Халқаро форумдан нималар кутиляпти?

72

Юртимизда бўлиб ўтадиган нуфузли тадбир – Касаба уюшмалари ёшларининг халқаро форуми ўз аҳамияти билан бугун барчанинг эътиборини тортмоқда. Айни пайтда мазкур халқаро форумга дунёнинг 20 га яқин давлатидан 120 нафарга яқин вакиллар ташриф буюриши кутилаётгани ушбу тадбирга нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам катта қизиқиш билдирилаётганидан далолатдир.
Хўш, «ТЕМП» номи нимани англатади ва ушбу халқаро форум қандай мақсадни кўзлаган?
«ТЕМП» – «Трудом Едина Молодежь Проф­союзов» жумласининг қисқартмаси бўлиб, уни «Касаба уюшмалари ёшларининг меҳнат бирлиги» дея таржима қилиш мумкин. Бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, турли мамлакатлар ёшларини бирлаштириш ва ижтимоий аҳамиятли лойи­ҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишда ижтимоий ва гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш долзарб вазифага айланганини ҳисобга олсак, форумнинг аҳамияти бизга янада чуқурроқ англашилади.

 

Форумнинг мақсади – тадбирга ташриф буюрадиган хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ёш фаолларини давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари, унда касаба уюшмаларининг иштироки, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистоннинг ривожланишида муҳим ўрин тутаётган корхоналар, миллий маҳсулотларимиз билан таништириш, илмий салоҳиятни намоён этиш.

Форум доирасидаги  тадбирлар

Форумнинг биринчи кунида иштирокчилар «Афросиёб» тезюрар поездида Тошкентдан Самарқандга бориб, қадимий заминнинг бой ўтмиши ва замонавий қиёфаси билан танишади. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Ёшлар маркази биносида шаҳар ҳокими Б.Облоқулов ва касаба уюшмалари ёш фаоллари, ёш тадбиркор ва фермерлар билан учрашув, «Конигил Мерос» қоғоз фабрикасига ташриф ташкил этилади.
Ўша куни меҳмонлар учун қадимий ва муҳташам Регистон майдонида форумнинг ўзига хос маданий дам олиш қисми бўлган кечки мусиқали шоу дастури намойиш этилади.
Эртасига иштирокчилар пойтахтга қайтиб келгач, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Charos» меҳмонхона комплексида тантанали кутиб олинади. Бу ерда ҳам уларни бир-биридан қизиқарли тадбирлар қарши олади. Психологик тренинглар, қизиқарли ўйинлар орқали ўзаро танишув, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийлар кўргазмаси, Миллий либослар фестивали форум қатнашчиларига ўзгача таассурот бағиш­лаши шубҳасиз.
Шу куни кечга халқаро форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, иштирокчилар учун алоҳида сценарий асосида «ТЕМП – дўстлик форуми» номли маданий тадбир тақдим этилади.
25 июнь, яъни форумнинг учинчи куни асосий тадбирлардан бири – «Мамлакатни ижтимоий ривожлантиришда касаба уюшмалари ёшларининг ўрни: Ўзбекистон ­тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилиши белгиланган. Анжуманда хорижлик иштирокчиларнинг маърузалар қилиши, қатнашчиларнинг тақдимот асосида ўзаро тажриба алмашуви кўзда тутилган. Қолаверса, халқаро конференциянинг асосий тезислари учта секцияда муҳокама қилинади ва таклифлар тайёрланади, конференция якунлари юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади.
Аҳамиятли жиҳати, иштирокчиларга руҳий кўтаринкилик бағишлаш мақсадида жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш имконияти яратилади. Спорт мусобақаларига тайёргарлик, Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари, жаҳон, олимпия чемпионлари, гроссмейстерлар билан учрашув, мини-футбол, баскетбол, волейбол, сузиш, стол тенниси, бадминтон, шахмат, шашка бўйича дўстлик спорт мусобақалари шулар жумласидан.
Форумнинг кейинги кунида эса мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ёшлари билан учрашув бўлиб ўтади.
Гуруҳларга бўлинган ҳолда ташкил этиладиган касаба уюшмалари фаолиятида инновацион технологияларни қўллаш, касаба уюшмалари ёшларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини шакллантириш, омма олдида сўзга чиқиш ва иш берувчилар билан мулоқот қилиш қобилиятини ривожлантириш бўйича маҳорат дарслари иштирокчиларда фаолликни оширишга кўмак бериши аниқ.
Шу кунги дас­турдан Бўстонлиқнинг хушманзара табиати қўйнига сайр, ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва рассомчилик кўргазмаси билан танишиш, миллий таомлар тайёрланиши ва уларнинг намойиши, «Plov-party» тадбири ҳам жой олган.
«ТЕМП – 2019»нинг сўнгги тадбирлари бўлиб ўтадиган 27 июнь куни иштирокчиларга пойтахтимиздаги «Мустақиллик ва эзгулик монументи» пойига гул қўйиш, қатор музейлар, Тошкент Турин политехника университети ҳамда у ердаги Ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотлар технологик парки, Imzo, Artel, сrafers корхоналаридаги меҳнат шароити, ижтимоий шериклик муносабатлари билан танишиш имконияти яратилади.
Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри фойесида «OPEN-AIR» Ёшлар симфоник оркестри концерт ­дастури, Миллий чолғу асбоблари тақдимоти халқаро форум доирасидаги тадбирларга якун ясайди.
Мухтасар айтганда, халқаро форум мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар, юртимиз ва хориж тажрибаси мисолида касаба уюшмалари ёшларининг мамлакат ижтимоий ривожланишида тутган ўрни, қолаверса, Ватанимизнинг кўҳна ўтмиши ва бой маданияти ҳақида ёрқин тасаввур уйғотиш имконини беради.

Тўлқин ШЕРНАЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар