалар билан Самарқанддан қайтишда юқори нуқтада ёнилғисиз қолиб кетса бўладими. Бир қисмлари бензинга кетишса, қолганлар ўтин топиб, гулхан ёқишади. Шундай қилиб вазиятдан чиқишади. «Дунёда яхшилар кўп, азизлар» деган сўзлар ҳикояга якун ясайди.
Яхши одамлар. Глобаллашув даврида манфаатни олдинги ўринга қўювчилар кўпаяётган бугунги кунда фақат эзгулик йўлида яшаётган инсонлар Мақсуд Жонихонов асарларининг бош қаҳрамони. «Ажр» ҳикоясида тараннум этилган Эшон бобо шулардан бири. «Омонатгина дунёда ҳашамга эмас, ҳалолликка, покликка, қалб тозалигига ружу қўйдилар. У кишини Аллоҳ шундай тоза сийратли-ю мусаффо тийнатли этиб яратган бўлса, не ажаб?! Юзларидан нур ёғилиб турувчи бу инсоннинг бирор даврада овоз кўтариб гапирганини ҳеч ким эшитмаган, Қуръони Каримни мукаммал эгаллаган бўлсалар-да, ҳеч қачон бундан мағрурланганларига биров гувоҳ бўлмаган. Фарзандлари, набиралари хато иш қилиб қўйишса, мулойимлик билан тушунтирганлар. Эшон бобонинг тарбиясини олган фарзандлар-у набиралар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг одоб-у икромидан завқ оласиз.»
Шу инсонни дафн этишаётган пайтда фавқулодда ҳодиса рўй беради. Қабр тепасида арабий ёзувлар пайдо бўлади. Битикларни фото, видео аппаратлари тасвирга муҳрлайди. Ёзувлар оломоннинг кўз ўнгида аста-секинлик билан ғойиб бўлади. Бу мўъжиза ажиб ҳикмат сифатида намоён бўлади.
Ҳар қандай буюклик бўм-бўш жойда пайдо бўлмайди. Унинг илдизи мумтоз ўтмишлардан озиқ олсагина ўзлигини намоён этади. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети аудиториясида Навоий мукофоти соҳиби Шерали Жўраев билан мулоқот ҳақидаги лавҳа ана шу фикрларимизни тасдиқлайди. Эл назарига тушган ҳофиз Навоий ёзиб қолдирган олтин сатрларни куйга солади. Нафақат ижро, балки улуғ шоир меросининг нозик шарҳидан ҳам талабаларни, китоб муаллифини мафтун этади. Очиғи, адабиётни шунчалик таҳлил қилиш, халққа тушунарли қилиб етказиш ҳамиша ҳам учрайвермайди.
«Бир умрлик сабоқ» китоби содда, самимий тилда ифода топган. Бу китобхонни ўзига тортади, қизиқишни оширади. «Қисқалик – истеъдоднинг ҳамшираси» деган нақлни амалда исботлайди. Мақсуджон тақдим этган битикни ўқиш учун алоҳида вақт ажратиш шарт эмас, уни йўл-йўлакай, уловда кетаётиб ҳам ўқиш мумкин. Ҳамкасбимиз ижодига барака тилаб, шундай жозибали китоблар яратишида омад тилаймиз.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист

Бошқа хабарлар